Дарё ўзанларини тозалаш, қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмалардан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди
08.
07. 2022
16:01
3677
Новости

Сенатнинг 28-ялпи мажлисида дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан Ҳукуматга парламент сўровини юбориш масаласи кўриб чиқилди.

Ҳукумат томонидан дарё ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш, ер ости сувларига қудуқ бурғилаш, улардан самарали ва оқилона фойдаланиш бўйича “йўл харита”лари ишлаб чиқилиб, уларга мувофиқ муайян ишлар амалга оширилган.

Хусусан, сув ҳавзаларида жойлашган дарё ўзанларини тозалаш ва норуда қум-шағал конларини тасарруф этаётган тадбиркорлик субъектларини ўрганиш мақсадида экологик назорат тадбирлари ўтказилган. Ушбу тадбир доирасида ўзбошимчалик билан фаолият олиб борган 58 нафар ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан 444 млн сўм маъмурий жарима қўлланилган.

Сенаторлар олиб борилаётган ишлар билан бир қаторда бу борада сақланиб қолаётган муаммоли масалалар ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Жумладан, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳудудларида назорат мосламаси (репер), чегара ҳудудларини кўрсатувчи бетон қозиқлар, тальвег контурлари туширилган топохарита ўрнатиш, қирғоқларни босқичма-босқич мустаҳкамлаш ҳамда маркшейдерлик назоратини йўлга қўйиш каби ишлар етарли даражада амалга оширилмаганлиги қайд этилди.

Мутасадди вазирлик ва идоралар қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалар ижросини лозим даражада таъминламаганлиги сабабли ҳудудларда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан белгиланмаган жойлардан қум-шағал аралашмаси ноқонуний ва нотўғри қазиб олинмоқда.

Бу ер усти ва ер ости сувларининг камайиб кетишига, сувни муҳофаза қилиш зоналари ботқоқлашиши ва ифлосланишига, қирғоқларнинг емирилишига, қирғоқлардаги ўсимликлар флораси камайишига, ўрмонзорлар қисқаришига, шунингдек, тупроқларнинг деградацияга учрашига, транспорт ва гидротехника инфратузилма объектларининг авария ҳолатига келиб қолишига олиб келган.

Дарё ўзанларининг кенгайиши натижасида сувнинг парланиши ҳамда фильтрациясининг ортиши ҳисобига қишлоқ хўжалиги экин майдонлари ва аҳоли томорқаларини сув билан таъминлаш даражаси пасаймоқда.

Бундан ташқари, дарёларнинг муҳофаза минтақаларида тош майдалаш цехлари жойлашган бўлиб, улардан чиқаётган оқова сувлар тўғридан-тўғри тиндирилмасдан дарёга оқизилиши натижасида дарё сувининг нефт маҳсулотлари, темир ва муаллақ моддалар билан ифлосланиш даражаси ортиб бормоқда.

Муҳокама якунида ушбу масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юбориш тўғрисида Сенатнинг қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Полезные ресурсы