Чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаганлик учун жарима миқдори яна ошириладими?
13.
10. 2020
00:53
7247
Эконадзор

Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, атроф-муҳитга жиддий муносабатни шакллантириш масалаларига дунёнинг кўплаб мамлакатларида катта эътибор қаратилади. Жорий тартиб-қоидаларга риоя қилмаган фуқароларга нисбатан қатъий чоралар кўрилади.

Масалан, Испанияда машина деразасидан чиқиндини улоқтириш 200 евро, сигарет қолдиғини йўлакка ташлаш 90 евро миқдорида жарима солишга асос бўлса, Швецияда қоғозни ерга ташлаган киши 90 евро, Цингапурда 300 дан 1000 долларгача миқдордаги маблағидан жудо бўлади.

Албатта, бизда ҳам чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш ёки чиқариб қўйиш учун жазолар белгиланган. Хусусан, «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 82, 91, 123-моддаларида чиқиндини ташлаш бўйича нормалар белгилаб қўйилган. 82-моддага мувофиқ, муҳофаза қилинаётган табиий ҳудуд режимини бузса, ҳозирги кунга ҳисоблаганда 1 млн 115 минг сўм жаримага тортилади.

Фуқаро 91-моддада кўрсатилганидек ноқонуний жойга чиқиндини ташлайдиган бўлса, ҳозирги кунда 669 минг сўм жарима тўлайди. Автомашинадан чиқиндини ташлайдиган бўлса 123-моддага асосан ҳозирда 223 минг сўмгача жаримага тортилади.

Лекин шунга қарамай, баъзи юртдошларимиз чиқиндини белгиланмаган жойга, кўча-кўйга, дарахт тагига, ариқ ичига, умуман, дуч келган жойга ташлаш мумкин эмаслигини тушуниб етмаяпти. Энг ёмони, кўплаб фуқаролар ўз хонадонларида ҳосил бўлаётган маиший чиқиндиларни автотранспорт воситалари ёрдамида белгиланмаган жойларга чиқариб ташламоқда.

Масалан, маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш бўйича 2017 йилда 3 144, 2018 йилда 5 543 ва 2019 йилда 13 948 та ҳолат бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар қайд этилиб, жами 4,4 млрд сўм миқдорда жарима ундирилган. Бу борада олиб борилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, ҳали-ҳамон юқоридаги ҳолатлар афсуски, учраб турибди. Демак, ҳозирги вазият соҳадаги қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштиришни талаб этмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлган ҳужжатлардан бири «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонун лойиҳаси бўлди.

Хўш, ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳияти нимада? Бу билан қонунчилигимизда қандай янгиликлар ўрин олмоқда?

Мазкур Қонун лойиҳасининг асосий мақсади белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш учун жавобгарликни кучайтириш орқали бундай ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, фуқароларнинг атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишини назарда тутувчи конституциявий бурчига қатъий риоя этилишини таъминлашдан иборат.

Бинобарин, қонун лойиҳасига «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 911-моддаси (Белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш) санкциясидаги жарима миқдорларини ошириш, шу билан бирга, модданинг иккинчи қисмига ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроллари ва ашёларини мусодара қилиш жазосини киритиш таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, 911-модда иккинчи қисмининг санкциясида ҳуқуқбузарлик қуроли ёки ашёсини мусодара қилиш жазо тури сифатида белгиланаётгани сабабли Кодекс 245-моддасида кўриб чиқилиши маъмурий судларнинг ваколатига тааллуқли ҳуқуқбузарликлар тоифасига 911-модданинг иккинчи қисмини киритиш назарда тутилмоқда.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил октябрдаги қарорига асосан, чиқинди қутилари мажбурий равишда ўрнатилиши керак бўлган жойлар рўйхати белгиланган. Унга кўра, кўп квартирали уйларнинг подъездига кириш йўлида 1, метро, ер ости ва ер усти ўтиш жойларининг ҳар бир кириш (чиқиш) йўлида 2, кўп квартирали уйлар атрофидаги ҳудудларда, пиёдалар серқатнов ҳудудда – ҳар 50 метрдан ошмаган масофада ва одам кам жойларда – ҳар 100 метрдан ошмаган масофада 1 тадан чиқинди қутилари қўйилиши керак.

Аммо серқатнов, аҳоли гавжум бўлган ҳудудларда ҳар 50 метр, ҳар 100-120 метрда ҳам чиқинди қутилари учрамайди. Бутун бошли катта бозор ҳудудида 1-2 та қути топилади, холос. Бунинг натижасида ўткинчи йўловчилар чиқиндини ерга, дуч келган жойга ташлаб кетади.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини ва ҳордиқ чиқаришини қондириш учун мўлжалланган объектларда, автотураргоҳлар ва автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш майдончаларига кириш (чиқиш) йўлида чиқинди қутилари қўйилмагани айтилиб, бир қатор таклифлар илгари сурилди ва кўплаб саволлар кўтарилди.

Жумладан, «белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқинди ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш ҳолатлари юзага келган тақдирда фуқаронинг ҳуқуқбузарлик қуроли ёки ашёсини мусодара қилиш қанчалик тўғри бўлади», «ҳозирги кунда чиқиндиларни белгиланган жойларга ташлаш учун чиқинди ташлайдиган махсус қутилар қўйилганми», деган саволлар қўйилди.

Узоқ давом этган баҳс-мунозаралар, тортишувлардан сўнг, юқоридаги ҳолатлар инобатга олиниб, ушбу қонун лойиҳаси кун тартибидан чиқарилди.


Нодир АБДУВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

OʼzLiDeP фракцияси аъзоси

Манба: http://xs.uz/uzkr/41702

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар