Европа тикланиш ва тараққиёт банки  Ўзбекистонда  экологик лойиҳани  амалга оширишга кўмаклашади
02.
09. 2022
00:53
3408
Новости

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Нарзулло Обломурадов ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг Ядро хавфсизлиги департаменти директори Балтазар Линдауэр ўртасида мамлакатимизнинг    Чоркесар ва Янгиобод махсус полигонларини рекультивация қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш бўйича грант лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида Битим имзоланди. 

7 млн еврога тенг грант шартномасини имзолаш маросими 2022 йил 1 сентябр куни ЕТТБнинг Лондондаги штаб-квартирасида бўлиб ўтди. 

2021 йилда Давлат экология қўмитаси ва  ЕТТБ ўртасида консультатив ёрдам кўрсатилиши учун 2 миллион евро миқдоридаги биринчи битим имзоланган эди. Жами 9 миллион евро миқдоридаги грант лойиҳаси банк томонидан Марказий Осиё учун Aтроф-муҳитни реабилитация қилиш экологик ҳисоби махсус фонди ҳисобидан молиялаштирилади.

Грант лойиҳаси доирасида 2022-2025 йиллар давомида махсус участкаларини экологик соғломлаштириш ва рекультивация қилиш  тадбирлари амалга оширилади.

Холисона ўтказилган экспертиза ҳамда хавф-хатарлар ва маҳаллий шароитларни комплекс экологик баҳолаш асосида мутахассислар ҳудуднинг рекультивация қилиш, қурилиш-монтаж, изоляция ва ҳимоя ишларини олиб бориш бўйича энг хавфсиз ва мақбул вариант ва режаларни танлаган.
Рекультивация ишлари 2023 йилнинг биринчи чорагида бошланиши режалаштирилган бўиб, тахминан икки йил ичида якунланади.

Лойиҳа доирасидаги қурилиш ва реабилитация ишлари маҳаллий ва германиялик мутахассислар иштирокида амалга оширилади.

Таъкидлаш жоизки, ижтимоий йўналтирилган мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши ушбу ҳудудларнинг экологик холатини  яхшилашда катта ўрин тутади. Яқин келажакда санитария-экологик вазиятни яхшилаш ҳудуднинг барқарор ривожланишига, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларга қўшимча инвестициялар жалб этилишига, шунингдек, ҳудудларнинг туристик  ва экотуристик салоҳиятини ривожлантиришга, маҳаллий аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга хизмат қилади. 

Учрашув якунида  лойиҳани амалга ошириш бўйича томонларнинг мажбуриятлари юзасидан келишиб олинди.

Давлат экология қўмитаси Матбуот хизмати

Полезные ресурсы