Монреал протоколи томонларининг 32-йиғилиши
28.
11. 2020
17:09
6208
Янгиликлар

2020 йил 27 ноябрь куни видеоконференция шаклида ташкил этилган Вена конвенцияси томонлари конференциясининг 12-йиғилиши ва Монреал протоколи томонларининг 32-йиғилишининг юқори сегментида Давлат экология қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Н.Н. Обломурадов бошчилигидаги делегация иштирок этди.

Анъанага кўра, ушбу нуфузли тадбирда протоколга қўшилган 197 давлатдан вазир ва вазир ўринбосарлари даражасидаги делегациялар, шунингдек, етакчи халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва БМТ экспертлари иштирок этади. Қатнашчилар сони ўртача 600 дан 1000 кишигача етади.

Мазкур анжуман жорий йилда Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида давом этаётган коронавирус пандемияси (COVID-19) ва унинг салбий оқибатларини инобатга олган ҳолда, Озон Котибияти таклифига биноан тадбирни онлайн тарзда ўтказиш мақсадга мувофиқ деб топилди.

Анжуман доирасида Н.Н.Обломурадов ўз нутқида сўнгги йилларда юртимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қабул қилинган муҳим ташаббуслар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси ва «Яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси тўғрисида ахборот берди.

Шунингдек, Монреаль протоколи мажбуриятларини бажариш мақсадида ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда озон қатламини емирувчи моддаларни бутунлай истеъмолдан чиқариш бўйича ишлар олиб борилаётганлиги ва 2018 йилдан бошлаб таркибида озон қатламини емирувчи моддалар мавжуд бўлган ускуналарни импорт қилиш таъқиқланганлиги маълум қилинди.

Учрашув сўнгида пандемия билан боғлиқ вазият барқарорлашганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Монреаль протоколи йиғилишини мезбон сифатида қабул қилиш бўйича музокараларни давом эттиришга тайёр эканлигини маълум қилди.

Ўз ўрнида Озон котибияти томонидан Ўзбекистон Республикаси ташаббусларини, озон қатламини муҳофаза қилиш йўлида амалга ошираётган ишларни тўлиқ қўллаб- қувватлаши ҳақида фикрлар билдирилди.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар