Қўқонда нима гаплар: Янги тайинлов ва дастлабки раҳбарнинг «хурмача» қилиқларига бир назар...
20.
09. 2021
18:13
5665
Новости

2021 йилнинг 17 сентябрь куни «Тоза ҳудуд» ДУК Қўқон шаҳар филиалида иш самарадорлигини ошириш ва соҳани янада ривожлантириш мақсадида филиалга янги раҳабар тайинланди. Қўқон шаҳар филиали раҳбарлиги лавозимига илгари корхонанинг Ўзбекистон тумани филиалига раҳбарлик қилган Ҳусниддин Ғуломов номзоди тасдиқланди.

Бир қараганда, одатий ҳолдек. Ҳа нима бўлибди, собиқ раҳбар ишини эплолмаган, ўз вазифасига масъулият билан ёндошмаган дейишингиз табиий. Бу танганинг бир томони. Иккинчи томони, вазифасини ҳам эплолмаган бўлсин, майли, лекин ҳаромдан ҳазар қилмай, турли ноқонуний ўз наздида «ҳалол» йўллар билан халқ, давлат мулкини ўзлаштириш, ўмариши-чи?

Келинг, ҳаммасини бир бошдан бошлайлик.

Давлат экология қўмитаси, Чиқиндилар билан ишлаш соҳасидаги ишларни мувофиқлаштириш ва ташкил этиш бошқармаси томонидан Санитар тозалашга ихтисослашган корхоналар республика бирлашмаси ходимлари иштирокида тузилган ишчи гуруҳ жорий йилнинг 7-25 август кунлари Фарғона вилояти «Тоза ҳудуд» ДУК томонидан 2020-2021 йиллар давомида амалга оширилган ишлар самарадорлиги ва молиявий ҳолатини танлов асосида ўрганади.

Ишчи гуруҳ ўрганиш давомида корхонанинг Қўқон шаҳар филиали фаолиятида ноқонуний хатти-ҳаракатларни аниқлайди. Минг таассуфки, баъзи шахсларнинг қилган ишларини кўриб, эшитиб лол қолади, инсон.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш ва жойлаштириш бўйича «Тоза ҳудуд» ДУК Қўқон шаҳар филиали томонидан кўрсатилган хизматлар учун аҳолидан мажбурий тўловларни ундиришда филиал назоратчилари томонидан 2020-2021 йиллар давомида ишлатилган квитанциялар ҳисобини юритиш китоби, йиғма жилдлар ва уларнинг реестрлари, ундирилган нақд пулларни банк кассаларига топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар йўқ қилинган. Бу ҳақда корхонанинг Абонентлар билан ишлаш бўлими бошлиғи ва Ж мутахассиси ёзма тушунтириш хати бериб, шуни маълум қиладиларки, филиалда мажбурий тўловларнинг ундирилиши, тўлов квитанциялари ҳисобининг юритилиши, нақд пул маблағларининг инкассация қилиниши ҳолати улар томонидан 2021 йилнинг январь ойида ўрганилган. Филиалнинг собиқ раҳбари У.Ҳ. эса ушбу ҳужжатлар сақланган бинода ёнғин чиқиши оқибатида барча ҳужжатлар ёниб кетганлигини билдириб, ёнғин бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатни ёнғинга қарши курашиш органларидан олиб келиб кўрсатишини ваъда қилган. Лекин ўрганиш давомида ёнғин бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим қилинмаган.

Кўрсатилган хизматлар учун аҳолидан ундирилган мажбурий тўловлар билан боғлиқ қатъий ҳисобот ҳужжатларининг йўқ қилиниши нақд пул маблағларининг ноқонуний ўзлаштирилиши билан боғлиқ жиноятни яшириш учун қилинган ҳаракат, деб тушунган ишчи гуруҳи томонидан қарийб 20 та МФЙ истиқомат қилувчи хонадонларга ташриф буюрилиб, чиқинди учун уларда мавжуд тўлов квитанциялари фотосуратларга олинади ва «Clean city» биллинг тизимидаги маълумотлар билан таққосланади. Таққослаш натижасида 2020-2021 йиллар давомида филиал фаолияти давомида чиқинди учун аҳолидан ундирилган мажбурий тўловларнинг 74,4% белгиланган тартибда банк кассаларига инкасса қилинмасдан ноқонуний равишда ўзлаштирилганлиги аниқланди. Ғайриқонуний йўллар билан ўзлаштирилган маблағларни яшириш илинжида «Тоза ҳудуд» ДУК Қўқон шаҳар филиали мансабдор шахслари томонидан ҳужжатлар йўқ қилинган, айрим ҳолларда қалбакилаштирилган.

Филиалнинг собиқ раҳбари У.Ҳ.нинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан яна бири: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 сентябрдаги 765-сон қарори билан тасдиқланган «Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича хизматлар кўрсатишни ташкил этиш учун ҳудудларни тадбиркорлик субъектларига бириктириш тартиби тўғрисида»ги низом талабларига зид равишда, яъни Қўқон шаҳри ҳудудида қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиш хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлмасдан туриб, «Qo'qon maxsustrans service» МЧЖ ҳамда «Sanitar service Kokand» МЧЖлар томонидан аҳоли ва юридик ташкилотларга ноқонуний хизматлар кўрсатиб келинган. Энг қизиғи шундаки, «Тоза ҳудуд» ДУК Қўқон шаҳар филиалининг собиқ раҳбари У.Ҳошимов айни вақтнинг ўзида «Qo'qon maxsustrans service» МЧЖ раҳбари ҳам ҳисобланади. У.Ҳ. давлат корхонаси раҳбари бўла туриб, ўз мансаб ваколатларини суистеъмол қилгани ҳолда, қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиш хизматларини кўрсатиш бўйича шаҳардаги юридик ташкилотлар билан «Тоза ҳудуд» ДУК Қўқон шаҳар филиали ўртасида шартномалар имзоланишини таъминлаш ўрнига, ўзига тегишли бўлган «Qo'qon maxsustrans service» МЧЖ билан шартномалар тузишга киришган ва хизмат учун тўловларни «Qo'qon maxsustrans service» МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказишга эришган. Натижада «Тоза ҳудуд» ДУК Қўқон шаҳар филиали биргина 2021 йилнинг апрель ойида 66,7 млн сўм зарар кўрган. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг 7 ойида 466,9 млн сўмни ташкил этган.

Ўз нафсининг қулига айланган, айрим уддабуронлар содир этган жиноятлари учун жавобгарликка тортилишлари муқаррардир.

Ҳозирги кунда юқоридагиларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар ва ўрганиш материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.

Нима бўлганда ҳам бугун тайинланган янги раҳбарга муваффақиялар тилаган ҳолда, ўз хизмат вазифаларини адо этиш, белгиланган режаларни бажариш ва энг муҳими, хизмат сифатини яхшилаш ва халқ дуосини олиш учун шижоат кўрсатиб ишлашга чақириб қоламиз.

 

АНВАР ШЕРОВ 
waste.uz мухбири

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Полезные ресурсы