«Давлат экологик экспертизаси маркази» ДУК томонидан онлайн тарзда йиғилиш ўтказилди. Zoom платформаси орқали ташкил қилинган йиғилишда ҳудудий экспертиза марказларининг раҳбарлари ва ходимлари ҳам иштирок этди.
Йиғилишда асосий эътибор давлат экологик экспертиза марказлари олдида турган муҳим масалалар ечимига қаратилди. Давлатимиз раҳбари раислигида 2021 йилнинг 24 август куни ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижросидан келиб чиққан ҳолда соҳа фаолиятини янада такомиллаштириш, давлат экологик экспертизаси хулосаларини беришда энг аввало, қонунийликка эътибор қаратган ҳолда иш юритиш кераклиги бўйича сўз юритилди.
Қайд этилганидек, Давлат экология қўмитасининг ихтисослаштирилган эксперт бўлинмалари томонидан атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг юқори (I), ўрта (II), паст (III) ва маҳаллий (IV) тоифаларига мансуб фаолият турларини давлат экологик экспертизасидан ўтказишни ташкил қилиш, экспертизадан ўтказишга материалларни тайёрлаш ва тақдим этиш каби хизматлар амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 сентябрдаги 541-сон қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 октябрдан давлат экологик экспертизасидан ўтказишнинг электрон ҳужжат алмашинуви тизими ишга туширилди. Бу билан ариза ва атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш материалларининг қоғоз шаклда қабул қилиниши тўлиқ тўхтатилиб, уларни ҳамда тўловларни электрон кўринишда амалга ошириш, автоматлаштирилган ҳужжатлар ижроси кузатувини юритиш, соҳа йўналишида методик ёрдам кўрсатиш, давлат экологик экспертизаси хулосаларини бериш бўйича рақамлаштирилган интерактив хизмат жорий этилди. Ушбу ягона тизимга ҳудудий давлат экологик экспертизаси марказлари интеграция қилиниб, атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг IV тоифасига мансуб, яъни маҳаллий таъсир кўрсатадиган фаолият турлари бўйича электрон анкета шаклида аризани тўлдириш дастурий ечимлар амалга оширилди.
Онлайн семинарда ихтисослаштирилган эксперт бўлинмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, тақдим қилинаётган лойиҳаларни белгиланган тартибда ўз муддатида ва сифатли бажариш лозимлигига урғу берилди.
Мулоқот давомида таклифлар алмашилиб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати