Сирдарё туман ҳоким ўринбосари Х.Нажмуллаев буйруғи билан «Шоликор» маҳалласидаги 1 туп арча, 1 туп қайрағоч дарахтлари кесиб ташланган. Соҳа ходимлари дарахт кесаётган шахслардан тегишли ҳужжатни талаб қилганда, ҳужжатлар йўқлиги, дарахтларни кесиш учун туман ҳокими ўринбосари топшириқ берганини маълум қилган. Энди савол туғилади. Хўш бундан маҳалла раисининг хабари бормиди? «Шоликор» маҳалласи раиси Р.Абдураимов дарахтларни кесиш мумкин эмаслигини туман ҳоким ўринбосарига кўп маротаба тушунтирган бўлса-да, аммо Х.Нажмуллаев ўз ваколатини суистеъмол қилган ҳолда, «ким келса ўзим жавоб бераман» қабилида жавоб берган.
Сирдарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси назорат инспекция ходимлари томонидан туман ҳоким ўринбосари Х.Нажмуллаевга нисбатан «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун талабларига мувофиқ табиатга етказилган зарар миқдори 11 707 500 сўм ҳисобланди. Ҳозирда тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этиш учун тайёрланмоқда.
Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати