Экологик экспертиза соҳасидаги назорат
09.
08. 2021
13:21
10552
Новости

Ўзбекистон Республикасининг “Экологик экспертизаси тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, республика ҳудудида режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик ва бошқа хил фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини белгилаш ҳамда объектини рўёбга чиқариш мумкинлигини аниқлаш мажбурий ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 октябрдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3956 - сон қарорига асосан, Давлат экология қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари таркибида давлат экологик экспертизасини ўтказиш бўйича “Давлат экологик экспертизаси маркази” давлат унитар корхоналари таъсис этилган. Ушбу ихтисослаштирилган эксперт бўлинмалари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Экологик экспертиза тўғрисида”ги қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 сентябрдаги “Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги, 2014 йил 21 январдаги “Экологик нормативлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 14-сон қарорларига мувофиқ, атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг I, II, Ш ва IV тоифаларига мансуб фаолият турларини давлат экологик экспертизасидан ўтказишни ташкил қилиш, экспертизадан ўтказишга материалларни тайёрлаш ва тақдим этиш каби хизматлар амалга оширилади.

Давлат экологик экспертизасини ўтказишни ташкил этиш бўйича ваколатли орган Давлат экология қўмитаси ҳисобланиб, қўмита томонидан ушбу корхоналарнинг фаолияти тизимли равишда мувофиқлаштириб борилмоқда. Айниқса, охирги бир йил ичида айни шу йўналишда замон талабидан келиб чиқиб самарали ишлар ташкил қилинмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 сентябрдаги “Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 541-сон қарори ижросидан келиб чиқиб, 2020 йилнинг 1 октябридан Қўмитанинг eco-service.uz веб-сайти орқали давлат экологик экспертизасини ўтказиш рақамлаштирилиб, электрон ҳужжат алмашинувининг ягона тизими ишга туширилди. Мазкур ягона тизимга ҳудудий давлат экологик экспертизаси марказлари интеграция қилиниб, атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг IV тоифасига мансуб, яъни маҳаллий таъсир кўрсатадиган фаолият турлари бўйича электрон анкета шаклида аризани тўлдириш дастурий ечимлар амалга оширилди. Бунинг натижасида буюртмачиларга шахсий кабинетида тегишли йўриқномага амал қилиб, осон, қийинчиликсиз давлат экологик экспертизасидан ўтказиш учун аризани юборишига барча дастурий қулайликлар яратилди.

Ушбу тизим ишга тушгандан сўнг ариза ва атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш материалларини ёзма равишда қабул қилиш тўлиқ тўхтатилиб, барча ишлар электрон кўринишда амалга оширилмоқда. Мазкур янгилик буюртмачиларга вақт, масофа каби қатор масалаларда қулайлик яратиш билан бирга инсон омилининг аралашувини ҳам чеклади, яъни шаффофлик таъминланиб, юзага келиши мумкин бўлган коррупцион ҳолатларнинг олди олинмоқда.

Яна бир муҳим янгилик шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг юқорида айтиб ўтилган қарори билан 2020 йил Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 1 декабрдан I ва II тоифаларга мансуб объектлар фаолиятини атроф муҳитга таъсирини баҳолашда жамоатчиликнинг мажбурий иштирокини таъминлаш тизими жорий этилди.

Шунингдек, қарор иловаси билан фаолиятини атроф муҳитга таъсирини баҳолаш жараёнида жамоатчилик эшитувини ўтказишнинг аниқ механизмлари тасдиқланди.

Қарорга асосан давлат экологик экспертизаси бўйича хулосалар бажарилиши мониторингини олиб бориш режа-графиги ишлаб чиқилди. Шунингдек, лойиҳа материалларини ишлаб чиқувчи корхоналарининг ягона электрон базасини юритиш ҳамда уларнинг баҳолаш (рейтинг) тизимини жорий этиш йўлга қўйилди.

Халқаро даражадаги экспертлар билан хорижий тажриба асосида атроф-муҳитни баҳолаш тизимини ҳалқаро талабларга мувофиқлаштириш бўйича амалга оширилган ишларга кўра иккита янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бу қонунларнинг амалиётга тадбиқ этилиши натижада мамлакатимзнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, хорижий инвестор ва халқаро молия институтларига тушинарли бўлган экологик экспертизаси тизимини жорий этиш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг асосланмаган беҳуда харажатларини олдини олиш имкони яратилади.

Давлат солиқ қўмитасининг базасига мувофиқ республика ҳудудида фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар 352,7 мингтани такшил этиб, шундан давлат экологик экспертизасига жалб қилинган корхоналар сони 78,5 мингтани ташкил этмоқда.

Республика бўйича 2018 йилдан 2021 йилнинг биринчи ярим йиллик якунига қадар жами I-IV тоифаларга мансуб бўлган корхона ва ташкилотларнинг 85,0 мингта атроф муҳитга таъсир кўрсатиш тўғрисидаги материаллар бўйича давлат экологик экспертизаси хулосалари берилган ҳамда экологик меъёрлар ўрнатилган.

2021 йилнинг I ярим йиллик ҳолатига атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I, II тоифаларига мансуб фаолият турлари бўйича жами  1 032 та лойиҳалар давлат экологик экспертизаси экспертлари томонидан кўриб чиқилиб, 794 та лойиҳани рўёбга чиқариш бўйича ижобий хулоса берилди, 224 та лойиҳалар қайта ишлаш учун юборилди, 14 та лойиҳани рўёбга чиқариш рад этилди.

Давлат экология қўмитасининг ҳудудий экологик экспертиза марказлари томонидан эса III ва IV тоифаларига мансуб жами 10 060 та хўжалик юритувчи субъектларига давлат экологик экспертизаси хулосалари тақдим қилинган, шундан 9 440 тасига ижобий, 613 та лойиҳа қайта ишлаш учун юборилди. 7 та лойиҳани рўёбга чиқариш рад этилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш керакки, Қўмита томонидан экологик экспертиза соҳасидаги назорат суслаштириб юборилгани йўқ, балки амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда ва тизимли равишда амалга ошириб келинмоқда.

Каттақўрғондаги тери маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонаси билан боғлиқ масалага тўхтайдиган бўлсак, айни кунда ушбу ҳолат ҳам тўлиқ Давлат экология қўмитаси томонидан назоратга олинган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу корхонага давлат экологик экспертизасининг хулосаси берилмаган. Корхона фаолияти атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I тоифасига мансуб (юқори даражада хавфли) бўлишига қарамасдан бу ерда ишлар бошланганидан сўнг экологик экспертиза хулосасини олиш учун Давлат экология қўмитасига мурожаат қилган.

Ушбу мурожаатга асосан Самарқанд вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Каттақўрғон шаҳар инспекция ходимлари томонидан мурожаатда келтирилган ҳолатлар жойига чиқиб ўрганилганда умуман амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ эмаслиги маълум бўлди. Масалан, “Kattakurgan Charm” МЧЖ томонидан Каттақўрғон шаҳрида режалаштирилаётган қорамол тери хом ашёсидан “WETBLUE” (чарм) маҳсулотини ишлаб чиқариш корхонаси аҳоли турар хонадонлари билан қуйидагича чегараланади: шимолдан – 50 метр; жанубдан – 200 метр; шарқдан – 15 метр. Маҳсулотни ишлаб чиқариш биносидан ҳисобланганда: шимолдан – 250 метр; жанубдан – 300 метр; ғарбдан – 100 метр; шарқдан 70 метрни ташкил этади.

Ушбу масофа “Ўзбекистон Республикаси аҳоли яшаш жойларидаги атмосфера ҳавосини ҳимоя қилишнинг санитария меъёр ва қоидалари” (13.11.2017 йил СанПИНРУз 0350-17-сон)да белгиланган талабларига мутлақо тўғри келмайди. Мазкур ҳужжат (6.1.7. боб, III даража, 2-банд)га асосан санитария муҳофаза зоналари ҳайвон маҳсулотларини қайта ишлаб чиқариш фаолияти учун 300 метр қилиб белгиланган.

Айни шу каби ҳолатлар эътиборга олиниб, “Давлат экологик экспертизаси маркази” ДУК томонидан 2021 йил 2 июлдаги 01/10-06-91-сон хат билан “Kattakurgan Charm” МЧЖга режалаштирилаётган фаолият турини амалга ошириш учун муқобил жой танлаши мақсадга мувофиқлиги бўйича ёзма тарзда жавоб берилган.

Шунингдек, режалаштирилаётган фаолият тури учун муқобил жой танланганидан сўнг атроф-муҳитга таъсири тўғрисидаги лойиҳадаги режалаштирилган ишларни амалга оширишда қонунчиликда белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этилиши юзасидан қатъий кўрсатмалар берилди. Хусусан:

Ўзбекистон Республикасининг “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 24-моддаси ва санитария қоидалари ҳамда меъёрларидан келиб чиқиб, объект атрофида санитария-муҳофаза зонасини ташкил қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 30 октябрдаги Фармонига биноан асосий (ташкиллаштирилган) турғун манбалардан чиқувчи ташланма миқдорини таҳлил қилувчи автоматик тизимлар билан жиҳозлаш;

Ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндиларни қайта ишлаш ёки утилизация қилиш учун ихтисослаштирилган корхоналарга, оқова сувларни туман оқова сув тозалаш ташкилотларига топшириш юзасидан тегишли шартномаларни тузиш;

Объект ҳудудида ҳосил бўладиган ёмғир ва қор сувларини суғориш ариқлари тармоғига ташлашдан олдин уларни муаллақ моддалардан тозалаш чораларини кўриш;

Сувдан самарали фойдаланиш ва кимёвий моддалар истеъмолини камайтириш мақсадида хром таркибли оқова сувларни алоҳида тозалаш ва технологик жараёнда қайта фойдаланиш учун рекуператорни ўрнатиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабригача давлат ўрмон фондига киритилмаган қимматбаҳо дарахт ва бута турларининг кесилишига қарши мораторий жорий этилганлигини инобатга олган ҳолда ўз фаолиятини амалга ошириш;

Лойиҳалаштиришнинг кейинги босқичида юқоридаги тадбирларнинг корхона томонидан бажарилиши юзасидан ҳудудий экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекциясининг ёзма тасдиғи ва корхона томонидан атроф-муҳитни ифлослантирувчи манбаларни устидан мониторинг ўтказиш дастури тақдим этилиши шартлиги кўрсатилди.

Шунингдек, режалаштирилган биринчи босқич лойиҳа материалларини ишлаб чиқишда корхонанинг жойлашиш харитаси (ситуационная карта) тегишли ҳудудий Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси раҳбари ҳамда инспекцияси томонидан тасдиқлаб берилиши лозимлиги ҳам белгиланди.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


 

Полезные ресурсы