Фаолият ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг “Экологик экспертизаси тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, республика ҳудудида режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик ва бошқа хил фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини белгилаш ҳамда объектини рўёбга чиқариш мумкинлигини аниқлаш мажбурий ҳисобланади.

Давлат экологик экспертизасини ўтказишни ташкил этиш бўйича ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳисобланиб, давлат экологик экспертизаси қўмита таркибидаги ихтисослаштирилган эксперт бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 октябрдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3956-сон қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари таркибида давлат экологик экспертизасини ўтказиш бўйича “Давлат экологик экспертизаси маркази” давлат унитар корхоналари 100 фоиз давлат улуши ҳисобидан таъсис этилган.

Ўзбекистонда давлат экологик экспертизасини ўтказиш бундан 23 йил аввал, яъни 1997 йили жорий этилган. Айтиш керакки, ўтган йиллар давомида ушбу йўналишда кўплаб самарали ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Давлат экологик экспертизаси маркази” ДУК томонидан 2006 йилдан 2020 йилга қадар атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг I, II, III, IV-тоифаларига мансуб бўлган корхона ва ташкилотларнинг 18 043 тасига ижобий хулосалар тақдим этилган, 4 269 тасига эса  хулосалар қайта ишлаш учун қайтарилган.