Ҳозирги кунда аҳоли ва қишлоқ хўжалиги истеъмолчилари томонидан ер ости сувларидан тўғри ва оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш масаласи тобора муаммога айланиб бормоқда. Жаҳонда юз бераётган иқлим ўзгаришининг натижасида минтақамизда ҳам сув ҳавзаларининг сувсизланиши, сув сарфининг камайиши, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш мақсадида ер ости сув манбаларидан ортиқча фойдаланиш билан боғлиқ антропоген таъсирлар кузатилмоқда.
Мамлакатимизда ҳам сувдан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни бу борадаги муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Ҳозирда республикада 97 та ер ости сув конлари аниқланган бўлиб, уларнинг умумий сув ресурслари 63,9 млн. куб м/сутка (умумий сув ресурсларининг 25%) ташкил қилади, шундан шўрлиги 1 г/л гача бўлган сувлар 25,8 млн куб м/сут (40%)ни ташкил қилади.
Мълумот учун: Ер ости сувлари минералланиш даражасига ёки эриган тузларнинг таркибига кўра 4 турга: чучук (1 г/л гача), кам шўрланган (1-10 г/л), ўрта шўрланган (10-50 г/л) ва юқори шўрланган (50 г дан юқори) турларига бўлинади.
Ер ости чучук сувлари захиралари республика бўйича бир хил тарқалмаган бўлиб, асосан Тошкент вилоятида 28 фоиз, Самарқанд 14 фоиз, Сурхондарё ва Наманган 13 фоиздан, Андижон – 12 фоиз ва Фарғонага – 8 фоиз тўғри келади ва республика ичимлик сув таъминотининг 67 фоизини ташкил этади.
Шундан, Фарғона (29,1%), Наманган (13,2%), Қашқадарё (10,8%), Самарқанд (11,5%), Тошкент (10,3%) вилоятларида ер ости сувларидан кенг фойдаланилмоқда.
Ер ости сувлардан асосан қишлоқ хўжалиги ва саноат мақсадларда кенг фойдаланилаётган бўлиб, жами 18,6 млн. куб м/сут ёки 6,8 куб км/йил миқдорида олинмоқда.
Ҳозирги ер ости сувлари мониторинги тизими 1465 кузатув қудуқларидан олинган сув намуналарининг минераллашув даражасига асосан таҳлил қилинмоқда.
Aтроф-муҳит объектларининг ифлосланиши мониторингига кўра, ер ости сувларининг асосий ифлослантирувчи моддалари саноат, қишлоқ хўжалиги ва коммунал корхоналар ҳисобланади. Республикамизнинг айрим ҳудудларида ер усти сув чиқариш тармоқлари ва дренаж тизимларининг қониқарсиз ҳолати, айрим шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ер ости сувлари сатҳининг интенсив кўтарилишига олиб келган.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 6 та ер ости сув конлари мавжуд бўлиб, улар – Қуйи Амударё, Қорақалпоқ, Устюрт, Бузайбай, Тўрткўл ва Жанубий Оролбўйи артезиан ер ости сувлари конларидан иборат. Бугунги кунда мавжуд бўлган жами 662 та эксплуатацион қудуқлар ёрдамида турли мақсадлар учун 46,41 минг м3/сут миқдорда сув олинмоқда.
Кейинги йилларда Aмударёнинг ер усти оқимининг камайиши ва ер усти сувлари сифатининг ёмонлашиши кузатилмоқда. Айниқса кам сувли даврда ер ости сувларининг минераллашуви дарёга яқин линза (ер ости сувлари қатлам)ларда 1,3-2,4 г гача ортиб бормоқда. Қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш минтақавий иккиламчи шўрланиш жараёнларининг ривожланишига сабаб бўлган. Ер ости сувларининг минераллашуви 0,6-60,8 г/л оралиқда, асосан сулфат-хлорид-натрийли тузлар билан шўрланиш кузатилган.
Қорақалпоқ ер ости сув кони ҳудудидаги каналлар сувининг камайиши оқибатида Шуманай туманида (1/3-сон кузатув қудуқда) ер ости сувлари сатҳининг 1,5-3,5 м гача пасайиши ҳамда минерал таркиб ошиши кузатилган 0,7-1,2 г/л ни ташкил этган.
Устюрт ер ости сув кони ҳудудидаги “Устюртгазкимё” комплексида (Ақшолақ участкаси) жойлашган 2з-сонли кузатув қудуғида 2019-2021 йилларда ер ости сувлари сатҳининг 1,8 м дан 5,0 м гача пасайганлиги ва минерализациясининг 2 г/л дан 8,0 г/л га кўтарилгани кузатилган.
Давлат геология қўмитаси билан биргаликда ер ости сувларининг камайиши ва ифлосланишини олдини олиш борасида назоратни кучайтириш ва жойларда экологик назорат тадбирлари ўтказиш бўйича амалий ишлар қилинмоқда. Тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланишда бўлган 3886 та ер ости қудуқлари ўрганилганда 2299 та ер ости қудуқлар тегишли ҳужжатларсиз фойдаланиб келинганлиги аниқланди.
Шундан, 2472 та (ҚР 11 та, Бухоро 1226 та, Жиззах 237 та, Қашқадарё 44 та, Навоий 310 та, Наманганда 3 та, Сурхондарё 438 та, Сирдарё 97 та, Фарғонада 16 та, Тошкент вилоятида 90 та) қудуқлар тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмасдан фойдаланиб келинаётгани, 760 та қудуқларга геологик хулосалар олинмаганлиги, 801 та қудуқларга ер ости сувларига қудуқ бурғилашга рухсатномалар олинмаганлиги, 2237 та қудуқларда техник паспорти йўқлиги, 1578 та қудуқларга сувдан фойдаланиш учун рухсатномалар олинмаганлиги ҳамда 112 та ҳолатда (Жиззахда 63 та, Навоийда 22 та, Сирдаёда 27 та) қудуқ бурғулашда қонун бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Ҳозирда аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф қилиш, қудуқларни қонуний расмийлаштирилишини таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Бугунги кунга қадар 2472 та тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмасдан фойдаланиб келинаётган қудуқлардан 1032 та қудуқлар бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиши таъминланди.
Қўшимча равишда халқ хўжалигининг барча тармоқларида сувга, хусусан, ер ости сувига бўлган эҳтиёжи кескин ошиб бораётганлигини эътиборга олиб, геология ва гидрогеология бўлинмалари томонидан қўшимча ер ости сув ресурсларини аниқлашга ҳамда ер ости сувларини мониторингини кучайтиришга қаратилган чоралар кўриш мақсадга мувофиқ саналади.
Ер ости сувларини муҳофазасини кучайтириш ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш борасида ишлар амалга оширилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2022 йил 7 декабрдаги ПҚ-439-сон қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун рухсатнома беришнинг амалдаги тартиби бекор қилинди, ер ости сувларининг кўп йиллик ўртача сув сатҳига нисбатан солиштирганда 5 метрдан ортиқ пасайиб кетган ҳудудлар (Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларининг айрим ҳудудлари) бўйича ерларни суғориш ва ишлаб чиқариш мақсадларига қудуқлар бурғилаш учун мораторий эълон қилиниб, ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш, гидрогеологик хулоса бериш ҳамда мавжуд қудуқлардан ерларни сув тежовчи технологияларсиз суғориш тақиқланди. Шунингдек, бурғиловчи субъектларга ўз тасарруфидаги бурғилаш ускуналарини GPS-трекерлар билан жиҳозлаш ва уларни доимо ишчи ҳолатда сақлаш мажбурияти юклатилди. Инспекция томонидан бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда, бурғилаш ускуналарини мусодара қилиш бўйича судга мурожаат қилиш ваколати берилди. Барча ер ости сувларидан фойдаланувчиларга олинган сувлар миқдори ҳақида ҳисобот топшириш мажбурияти юклатилиб, ер ости сув сатҳи пасайиб кетаётган ҳудудларда сувдан оқилона фойдаланиш ва сув сатҳи камайишининг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Шунингдек, Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда янги “Сув кодекси” лойиҳаси (ID-73608) ишлаб чиқилди. Унга кўра, ер ости сувларидан фойдаланиш соҳасидаги ваколатли органларга қатор вазифалар белгилаб берилиши кўзда тутилмоқда.
Табиат ресурслари вазирлиги томонидан ер ости сув манбаларининг ифлосланиши ва камайиб кетишидан муҳофаза қилиш мақсадида келгусида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган:
1) Йирик санот корхоналарида ҳосил бўладиган оқова сувларни дастлабки тозалаш тизимлари самарадорлигини аниқлаш ҳамда такомиллаштириш бўйича тадбирларни амалга ошириш;
2) Тозаланмаган оқова сувларнинг сув ҳавзаларига тўғридан тўғри ташланишини олдини олиш, ярмига камайтириш ва дастлабки тозаланган сувларни қишлоқ хўжалиги мақсадларида қайта фойдаланишни жорий этиш;
3) Саноатда айланма сув тизимини кенг жорий этиш ҳамда тозаланган сувларнинг сув айланма тизимига қайтарилиши даражасини 25 фоизга етказиш;
4) Ер ости сувлари сатҳининг пасайиши кузатилаётган ҳудудларда дарё тубини чуқурлаштириш ишларини чеклаш ва бошқалар.
Шу билан биргаликда сув фойдаланувчилари томонидан сув ҳисобини юритилиши борасида Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотларга тақдим этилиши билан боғлиқ қуйидаги ҳисоботларни жорий этиш таклиф этилмоқда:
1. Сув ресурсларининг ҳисоб-китобини аниқ юритиш, ҳар ойда ҳудудга кириб келган, чиққан ва сарфланган сувни балансини чиқариш.
2. Сув исрофгорчилигининг олдини олиш ҳамда тўғри тақсимланишига аниқлик киритиш учун SMART WATER электрон тақсимлаш тизимини кенг жорий этиш, назорат органларига сув ҳисоби тўғрисидаги маълумотларни тўғридан-тўғри олиш имкониятлар яратиш.
3. Сувдан фойдаланувчилар эса ўз навбатида Сув хўжалиги бўлимидан ажратилган чекланган сув миқдори (лимит), махсус сувдан фойдаланиш рухсатномалари, сув олишга рухсат талонлари бўйича олган сув миқдорлари ҳақида ҳар 10 кунда Сув истеъмолчилари уюшмалари (СИУ) билан ҳамкорликда назоратчиларга тегишли маълумотларни тақдим қилиш.
4. Ер ости сув қудуқларини тўлиқ электрон сув ҳисоблаш воситалари билан жиҳозлаш.
Бир сўз билан айтганда, бугун атрофимизда рўй бераётган сув билан боғлиқ экологик муаммолардан ҳар биримиз тегишли хулоса чиқариб, сувни тежаш ва исроф қилмаслик тамойилини кундалик мезонимизга айлантиришимиз зарур. Бугун бизга ҳаёт ва завқ улашаётган тоза ичимлик сувидан келажак авлод ҳам биздек баҳра олиши лозим.
Сув, ер ресурслари ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш бошқармаси