Ўзбекистон табиатининг биологик ва ландшафтлар хилма-хиллиги миллий бойлигимизнинг ажралмас қисми бўлиб, зиммамизда бу меросни авлодларга хилма-хил ва барқарор тизим кўринишида қолдиришдек улкан ва масъулиятли вазифа турибди.
Айтиш керакки, она диёримиз табиати ўрмонлари, яйловлари, сув ҳавзалари, тўқайзорлари, чўллари, деҳқончилик қилинадиган ер майдонлари — агротсенозлари, аҳоли яшайдиган қишлоқ ва шаҳар экотизимлари билан ўзига хос бўлиб, улар ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёси билан ажралиб туради. Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эса ноёб, камсонли, йўқолиб кетиш арафасида турган тирик организмлар ва уларнинг яшаш муҳитини сақлаб қолишда алоҳида аҳамиятга эга.
Она табиатимизга бўлаётган айрим ножўя муносабатлар эртанги кун тақдирини ўйлаган ҳар қандай инсонни бефарқ қолдирмайди. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаган ҳолда миллий боғлар, қўриқхоналар, буюртмахоналар каби миллий бойликларимизни асраб-авайлаш барчамизнинг муҳим вазифамиздир.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда 7 та қўриқхона (уларнинг умумий майдони 186,335 га), 1 та мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси (майдони 628 300 га), 2 та биосфера резервати (умумий майдони 111 670 га), 4 та миллий табиат боғлари (умумий майдони 555 154,5 га), 1 та «Дўрмон» миллий боғи (32,4 га), 11 та табиат ёдгорлиги (умумий майдони 3 803,1 га), 12 та буюртма қўриқхона (умумий майдони 572,404 га), 1 та Бухоро ихтисослаштирилган «Жайрон» питомниги (умумий майдони 16 522 га), ўрмон хўжаликлари ва ўрмон ов хўжаликлари (умумий майдони 11,5 млн. га) мавжуд.
Био хилма-хилликни барқарор сақлашни таъминлайдиган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (МEТҲ)ларнинг умумий майдони (VI-тоифадан ташқари) 13,5 млн. гектарни ташкил этади. Биосфера резерватлари ва I-V тоифадаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ўз ичига олган ҳудудлар майдони 2,074 млн. га ёки республика умумий майдонининг 4,6% ни ташкил этади. Шу билан бирга, давлат қўриқхоналари ва табиат боғларининг умумий майдони 741 489,5 га ни ташкил этади ёки республика ҳудудининг 1,65% фоизига тенг.
Шу ўринда айтиш керакки, мамлакатимизда биохилма-хилликни асрашга қаратилган қонунчилик базаси яратилган. Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги, «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ўрмон тўғрисида»ги Қонунлари шулар жумласидандир.
Шунингдек, Ўзбекистон Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенция (1995), Асосан сувда сузувчи қушларнинг яшаш жойи сифатида халқаро аҳамиятга молик сув-ботқоқ майдонлари тўғрисидаги Конвенция (Рамсар конвенцияси, 2001), Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир Конвенция (Бонн конвенцияси, 1998) сингари биохилма-хилликни сақлашга оид энг муҳим халқаро конвенцияларга ҳам аъзо бўлган.
Албатта, юртимизда бундай қонунчилик базасининг шакллангани ва бу йўналишда қатор амалий ишларнинг амалга оширилаётгани қувонарли ҳол. Аммо, шу билан бирга бой табиий мерос ва умумбашарий қадриятлар, замонавий маданият, иқтисодиёт, фан, техника ютуқларига асосланган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг тўлиқ репрезантатив тизимини яратиш Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичида муҳим шартлардан бири ҳисобланади.
Айни бу каби жиҳатлар ва қолаверса, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар биологик хилма-хилликнинг сақланишига асос эканини эътиборга олиниб, бу борада маълум амалий ишлар қилинмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг «2021-2028 йилларда Ўзбекистон Республикасининг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш ва кенгайтириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, шу йилнинг 4-19 август кунлари давомида regulation.gov.uz порталига муҳокама учун жойлаштирилди.
Мазкур лойиҳадаги ҳужжатга кўра, эндиликда «2021-2028 йилларда Ўзбекистон Республикасида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш ва кенгайтириш дастури»;
«2021-2028 йилларда Ўзбекистон Республикаси муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларини ривожлантириш Йўл харитаси»; «2021-2028 йилларда Ўзбекистон Республикасида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларини қайта ташкил этиш, кенгайтириш ва янги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этиш бўйича Йўл харитаси» тасдиқланади.
Ушбу лойиҳа ҳужжат билан қатор ташкилот ва муассасаларга аниқ вазифалар ҳам белгилаб бериш кўзда тутилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Йўл хариталарида келтирилган тадбирларнинг масъул ижрочилар томонидан амалга оширилишини мувофиқлаштириб боришни таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда жорий йил якунига қадар давлат қўриқхоналарида флора ва фаунани ўрганиш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган илмий-тадқиқот ишларининг истиқболли режасини, Гидрометеорология хизмати маркази (Ўзгидромет) ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда жорий йил якунига қадар «2021-2025 йилларда давлат қўриқхоналаридаги эталон экотизимларда табиат жаараёнларининг табиий кечиши мониторинги Дастури»ни ишлаб чиқиб, тасдиқлайди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ҳокимликлари эса тегишлилиги бўйича янги ташкил этиладиган ва мавжуд муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини кенгайтириш мақсадида ер участкаларнинг ажратилишини ва ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтказиб, давлат кадастрига киритилишини таъминлайди.
Ҳужжат лойиҳасида қайд қилинганидек, мазкур дастурда берилган вазифаларнинг комплекс ҳал этилиши минтақанинг экологик барқарорлиги ва яхлитлигига эришиш ҳамда мамлакат биологик хилма-хиллигининг узоқ муддатгяли сақланишини таъминлаб беради.
Сардор АБДУЛЛАЕВ,
«Давлат экологик экспертизаси маркази»
бош мутахассиси
Манба: http://uza.uz/oz/society/tabiiy-ududlarni-....
Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати