Хоразм вилояти. Амударё ҳавзасида эконазорат рейдлари
11.
06. 2021
19:44
4741
Новости

Браконьерликни касб қилганларнинг ўзига хос ҳаракати шундаки, улар ё тонг отиш арафасида, ёки ярим тунда, хуллас, ақлирасо одамлар мириқиб дам оладиган вақтда ноқонуний овга чиқишади. Қилмишни қоронғуликда ҳеч ким кўрмайди, махсус муҳофизлар ҳам ғафлат уйқусида бўлади, деб ўйлашади.

Буни яхши англаган Хоразм вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг туманлардаги инспекциялари ходимлари эса ҳушёрликни янада оширишяпти. Натижада браконьерларнинг ўзлари инспекторларга «ўлжа» бўлганини сезмай қоляпти. Лекин табиат ҳимоячиларининг хизматга бундай ёндашуви қўриқланадиган ҳудуд кундуз куни назоратсиз қолишини англатмайди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Янгибозор туман инспекцияси бошлиғи Иззат Қўчқаровнинг алоҳида таъкидлашича, сутканинг ёруғ пайтлари жамоатчилик кўмагида браконьерларни бартараф этиш нисбатан қулайроқ. Бошқа вақтларда инспекторларга фаол қаршилик кўрсатиш – талабга бўйсунмаслик ҳолатлари ҳам учраб туради. Албатта, бундай ҳолларда экология инспекторлари маъмурий баённома расмийлаштириш ва жарима ундириш билан чекланишмайди.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, Хоразм вилоятида фаолият кўрсатувчи экоинспекторлар томонидан жорий йил биргина июнь ойининг ўтган даврида 31 та ҳуқуқбузарлик аниқланган. Шундан 23 та ҳолат бевосита инспекторларнинг саъй-ҳаракати билан очилиб, қоидабузарларга нисбатан 24,5 млн сўм жарима қўлланилди. 8 та ҳолатда табиатга етказилган зарар бўйича тўпланган ҳужжатлар суд органларига киритилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунида овга рухсат этиладиган муддатлар аниқ кўрсатиб қўйилган. Айни шу талабларда балиқ ови мавсуми ҳам белгилаб берилган. Унга кўра, Амударё ва Сирдарёда балиқ овлаш 10 мартдан 1 июнга қадар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти сув ҳавзаларида эса 11 июнга қадар таъқиқланган. «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасининг талабномаси асосида Давлат экология қўмитаси таъқиқ даврини узоғи билан 15 кунга чўзиш ҳуқуқига эга. Модомики, 25 июнга қадар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти сув ҳавзаларида саноат мақсадида балиқ овлаш мумкин эмас.

Шу муносабат экологлар балиқларнинг ноқонуний овланишига қарши кураш бўйича режали тадбирларни ташкил қилдилар. Назорат рейдлари айниқса Амударё дельтасида куну тун олиб борилди. Натижада ов мавсуми ёпиқ пайтда 27 та браконьерлик ҳолати аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан 34 млн сўмлик жарима ва табиатга етказилган зарарлар белгиланди.

Акваторияда назорат олиб боришнинг муайян мураккабликлари борлиги ҳеч кимга сир эмас. Бунда моторли қайиқлар ва бошқа ёрдамчи ускуналарнинг доим соз ҳолда бўлиши талаб этилади. Шунингдек, браконьерлар қочиши – беркиниши мумкин бўлган йўналишларни олдиндан тахмин қила билиш ҳам самарадорликнинг асосий мезонларидан биридир. Дарвоқе, ов мавсуми ёпиқ пайтида эконазорат инспекторларидан бошқа ҳеч кимнинг сувга моторли қайиқ туширишга ҳаққи йўқ.

Дарҳақиқат, Давлат экология қўмитаси ходимларининг моторли қайиқда дарё акваториясини айланиб юришининг ўзи қанчадан-қанча браконьерларнинг ғаразли мақсадини чиппакка чиқаради. Шунинг учун ҳам инспекторлар ўз хизматини куну тун олиб боришади.

Хоразм вилояти

Хоразм вилояти

Хоразм вилояти

Хоразм вилояти

Хоразм вилояти

Хоразм вилояти

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Полезные ресурсы