Қадрли юртдошлар! Сизларни ўзининг бетакрор файзу таровати, қувонч ва шукуҳи билан жонажон юртимизга кириб келаётган янги 2023 йил билан самимий муборакбод этамиз!
31.
12. 2022
21:36
3091
Новости

Янги йил байрами нафақат йил тақвимининг ўзгариши, балки умримизнинг, фаолиятимизнинг ўзига хос йиллик сарҳисобини қилиш, хулосалар чиқариш, бир-биримизга энг эзгу тилакларни билдириш, яхши ниятлар билан келажак режаларини тузиш ва янги мавсумни бошлаш айёми ҳисобланади. 

Ҳурматли Президентимизнинг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси барчамизни кириб келаётган янги 2023 йилни улкан режалар, эзгу орзу-ниятлар билан бошлашга даъват этади.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, жамиятимизда юксак экологик маданиятни шакллантириш,  яшил иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш орқали жонажон Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш бугунги кунда долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги 
“Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси негизида 2023 йил 1 январдан бошлаб Табиат ресурслари вазирлиги ташкил этилмоқда.

Фармонга мувофиқ, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси – Ўрмон хўжалиги агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази - Гидрометеорология хизмати агентлиги шаклида қайта ташкил этилиб, Табиат ресурслари вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда.

Албатта, амалга оширилаётган ушбу маъмурий ислоҳотлар зиммамизга масъулиятли вазифалар юклаш билан бирга келгусида янги-янги ўзгаришларни амалга ошириш бўйича катта имкониятлар ҳам яратади. 

Президентимиз томонидан «Инсонга эътибор ва сифатли таълим» йили деб эълон қилинган Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлашга қаратилган барча ислоҳотлар шу муқаддас замин аҳолисининг энг эзгу ниятларининг амалга ошишига хизмат қилсин!

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизга сиҳат-саломатлик, келгуси ишларида янгидан-янги муваффақиятлар, хонадонларга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака, бахту саодат тилаймиз!

Янги йилингиз муборак бўлсин!

Ўзбекистон Республикаси Экология 
ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш 
давлат қўмитаси жамоаси

Полезные ресурсы