Маълумки, 1994 йил декабрь ойида БМТнинг Бош ассамблеяси қабул қилган резолюцияга асосан ҳар йили 17 июнь куни «Бутунжаҳон чўлланишга қарши кураш куни»деб эълон қилди.
Ушбу кунда дунёдаги барча мамлакатлар ерларни таназуллга учрашини камайтириш бўйича муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган қарорлар қабул қилиб, турли тадбирлар ўтказилади ва уларга аҳолинининг кенг қатламларини фаол иштирок этишини таъминлаш орқали чўлланиш ва қурғоқчиликни салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли амалий ишлар олиб борилади.
Ўтган асрнинг охирларига келиб, инсоният ғоят мураккаб экологик муаммолар қаршисида турганлигини англаб етди. Иқлим ўзгариши, озон қатламининг емирилиши, чўлланиш ва ерлар деградацияси, биохилмахиллик камайиши, ичимлик суви етишмаслиги, ўрмонлар қисқариши каби масалалар ниҳоятда долзарб аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, бугунги кунда чўлланиш дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларига тахдид қиляпти. Ачинарлиси, бу кўп жиҳатдан инсон омилига боғлиқ бўлиб, табиатдан аёвсиз фойдаланилиши оқибатида тупроқ ва шамол эррозияси чўлланиш жараёнларини янада тезлаштираяпти.
Ўзбекистон — Евросиё материгининг марказий қисмида, денгиз ва океанлардан узоқда жойлашган. У Жануб ва Шарқ томондан баланд тоғлар билан ўралган. Ёз вақтида кучли қуёш нури таъсирида қизиб кетган чўллар устида тропик тўзон ҳаво массаси шаклланади. Ҳавонинг ўртача ойлик ҳарорати 28-30 даражани ташкил қилса, энг юқори кўрсаткич 50 даражагача етади. Таассуфки, бугунги кунда республикамизнинг фақат қурғоқчил ҳудудларида эмас, балки тоғли ҳудудларда ҳам чўлланиш ҳолати кузатилмоқда.
Маълумотларга кўра, ҳозирда малакатимизнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий, Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларининг айрим ҳудудларида ҳам чўлланиш жараёнлари кузатилмоқда.
Мамлакатимизнинг 80 фоизи чўл ва ярим чўллардан иборат бўлиб, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш масалалари барқарор ривожланишни таъминлашда устувор ўрин эгаллайди. Ҳозирги вақтда қарийб 10 млн гектар яйловлар тубдан яхшиланишга муҳтож. Молларни бир яйловда қайта-қайта ўтлатиш, дарахтларни ёқилғи ва бошқа мақсадлар учун кесиш чўл зонасида дарахт-бута ўсимлигининг анча камайиб кетишига олиб келди.
Республикада кўчадиган қумлар қарийб 1 млн гектар майдонни эгаллайди ва ушбу ерларнинг икки юз минг гектари сўнгги вақтда суғориладиган майдонлар атрофида пайдо бўлган. Бу эса чўллашиш жараёнининг жадаллашувида намоён бўлувчи жиддий таҳдидни вужудга келтирмоқда. Ерлар деградацияси қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига жалб қилинган суғориладиган ҳудудларда ҳам рўй бермоқда.
Шу билан бирга, Орол денгизининг қуриган ҳудудидан туз ва бошқа минерал моддаларнинг шамол орқали тарқалиши эса экологик вазиятни мураккаблашишига олиб келди.
Айни пайтда мамлакатимизда чўлланишга қарши курашнинг Миллий дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унга асосан, ерлар деградацияси ҳажмини қисқартириш ёки унинг олдини олиш, қисман деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш, чўлланишга дучор бўлган ерларни қайта тиклаш бўйича муайян ишлар амалга оширилиши белгилаб олинган. Бинобарин, чўлланишга қарши чора-тадбирлар республикамизнинг барқарор ривожланиши асосларидан бири ҳисобланади.
Шу билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги Фармони билан тасдиқланган 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Концепциясида глобал муаммолар қаторида иқлим ўзгариши, ерларнинг чўлланиши ва деградациясининг олдини олиш каби бугунги экологик таҳдидларни юмшатиш ва сусайтириш бўйича бутунжаҳон ҳаракатининг бир қисми ҳисобланиши таъкидлаб ўтилган.
Концепцияда, атроф табиий муҳит ҳолатининг сифатини яхшилаш мақсадида 2030 йилга қадар амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар қаторида ерларнинг чўлланиш ва деградация даражасини камайтириш, ер майдонларининг сифати ва унумдорлигини қайта тиклаш, ер ресурсларини комплекс режалаштириш ва бошқаришни жорий этиш салоҳиятини яратиш, ўрмон ресурслари, яйловлар ва ер ресурсларини барқарор бошқаришни таъминлаш ҳамда Орол денгизининг Ўзбекистон томонидаги қуриган тубида дов-дарахтлар экилган майдонларни кўпайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, бугун табиат инсониятнинг бойлиги эмас, аксинча, инсон унинг бир бўлаги холос. Шу боис унга эҳтиёткор муносабатда бўлиш келажак учун қўйилган муҳим қадам эканини барчамиз яхши тушуниб етмоғимиз даркор.
З.Душанова
Навоий вилояти экология бошқармаси
Ахборот хизмати
Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати