«Эколог ҳам одамми?» сарлавҳаси остидаги билдирилган мурожаат юзасидан муносабат
24.
07. 2021
12:30
5992
Новости

Давлат экология қўмитаси ижтимоий тармоқларда “Эколог ҳам одамми?” сарлавҳаси остидаги билдирилган мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Қўмита тизими ходимларига ойлик маошлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида” 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон қарорига мувофиқ давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар ходимлари учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сеткаси разрядларига мувофиқ ҳисобланади.

Яъни мурожаатда баён этилгандек “3-3,5 млн сўм бюджетдан доимий маош тайин қилиш” Давлат экология қўмитасининг ваколат доирасига кирмайди.

Таъкидлаш жоизки, ходимларининг ойлик маошларидан ташқари уларга Давлат экология қўмитасининг Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2020 йил июнь ойидан бошлаб ҳар ойда Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ходимларига йўлкира ва овқатланиш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда ҳар ойлик компенсация тўловлари узлуксиз тўланмоқда.

Шу билан бирга юқорида баён этилган Вазирлар Маҳкамаси қарори 4-банди 2-хатбошига асосан ўз вазифаларини виждонан, шунингдек алоҳида муҳим ва масъулиятли ишларни бажараётган ходимларни, шу мақсадларга икки ойлик меҳнат ҳақи фонди миқдоридаги маблағларни йўналтирган ҳолда мукофотлаш белгиланганган бўлиб, ҳудудий бошқармаларнинг йиллик тасдиқланган бюджет смета ҳаражатларида режалаштирилган бўлиб, ҳар чорак якунлари бўйича 0,5 оклад миқдорида тўловлар амалга оширилади.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” 1999 йил 3 сентябрдаги 414-сон қарорига мувофиқ ҳудудий бошқармаларда бюджетдан ташқари Ривожлантириш жамғармаси мавжуд бўлиб, ҳудудий бошқармалар раҳбарлари байрам кунларида — Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги куни, Конституция куни, 8-март куни, Наврўз, Янги йил, диний байрамларда («Рўза ҳайит» (Ийд-ал-Фитр) ва «Қурбон ҳайит» (Ийд-ал-Адҳа) ходимларни моддий рағбатлантириши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” 2017 йил 15 июндаги 375-сон қарорига мувофиқ табиатни муҳофаза қилиш ҳақидаги қонун ҳужжатлари бузилишини (ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш билан боғлиқ аниқланган қонун бузилишлари бундан мустасно) аниқлаган экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат инспекторлари ва бошқа шахслар юридик ҳамда жисмоний шахслардан Давлат экология қўмитасининг Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармасига ундириладиган жарима ва пул маблағлари суммасидан қонунчиликда белгиланган миқдорда мукофотланади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида” 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086-сон қарорининг 34-банди б-қисмига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари мос равишда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетидан молиялаштирилади.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Полезные ресурсы