ТОШКЕНТ ШАҲРИДА АТМОСФЕРА ҲАВОСИНИНГ ИФЛОСЛАНИШИНИ ОЛДИНИ ОЛИШ БЎЙИЧА АМАЛИЙ ЧОРАЛАР КЎРИЛАДИ
20.
09. 2022
16:57
3592
Новости

Хабарингиз бор, ижтимоий тармоқлар орқали Тошкент шаҳар Халқ депутатлари кенгашининг 16.09.2022 йилдаги “Тошкент шаҳрини кўкаламзорлаштириш бўйича бош режасини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинганлиги маълум қилинди.
  
Ушбу муҳим ҳужжат билан, 2023-2027 йилларда Тошкент шаҳрини кўкаламзорлаштириш бўйича Бош режа тасдиқланган бўлиб, унга кўра ҳар йили 7 млн га яқин мавсумий гуллар ва 75 мингдан кам бўлмаган миқдорда дарахт кўчатлари ва буталар экилиши белгиланган.
  
Шу ўринда, ўсимлик дунёсининг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишдаги ўрнига тўхталиб ўтмоқчи эдик. 
Ҳавони табиий равишда тозалайдиган ягона восита – бу яшил дарахтзорлардир. Фотосинтез жараёнида бир гектар яшил дарахтзор ажратадиган кислород 200 кишининг бемалол нафас олиши учун етарли бўлади. Шунинг билан бирга, ушбу жараёнда ўсимлик ҳар соатда 8 кг гача углекислота газини ютади. Бошқача қилиб айтганда, шаҳар ҳавосининг оптимал миқдорда сақланиб туриши учун ҳар бир одам бошига 50 кв.метр яшил дарахтзор бўлиши лозим. Шу сабабли, мазкур ҳужжатда 2024 йилга келиб пойтахтни яшиллик даражасини 30%га етказиш мақсад қилиб қўйилган.
  
Санитария мақсадида яшил дарахтзорлар барпо этилаётганда ҳудуднинг шамол режими ва унинг характери, атмосферага ташланаётган чиқиндиларнинг миқдори, ер сатҳидан баландлиги, химиявий ва физикавий таркибини эътиборга олиш лозим.

Шу билан бирга ҳужжатда, атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага мансуб бўлган корхоналарининг атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи стационар манбаларида самарадорлиги 95%дан паст бўлмаган чанг ва газларни тутиб қолувчи қурилмаларнинг ўрнатилиши ҳамда атмосфера ҳавосининг ифлосланишини олдини олиш бўйича амалий чоралар кўрилиши белгиланган.
  
Таъкидлаш жоизки, пойтахтдаги йирик саноат корхоналаридаги мавжуд 684 та чанг-газ тозалаш ускуналарининг 358 таси ёки 52% дан ортиғи сўнгги 10 йилдан ортиқ даврда ишлаётган бўлиб, модернизация қилинмаган. Кислородни энг кўп истеъмол қилувчилар ҳам айнан саноат корхоналари ҳисобланади.
  
Шу мақсадда, 2022-2023 йилларда Ҳукумат даражасида тасдиқланган чора-тадбирлар Дастурига асосан жорий йилнинг ўзида Тошкент шаҳридаги 14 та корхонада 31 та янги чанг-газ тутиб қолиш ускуналарини ўрнатиш ва модернизация қилиш белгиланган.
  
Яна бир қувонарли маълумот, Тошкент шаҳрида атмосферага саноат корхоналаридан ташламалар йилдан йилга камайиб бормоқда. Давлат статистика қўмитасининг 10.06.2022 йилдаги маълумотига кўра, атмосфера ҳавосига умумий ташламаларнинг миқдори 2019 йилда 74,5 минг тонна, 2020 йилда 33,7 минг тонна ва 2021 йилда 29,0 минг тоннани ташкил қилган.

Эслатиб ўтамиз, мазкур қарор 2022 йил 16 сентябрдан эътиборан кучга кирди.

Давлат экология қўмитаси  Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бошқармаси

Полезные ресурсы