Халқаро учрашувда Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ экологик оқибатларини юмшатишга эътибор қаратилди
06.
06. 2022
14:39
3931
Новости

   Ўзбекистон Республикаси делегацияси Швециянинг Стокгольм шаҳрида бўлиб ўтган “Стокгольм+50: бутунжаҳон фаровонлиги учун соғлом сайёра – бу бизнинг масъулиятимиз ва имкониятимиз” Халқаро учрашувида иштирок этди.

Стокгольмдаги учрашувда 137 мамлакатдан делегациялар, шу жумладан, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, вазирлар ва вазир ўринбосарлари, шунингдек, 30 дан ортиқ халқаро ташкилотлар, БМТ таркибий бўлинмалари ва кўп томонлама экологик конвенциялар раҳбарлари қатнашди.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари мамлакатнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, қаттиқ чиқиндиларни бошқариш, экологик мувозанат ва Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш борасидаги асосий ютуқларига эътибор қаратдилар. Хусусан, “Рақамли даврда барқарор ривожланиш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси” мавзусидаги алоҳида сессияда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Б.Абидов нутқ сўзлади.

Ўзбекистонда бошқа тадбирлар билан бир қаторда, Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст жамғармаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва минтақада экологик инновациялар ва технологиялар зонасини яратиш ҳисобига Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ экологик оқибатларини юмшатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Шунингдек, Стокгольм форуми доирасида Ўзбекистон делегацияси Бирлашган миллатлар ташкилотининг атроф-муҳит бўйича дастури раҳбарияти, Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича Конвенция котибият, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро Иттифоқи, ЕОК атроф-муҳит бўйича Бошқармаси, Глобал экология жамғармаси, Швеция атроф-муҳит агентлиги, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг атроф-муҳит бўйича дирекцияси, Швеция чиқиндиларни бошқариш ассоциацияси, Швеция атроф-муҳит институти, шунингдек, турли мамлакатлар делегацияларининг бир қатор вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст жамғармасининг Ўзбекистондаги фаолияти, шу жумладан, халқаро ёрдамни жалб этган ҳолда минтақада экологик инновациялар ва технологиялар зонасини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлари юзасидан тақдимотлар ўтказди.

Бир қатор ҳамкорлар 2022 йилда Нукусда бўлиб ўтадиган юқори даражадаги Биринчи Оролбўйи халқаро форумида иштирок этишга, шунингдек, минтақада барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган рақамли трансформация ва инновацион технологияларни жорий қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни кўриб чиқишга тайёр эканликларини билдирди.

ЎзА

 

Полезные ресурсы