Халқаро ҳамкорлик натижалари
15.
12. 2020
20:56
7614
Янгиликлар

Шу йилнинг 11 декабрь куни Литванинг Вильнюс шаҳрида трансчегаравий аҳамиятга молик атроф муҳитни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш Эспо Конвенция ва СЭБ протоколи бўйича БМТнинг ЕИК иштирокида Конвенция томонларининг VIII йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа форматида ташкил қилинган ушбу конференцияда Эспо Конвенцияси котибияти ва БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси раҳбарияти, шунингдек, Эспо Конвенцияга аъзо давлатларининг соҳа йўналишидаги нуфузли вакиллари иштирок этди.

Конвенция томонларини «Эспо Конвенцияси ва СЭБ Протоколига мувофиқ атроф-муҳитни баҳолаш тизимларини амалга оширишда Ўзбекистон Республикасига кўмак кўрсатиш» лойиҳасининг бориши тўғрисида хабардор қилиш, шунингдек Давлат экология қўмитаси ва БМТнинг ЕИК Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офиси билан биргаликда «Миллий ва минтақавий салоҳиятларни ва ҳамкорликни кучайтириш ҳамда Марказий Осиё мамлакатларида атроф-муҳитни стратегик экологик баҳолаш» амалга ошириш мақсадида Давлат экология қўмитасининг «Давлат экологик экспертизаси маркази» давлат унитар корхонаси вакилларининг иштироки таъминланди.

«Давлат экологик экспертизаси маркази» давлат унитар корхонаси вакилларининг бўлиб ўтган йиғилишдаги иштирокининг яна бир асосий мақсади – БМТнинг Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш бўйича илғор тажрибаларини ўрганиш, БМТнинг Европа Иттифоқи мамлакатлари, шу жумладан Марказий Осиё давлатлари қонунчилик амалиётининг амалга оширилишини кўриб чиқиш.

Йиғилишда Ўзбекистон томонидан вакил бўлиб қатнашиш жараёнида халқаро экспертларнинг кейинги йилларда мамлакатимизда экология ва атроф-муҳит соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга ижобий муносабатда эканига гувоҳ бўлдик. Хусусан, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Швейцария ва Германия ҳукуматлари кўмаги билан Ўзбекистоннинг атроф муҳитга таъсирини баҳолаш соҳасидаги қонунчилигини таҳлил қилган ҳолда такомиллаштириш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳа бўйича билдирилган фикрларда бу айниқса, яққол намоён бўлди.

Халқаро конференцияда Ўзбекистонда Эспо Конвенцияси ва СЕБ протоколига мувофиқ экологик баҳолаш тизимини жорий қилиш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот бериш билан бирга ушбу тизимнинг мамлакатимиз учун аҳамиятли бўлган жиҳати ҳақида ўз муносабатимизни баён этдик.

Таъкидлаш ўринлики, мамлакатимизда айни пайтда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида халқаро ҳамкорлик масаласига катта эътибор берилмоқда. Эспоо Конвенцияси ҳам яшил иқтисодиётни кенг йўлга қўйишга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган, тан олинган халқаро ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа Иқтисодий комиссиясининг ҳамкорлиги аллақачон ўз натижаларини бермоқда. Жумладан, мамлакатимиз 2016-2017 йилларда Марказий Осиё мамлакатлари учун трансчегаравий аҳамиятга молик атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш бўйича қайта кўриб чиқилган кўрсатмаларни тайёрлашда фаол иштирок этди. Бу ўз навбатида, Эспо конвенцияси котибияти билан икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилди.

Шунингдек, ҳозирги кунда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни, шу жумладан атроф-муҳитни баҳолаш тизимини такомиллаштириш мақсадида халқаро стандартларга мувофиқ Экологик кодекс лойиҳасини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу бежиз эмас. Зеро, яшил иқтисодиётни ривожлантириш бўйича қилинаётган ишларни инобатга олган ҳолда халқаро, замонавий талабларга мос қонунчиликни такомиллаштиришни даврнинг ўзи талаб қилаяпди. Айни шу жараёнларда Эспо конвенцияси котибияти томонидан лойиҳа доирасида кўрсатилаётган ёрдам 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясида кўзда тутилган мақсадларни амалга оширишга муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

Ўзбекистон 2018 йилдан бери Эспо конвенцияси ва СЭБ Протоколига мувофиқ атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш материаллари, яъни атроф муҳитга таъсирни баҳолаш ва СЭБ тизимларини ривожлантиришни фаол қўллаб-қувватламоқда. Ўрнатилган икки томонлама шартномага мувофиқ Ўзбекистондаги замонавий атроф муҳитга таъсирни баҳолаш ва СЭБ тизимлари тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олган Кодекснинг қабул қилиниши барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва минтақанинг муҳим долзарб экологик муаммоларини ҳал қилишда, шунингдек, минтақа давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Конвенцияга мувофиқ амалга ошириладиган атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ёндашувининг ижобий томони унинг айниқса, халқаро шериклар ва инвесторлар учун шаффофлиги ва равшанлигида намоён бўлади.

Ҳар бир лойиҳага индивидуал ёндашиш атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш пайтида аниқ муддатлар ва чораларни қўллашда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга атроф муҳитга таъсирни баҳолаш материалларида якуний қарорни қабул қилишда манфаатдор томонлар ва жамоатчилик фикрларини максимал даражада кўриб чиқиш таъминланади.

Шунингдек, айрим ҳолларда атроф муҳитга таъсирни баҳолаш харажатларининг камайиши бизнесга фойда келтириши мумкин, масалан: агар скрининг натижаларига кўра фаолият унчалик катта бўлмаган таъсирга эга бўлса ёки фаолиятни режалаштирилган жойда амалга ошириш мумкин эмаслиги дастлабки босқичда аниқланса, фаолият ташаббускори атроф муҳитга таъсирни баҳолаш ва имтиҳон процедуралари учун вақт ҳамда тўлиқ молиявий ресурслар сарфламайди.

Атроф муҳитга таъсирни баҳолашдаги эҳтиёжни аниқлаш тартиби атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат органлари томонидан фаолиятни тасдиқлаш тартибини соддалаштириш орқали бизнес учун ижобий муҳит яратади. Эспо Конвенцияси талабларига жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий қонунчиликни Ўзбекистонда амалга оширишнинг қуйидаги ижобий томонларини таъкидлаш мумкин:

биринчиси, йирик хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун энг қулай шароитларни яратиш, ҳалқаро молия институтлари билан ҳамкорлик қилиш ва ҳ.к.;

иккинчиси, Конвенциянинг иштирокчилари бўлган қўшни давлатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва томонлар ўртасида тушунмовчиликлар эҳтимолини камайтириш ва келишмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида дастлабки босқичда очиқ фикр алмашиш орқали трансчегаравий экологик зиддиятларнинг олдини олиш;

учинчидан, лойиҳани амалга ошириш бўйича якуний қарорни қабул қилишда атроф-муҳит омилларининг олдиндан ҳисобга олинишини таъминлаш, режалаштирилган фаолиятнинг зарарли таъсиридан таъсирланиши мумкин бўлган ҳудудларда яшовчилар, шу жумладан, қўшни давлат ҳудудида яшовчи аҳолининг хабардор қилиш, шунингдек, тегишли атроф муҳитга таъсирини баҳолаш жараёнида ҳисобга олиниши лозим бўлган фаолиятга эътирозлар юзасидан жамоатчиликка изоҳ бериш учун имконият яратиш. Ушбу амалиёт атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва кенг кўламли экологик муаммолардан хабардорликни ошириш, шунингдек, умуман олганда, фуқаролик жамияти ва демократияни ривожлантиришга хизмат қилади.


ИСКАНДАР ИСКАНДАРОВ,
«Давэкоэкспертизаси маркази» ДУК

директори

СОҲИБ ЮЛДОШЕВ,
«Давэкоэкспертизаси маркази» ДУК
директори ўринбосари

 

Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


 

Фойдали манбалар