Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига очиқ хат
09.
02. 2022
09:58
3918
Новости

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг расмий веб-сайти бўлган journalist.uz да “Қонунбузарлар жазосиз қолаверадими?” сарлавҳаси билан эълон қилинган мақолада кейинги пайтларда юртимизнинг турли ҳудудларида дарахтларнинг бетонланиши ва асфальтланиши билан боғлиқ ҳолатларнинг кўпайиб бораётгани ҳақида сўз юритилиб, била туриб бундай ишларга “бош-қош” бўлаётганларга нисбатан керакли чоралар кўриш учун амалдаги қонунчиликни кучайтириш лозимлиги таъкидланибди.

Аввало, шуни айтиш керак, чиндан ҳам охирги вақтларда дарахтлар тагини шафқатсизларча бетонлаб ва асфальтлаб ташлаш афсуски, кўп кузатилмоқда. Мақолада тўғри қайд қилинганидек, кўп ҳолларда ижтимоий тармоқлар ва ОАВда бонг урилганидан кейин экоинспекторлар назорати остида ўша жойдаги дарахтларнинг таги очилмоқда. Бунинг учун жонкуяр журналист ва блогерлар, юртдошларимизга миннатдорлик билдирган ҳолда эндиликда ушбу оғриқли ҳолат ҳам Давлат экология қўмитаси томонидан назоратга олинаётганини маълум қиламиз, яъни ҳудудларда ўтказилаётган экологик тадбирлар давомида нафақат дарахтларнинг кесилиши, балки уларнинг бетонлаб ёки асфальтлаб ташланиши ҳам доимий кузатув-назоратга олиниб, тегишли тартибда чоралар кўриб борилиши режалаштирилмоқда.

Барчага маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда ҳам экология ва атроф-муҳит масаласига давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда. Узоққа бормайлик, давлатимиз раҳбари раислигида шу йилнинг 2 февраль куни чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиш ҳам бунга бир мисолдир. Ушбу йиғилишда Президент Ш.Мирзиёев халқимиз азалдан табиатни муқаддас деб билган, тупроқни, сувни, ҳавони, остонасини пок сақлашга интилган, “Бирни кессанг, ўнни эк” деган доно мақоли ва оилада янги фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экишдек асрий қадриятлари бўлган халқимизда айрим эзгу одатлар бугун деярли йўқолиб кетаётганини афсус билан таъкидлаб, аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳақида жиддий бош қотиришимиз зарурлигига энг муҳим масала сифатида эътибор қаратиши фикримизча, кенг жамоатчилик учун ҳам масъулиятли вазифа юклади.

Шу нуқтаи назардан олганда, Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси қошидаги Экожурналистлар кенгашининг бугунги куннинг оғриқли масалаларидан бири юзасидан муносабат билдириши жуда ўринли. Мақолада билдирилган “қурувчи, тадбиркор ва бошқалар қачонгача дарахтларга озор етказишади, уларнинг қилган хатосини экоинспекторлар қачонгача тузатишади?” деган ҳақли саволлар албатта, узоққа бормасдан, амалий тарзда ўзининг аниқ жавобини топади. Зеро, мамлакатимизда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўлида амалга оширилаётган бутунлай янги ислоҳотлар жараёнида бевосита соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш, қонунларнинг самарадорлигини ошириш, ижросини таъминлаш каби кўплаб эзгу мақсадлар кўзда тутилган.

Тўғри, бу масалада яқин ва узоқ келажакни эмас, балки бугунни ўйлаб ҳам иш тутмасак, кўзлаган мақсадимизга эришишимиз қийин кечади. Шу боис, юқорида таъкидлаганидек, Давлат экология қўмитаси томонидан ҳудудларда олиб борилаётган экологик тадбирлар давомида нафақат дарахтларнинг кесилиши, балки уларнинг бетонлаб ёки асфальтлаб ташланиши ҳам доимий кузатув-назоратга олиниб, тегишли тартибда чоралар кўриб борилиши режалаштирилмоқда. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар аллақачон бошланган.

Фурсатдан фойдаланиб, Давлат экология қўмитаси она табиатга, атроф-муҳитга бефарқ бўлмаган барча инсонларга миннатдорлик билдирган ҳолда доимий ҳамкорликка чорлаймиз. Зотан, “Бирники мингга” деган нақлни фақат ва фақат ижобий маънода қўллаб, биргаликда ҳаракат қилсак, албатта, натижага эришамиз.

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Полезные ресурсы