Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
01.
01. 2022
10:56
5281
Событие

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Сўнгги йилларда аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда. Қимматбаҳо навли дарахт ва буталар кесилишига мораторий жорий қилиниши, дарахт кесганлик ҳолатлари учун жарима ва компенсациялар миқдорининг оширилиши шулар жумласидандир.

Бироқ, масъул ташкилотларнинг амалга оширилаётган ишларга сусткашлик билан ёндашиши ҳамда айрим шахсларнинг ўсимлик дунёси объектларига бўлган тажовузкор ҳаракатлари, шу жумладан, дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ ҳолатлар умумэкологик вазиятнинг ёмонлашишига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, инвестицион фаоллик суръатларининг, жумладан, саноат ишлаб чиқариш, қурилиш, урбанизация ва бунёдкорлик кўламининг кескин кенгайиши аҳоли пунктларига тушаётган экологик юкламани камайтириш механизмларини такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Дарахт, буталар ва яшил ҳудудларни муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг майдонларини кенгайтириш, ушбу соҳада масъул ташкилотлар фаолиятини янада самарали ташкил этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5863-сон фармонида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида:

1. Бутун мамлакат миқёсида дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган қуйидагиларни назарда тутувчи “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилсин:

дарахтларни экиш ва парвариш қилиш соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш;

илмий ёндашувлар асосида ҳудудларнинг тупроқ-иқлим ва бошқа хусусиятларини аниқлашга қаратилган тадқиқот ва таҳлилларни амалга ошириш ҳамда бунинг натижасида ҳудудлар кесимида республика харитасини ишлаб чиқиш;

кўчатхоналар сонини кўпайтириш, тупроқ унумдорлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳудудлар иқлимига мос хорижий манзарали дарахтларни маҳаллийлаштириш;

ҳудудларда “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”ни барпо этиш;

дарахтларни суғориш тизимини қайта кўриб чиқиш, унинг самарали фаолиятини таъминлаш;

ҳар бир дарахтни парвариш қилиш учун масъул бўлган шахсларни белгилаш, бу борада рағбатлантириш механизмларини кенг жорий этиш;

дарахтларни шикастлантириш ва нобуд қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш, мазкур йўналишда жамоатчилик назоратини янада ошириш.

2. Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилсин.

Белгилансинки, мораторий даврида амалдаги чеклов ва мажбуриятлар билан бирга қўшимча равишда:

а) ҳуқуқбузарларга:

мораторий талабларини бузганлик учун маъмурий жарималар миқдори беш бараварга;

дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш ва шикастлантириш билан ўсимлик дунёсига етказилган зарар учун ундириш суммалари икки бараварга оширилган ҳолда қўлланилади;

б) мораторий талабларини бузган қурилиш-пудрат ташкилотларининг “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидаги даражаси (рейтинг баҳоси) бир поғона пасайтирилади. Бунда:

даражаси (рейтинг баҳоси) бир поғона пасайтирилган қурилиш-пудрат ташкилотлари бир йил мобайнида даражасини (рейтинг баҳосини) кўтариш имконидан маҳрум бўлади;

даражасини (рейтинг баҳосини) бир поғонага пасайтириш имкони бўлмаган қурилиш-пудрат ташкилотлари бир йил муддатга қурилиш-пудрат ташкилотлари электрон рейтингидан тўлиқ чиқариб ташланади;

в) янги қуриладиган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни лойиҳалаштиришда уларга туташ ҳудудларнинг кўкаламзорлаштириш (дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни экиш) майдонлари лойиҳа учун ажратиладиган ер участкалари умумий майдонининг 25 фоизидан кам бўлишига йўл қўйилмайди (эксплуатация муддатини ўтаб бўлган ва маънан эскирган бино ва иншоотларни реновация қилиш бундан мустасно);

г) давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларини кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш ёки йўқ қилишни назарда тутувчи кўрсатмаларни ўз ичига олган ҳукумат фармойишлари, баённомалар, ёзма топшириқлар, идоравий ҳужжатлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг кўрсатмалари ва қарорларини қабул қилиш қатъиян тақиқланади.

3. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда – Давлат экология қўмитаси) уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларини кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш ёки йўқ қилишни назарда тутувчи лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаганлик учун лойиҳа институтларининг жавобгарлигини белгилаш;

дарахтлар ва буталарни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикаст етказганлик, бошқа жойга кўчириб ўтказганлик ҳамда парвариш қилмаслик оқибатида уларнинг қуриб қолиши учун жавобгарликни кучайтириш.

4. Жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида 2022 йил 1 апрелдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

аҳоли томонидан Ички ишлар вазирлиги ва Давлат экология қўмитасининг махсус ахборот тизимига юборилган, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосурат ва видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари акс эттирилган фотосурат ва видеоёзувларга тенглаштирилади ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади;

ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги фотосурат ва видеоёзувларни юборган шахслар ҳар бир тасдиқланган ҳолат бўйича ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварига тенг миқдордаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Бунда, ҳуқуқбузарлик тегишли органлар томонидан бевосита аниқлангандан сўнг келиб тушган хабарлар бўйича рағбатлантириш амалга оширилмайди;

рағбатлантириш ҳуқуқбузарлик бўйича биринчи хабар берган шахсга нисбатан қўлланилади;

ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича фотосурат, видеоёзув ва хабарларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди;

рағбатлантириш маблағлари ундириладиган жарималарнинг тегишли органлар ҳисобида қолдириладиган қисмидан қоплаб берилади.

5. Белгилансинки, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги хабарлар “102” тезкор қисқа рақами ёки “Эконазорат” ахборот тизими орқали қабул қилинади.

Давлат экология қўмитаси Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура билан биргаликда икки ой муддатда давлат экологик назоратининг замонавий механизмларини жорий этиш юзасидан Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

6. Давлат экология қўмитаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 сентябрга қадар қуйидагилар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган “Яшил макон” платформасини ишга туширсин:

ҳудудларнинг тупроқ-иқлим хусусиятлари, уларда мавжуд дарахтлар сони, тури ва жойлашуви, шаҳарларнинг кўкаламзорлаштирилганлик даражаси;

аниқ ҳудуд (туман (шаҳар), маҳалла ва ер участкаси) кесимида аҳолининг шахсий ташаббуси асосида дарахтлар экилиши мумкин бўлган манзиллар ва дарахтларнинг турлари;

аниқ ҳудуд ва ҳар бир дарахт кесимида дарахтларни кесиш, шу жумладан, санитария мақсадида кесиш учун берилган рухсатномалар;

аниқ ҳудуд ва ҳар бир дарахт кесимида дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ва кўчириш бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар ва улар бўйича кўрилган чоралар.

7. Қуйидагилар:

2022-2024 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда “яшил боғлар”ни барпо этиш дастури 1-иловага мувофиқ;

2022-2024 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда янги ҳамда маданият ва истироҳат боғлари негизида ташкил этилаётган “яшил жамоат парклари” рўйхатлари 2а ва 2б-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

8. Белгилаб қўйилсинки:

а) “яшил боғлар” шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида дарахтзор ва бутазорларни барпо этиш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, парвариш қилиш, муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг маҳсулдорлигини оширишга хизмат қилади;

б) “яшил жамоат парклари” идоравий мансублигидан қатъи назар, бино, иншоотлар, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш объектлари, шу жумладан, аттракционлар қурилиши тақиқланган ҳамда аҳоли сайил қилишига мўлжалланган дарахтзор ва бутазорлардан иборат бўлади;

в) қуйидаги тадбирларни молиялаштириш Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади:

“Яшил макон” платформасини яратиш ва фаолиятини таъминлаш;

дарахтларни бириктириш, хусусан тегишли кўчирмалар бериш;

г) “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”ни ташкил этиш, сақлаш ва ривожлантириш тадбирларини молиялаштириш маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари, ҳомийлик ва грант маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

д) “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари” жойлашган ер участкалари:

уларнинг мулкдорлари, эгалари, фойдаланувчилари ва ижарачилари тасарруфида бўлади;

уларнинг мулкдорлари, эгалари, фойдаланувчилари ва ижарачилари белгиланмаган бўлса, “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари” улардан фойдаланувчи ёки уларга хизмат кўрсатувчи тегишли давлат органлари, муассасалари ва корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилади;

е) туманлар (шаҳарлар) марказий кўчаларини кўкаламзорлаштиришда:

экиладиган дарахт ва бута кўчатларининг кўкарувчанлигини таъминлаш учун суғориш тизими мавжуд бўлмаган ерларга ҳамда ёши 5 йилдан кам бўлган кўчатларнинг экилиши тақиқланади;

бир турдаги дарахт ва бута кўчатларини экиш орқали “каштан кўчаси”, “чинор кўчаси” каби намунавий кўчаларнинг ташкил этилишига устувор эътибор қаратилади;

ж) 2022 йил 1 мартдан бошлаб дарахт ва буталарнинг зараркунандалари ҳамда касалликларига қарши курашиш тадбирларига маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 2 фоизигача миқдордаги маблағлар ажратилади.

9. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда:

ҳар йили куз ва баҳор мавсумларида кўчат экиш ва сақлаш ишларини ташкил этиш бўйича “яшил ҳафталик” тадбирлари ўтказиб борилишини таъминласин;

телевидение ва ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланган ҳолда, ёшлар ва бошқа кўнгиллиларни дарахт экиш, парваришлаш ишларига фаол жалб қилиш тадбирларини ташкил қилсин.

10. Белгилансинки:

“яшил ҳафталик” тадбирларида бажариладиган барча ишлар ва ўтказиладиган тадбирлар ихтиёрий равишда амалга оширилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан аҳолига бепул кўчат тарқатиш учун маҳалла фуқаролар йиғинларига кўчатлар етказиб беради ҳамда “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”га дарахт экиш мақсадида келган фуқароларни кўчат экиш учун зарур жиҳозлар билан таъминлайди;

кўкаламзорлаштириш ишларида алоҳида ташаббус кўрсатган шахсларни Давлат экология қўмитаси томонидан “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони билан тақдирлаш амалиёти жорий этилади.

11. Барча туманларда (шаҳарларда) туман (шаҳар) ҳокими, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи, ирригация бўлими бошлиғи, қурилиш бўлими бошлиғи ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғидан иборат намунавий таркибда ирригация ва суғориш тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича ишчи гуруҳлар тузилсин.

Ишчи гуруҳлар икки ой муддатда туманлар (шаҳарлар) марказларида ободонлаштириш объектларининг суғориш тизимларини, шу жумладан, ариқлар, насослар, қудуқлар, суғориш қувурлари ва ер ости сув чиқариш қудуқларини хатловдан ўтказиб, уларни жорий таъмирлаш, қайта тиклаш ва тозалаш чораларини кўрсин.

12. Қуйидагилар:

2022-2026 йилларда туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари тасарруфидаги кўкаламзорлаштириш ҳудудларига суғориш тизимларини ва сув чиқариш қудуқларини ташкил этиш бўйича дастур 3-иловага мувофиқ;

2022-2026 йилларда туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармаларини махсус техника ва механизмлар билан жиҳозлаш параметрлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Бунда, мазкур махсус техника ва механизмлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 июндаги ПҚ-4351-сон қарори билан тасдиқланган 2020-2024 йиллар даврида туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармаларини махсус техника ва механизмлар билан жиҳозлашнинг йиғма параметрларига қўшимча равишда ажратилади.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматовга, зарур ҳолларда, мазкур банд билан тасдиқланган иловаларга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг асосланган таклифларига мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.

Мазкур бандда белгиланган тадбирлар 2022 йилда республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетларига ажратиладиган ссуда маблағлари ҳисобидан, 2023 йилдан бошлаб маҳаллий бюджетлар ҳисобидан амалга оширилади.

13. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг қуйидаги таклифлари қўллаб-қувватлансин:

аҳоли пунктларида қаровсиз қолган дарахтларни сақлаш ва парвариш қилиш ҳамда “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”ни кўкаламзорлаштириш, шу жумладан, уларнинг ҳудудида дарахтларни экиш, сақлаш ва парвариш қилиш ишларига ишсиз шахсларни, биринчи навбатда, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни фаол жалб қилиш;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг маблағлари ҳисобидан туман (шаҳар) ҳокимликлари буюртмаларига мувофиқ ҳар йили куз ва баҳор мавсумларида кўчат экиш тадбирларини молиялаштириш.

14. 2022 йил 1 мартдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

ўсимликлар дунёси объектлари давлат кадастри таркибида республиканинг барча ҳудудларидаги ва ҳар қандай турдаги дарахтларнинг ҳисобини юритиш ҳамда уларни бириктириш учун “Дарахтлар реестри” тизими жорий этилади;

юридик шахслар – аҳоли пунктидаги бинолар ва иншоотларнинг мулкдорлари ёки улардан фойдаланувчилар, шу жумладан, ижарага олувчилар ўзига бириктирилган дарахтларни сақлаш ва парвариш қилиш учун масъул ҳисобланади;

ҳар бир юридик шахс – аҳоли пунктидаги бинолар ва иншоотларнинг мулкдори ёки улардан фойдаланувчига экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органи томонидан туташ ҳудудлардан келиб чиққан ҳолда унга бириктириладиган барча дарахтлар бўйича “Дарахтлар реестри”дан ягона кўчирма берилади;

туташ ҳудудлардаги бириктирилган дарахтлар бўйича “Дарахтлар реестри”дан кўчирма мазкур дарахтлар ва улар жойлашган ер участкаларига нисбатан ҳеч қандай ҳуқуқни келтириб чиқармайди.

15. Давлат экология қўмитаси:

а) республикадаги давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларнинг тўлиқ рақамлаштириш йўли билан хатловдан ўтказилишини қуйидаги тартибда таъминласин:

2023 йил 1 мартга қадар – Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Наманган, Андижон ва Жиззах вилоятлари бўйича;

2023 йил 1 сентябрга қадар – Қорақалпоғистон Республикаси ва республиканинг бошқа вилоятлари бўйича.

Бунда, Давлат экология қўмитасига учувчисиз учиш аппаратларидан (дронлардан) фойдаланиш ва уларни тўловсиз учириш ҳуқуқи берилади;

б) юридик шахслар – аҳоли пунктидаги бинолар ва иншоотларнинг мулкдорлари ёки улардан фойдаланувчиларга туташ ҳудудлардаги бириктирилган дарахтлар бўйича “Дарахтлар реестри”дан кўчирмалар берилишини қуйидаги тартибда таъминласин:

2023 йил 1 сентябрга қадар – Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Наманган, Андижон ва Жиззах вилоятлари бўйича;

2024 йил 1 мартга қадар – Қорақалпоғистон Республикаси ва республиканинг бошқа вилоятлар бўйича;

в) Кадастр агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда аҳоли пунктидаги бинолар ва иншоотларнинг мулкдорлари ёки улардан фойдаланувчиларга туташ ҳудудлардан келиб чиққан ҳолда дарахтларни бириктириш ва “Дарахтлар реестри”дан кўчирма бериш тартибини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин;

г) ҳар йили камида бир маротаба янги экилган дарахтларни бириктириш бўйича қўшимча хатловларни амалга оширсин ва “Дарахтлар реестри”дан кўчирмалар бериб борилишини таъминласин.

16. Барча давлат органлари ва ташкилотлари:

уч ой муддатда ўз ҳудудларидаги дарахтлар сони ва тури ҳақида маълумотларни Давлат экология қўмитаси томонидан белгиланадиган шакл асосида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларига тақдим этсин;

ҳар чоракда бир марта, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10-санасига қадар ўзлари томонидан янги экилган дарахтлар сони ва тури бўйича маълумотларни Давлат экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларига мажбурий тартибда тақдим этиб борсин.

17. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси 2023 йил 1 сентябрга қадар давлат ўрмон фондига кирадиган дарахтлар тўлиқ рақамлаштириш йўли билан хатловдан ўтказилишини таъминласин ҳамда хатлов натижаларини “Дарахтлар реестри” тизимига киритиш учун Давлат экология қўмитасига тақдим этсин. Бунда, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига учувчисиз учиш аппаратларидан (дронлардан) фойдаланиш ва уларни тўловсиз учириш ҳуқуқи берилади.

18. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳузурида хўжалик ҳисобидаги “Яшил ҳудуд” давлат унитар корхонаси ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий корхоналари ташкил этилсин.

Қуйидагилар “Яшил ҳудуд” давлат унитар корхонасининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

манзарали дарахт ва буталар кўчатларини етиштириш бўйича ихтисослаштирилган кўчатхоналарни ташкил этиш;

республикада “яшил боғлар”ни кўпайтириш;

сув тежайдиган технологияларни қўллаган ҳолда суғориш ишларини амалга ошириш;

дарахтзорларни парвариш қилиш ва зараркунандаларга қарши курашиш ишларини олиб бориш;

жисмоний ва юридик шахсларга шартнома асосида хизмат кўрсатиш.

19. Кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш ҳамда “Яшил ҳудуд” давлат унитар корхонаси фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппаратида бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони доирасида кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича раис ўринбосари – “Яшил ҳудуд” давлат унитар корхонаси директори лавозими ва 5 нафар штат бирлигидан иборат Яшил ҳудудларни ривожлантириш бошқармаси ташкил этилсин.

20. Мазкур фармонга 1-иловага асосан “яшил боғлар”ни ташкил этиш ишлари бўйича:

лойиҳачи этиб – “Ўрмонлойиҳа” лойиҳалаш институти;

пудратчи этиб – “Яшил ҳудуд” давлат унитар корхонаси ва унинг ҳудудий корхоналари белгилансин.

21. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси:

бир ой муддатда “Яшил ҳудуд” давлат унитар корхонаси ва унинг ҳудудий корхоналари уставлари белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин;

доимий асосда “Яшил ҳудуд” давлат унитар корхонасининг буюртмаларига мувофиқ шартнома асосида ўз тизимидаги ўрмон хўжаликлари томонидан манзарали дарахт ва буталарнинг юқори сифатли кўчатлари етказиб берилишини таъминласин;

икки ой муддатда Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармасининг қўшимча даромадларини жалб қилиш ҳамда қўшимча манбалардан келиб тушадиган маблағларни ҳудудларда “Яшил боғлар” барпо этишга йўналтириш бўйича асосли таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

22. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тегишли халқ депутатлари Кенгашларига икки ҳафта муддатда умумий майдонининг 60 фоизида кўкаламзорлаштириш объектлари мавжуд бўлган истироҳат боғлари, парклар ва тематик хиёбонларга ҳамда уларни ишончли бошқарув ва ижарага олган, инвестицион мажбуриятларини белгиланган муддатларда амалга ошириб бораётган ва солиқ қарздорлиги мавжуд бўлмаган тадбиркорларга нисбатан ушбу фаолият тури бўйича юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ставкаларига камайтирувчи коэффициентларни қўллаш масаласини кўриб чиқиш учун киритсин.

23. Мазкур фармонга 22-бандда назарда тутилган субъектлар учун Солиқ кодексининг 414 ва 428-моддаларига асосан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича имтиёзлар берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

24. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Давлат экология қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси кенг жамоатчилик, илмий-тадқиқот институтлари ва хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда:

а) 2022 йил 1 майга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи “Тошкент шаҳри – яшил майдон” ғоясини ўз ичига олган Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

2026 йилга қадар Тошкент шаҳрида кўкаламзорлаштириш майдонларини халқаро стандартларга мувофиқ кенгайтириш ҳамда уни дунёнинг етакчи яшил шаҳарларидан бирига айлантириш;

биохилма-хилликни асраш, тиклаш ва кўпайтиришнинг аниқ тизимини яратиш;

кўкаламзорлаштириш юзасидан қўйилган вазифаларни амалга ошириш бўйича институционал базани, шу жумладан, алоҳида тузилмаларни (лойиҳа офисларини) шакллантириш;

аҳолининг кўкаламзорлаштириш ишларидаги фаолиятини рағбатлантириш механизмларини жорий этиш;

2022-2026 йилларда Тошкент шаҳрини кўкаламзорлаштириш дастурини тасдиқлаш;

б) 2022 йил 1 сентябрга қадар Тошкент шаҳрини кўкаламзорлаштириш бўйича бош режани ишлаб чиқсин ва унинг белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин.

25. Яшил ҳудудларни ривожлантириш, кўкаламзорлаштириш ва кўчат экиш ишларини тизимли ташкил этиш бўйича “йўл харитаси” 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

26. Олий Мажлис палаталарига Давлат экология қўмитасининг ахбороти асосида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижроси юзасидан ҳудуд раҳбарлари фаолиятига баҳо бериб бориш тавсия этилсин.

27. Давлат экология қўмитаси икки ой муддатда:

давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

28. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Давлат экология қўмитаси билан биргаликда ушбу фармоннинг аҳамиятини ва уни амалга ошириш жараёнини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борсин.

29. Мазкур фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                             Ш.МИРЗИЁЕВ


Тошкент шаҳри,
2021 йил 30 декабрь

 

Манба: https://uza.uz/uz/posts/respublikada-...

 

 


 

Полезные ресурсы