Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ходимлари 23-24 май кунлари Лодз (Польша) шаҳрида бўлиб ўтган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) 30-Экологик ва иқтисодий форумига тайёргарлик йиғилишида иштирок этди
Учрашув «COVID-19 пандемиясидан кейин барқарор иқтисодий тикланиш орқали ЕХҲТ минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш» мавзусига бағишланди.
Форумда иштирокчи давлатлар, ҳамкорлик бўйича шериклар, ЕХҲТ институтлари, халқаро ташкилотлар, бизнес ва экспертлар ҳамжамияти, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон вакиллари «Яшил ва барқарор тикланиш йўллари» сессиясида модераторлик қилди.
Учрашув давомида экологик хавфсизлик ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш, экотуризмни ривожлантириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Иқлим ўзгариши муаммоларига қарши курашиш, тоза ва иқлимга чидамли энергия ишлаб чиқиш ва унга ўтишни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида жорий йилнинг сентябрь ойида Оролбўйи минтақаси - Нукус шаҳрида БМТ шафелигида «яшил» энергия бўйича юқори даражадаги халқаро форум ўтказилиши билдирилди. Шу муносабат билан мазкур форумга халқаро ҳамжамият вакиллари таклиф этилди.
Манба: "Дунё" АА