Глобал яшил ўсиш институтининг (GGGI) Марказий Осиёда ягона бўлган ваколатхонасини очиш юзасидан битим имзоланди
04.
06. 2021
18:05
4504
Международное сотрудничество

2021 йил 4 июнь куни «5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳит куни» доирасида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) ўртасида баён этилган институтнинг Марказий Осиёда ягона бўлган ваколатхонаси очилиши, шунингдек, Институтнинг имтиёзлари, иммунитетлари ва ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги битим имзоланишига бағишланган видео мулоқот шаклидаги учрашув ташкил этилди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқаро шартномага қўшилиш тўғрисида»ги (Глобал яшил ўсиш институтини таъсис этиш тўғрисидаги битимга қўшилиш) 2019 йил 7 февралдаги ПҚ–4164-сон қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Глобал яшил ўсиш институти (GGGI)га аъзо бўлди.

Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) – 2012 йил 20 июндаги БМТнинг Рио-де-Жанейро (Бразилия) конференциясида таъсис этилган халқаро ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланиб, БМТ Бош Ассамблеясида кузатувчи мақомига эга, бош штаб квартираси Сеул шаҳрида жойлашган. Институт Ассамблеяси Президенти ва Кенгаши Раиси БМТнинг собиқ Бош котиби Пан Ги Мун ҳисобланади.

Ҳозирги кунда Глобал яшил ўсиш институти дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларида 54 та лойиҳани амалга оширмоқда, унинг 38 та аъзоси (Буюк Британия, Норвегия, Австралия, Дания, Корея Республикаси ва бошқ.) мавжуд, Ташкилот Яшил Иқлим Жамғармаси (ЗКФ) томонидан молиялаштириш имкониятига эга бўлган хорижий давлатлар учун лойиҳа таклифларини ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлайди, ҳозирги кунда улардан 5 таси маъқулланган (Эфиопия, Фиджи, Индонезия, Мўғулистон ва Руанда). Институт томонидан қиймати 1,3 млрд АҚШ доллари миқдорига тенг лойиҳа концепциялари ишлаб чиқилган. Шундан ЗКФ (Зеленый климатический фонд) ҳиссаси 640 млн АҚШ долларидан ошади.

Давлат экология қўмитаси ҳамда Глобал яшил ўсиш институти томонидан қиймати 5,65 млн АҚШ доллари миқдоридаги Орол денгизи таназзули салбий оқибатларини бартараф этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг экологик тикланиши бўйича 2021-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорликдаги биринчи лойиҳасини амалга оширишни бошлаш жорий йилнинг июль ойида режалаштирилган. (Мазкур лойиҳа Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) грант маблағлари ҳисобига молиялаштирилади)

Ҳозирда, Глобал яшил ўсиш институтининг (GGGI) Ўзбекистонда доимий фаолият олиб борувчи ваколатхонасини очиш ва унга расмий дипломатик мақом бериш чоралари кўрилмоқда. (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ҳамда Марказий осиё давлатларида Институт ваколатхонаси мавжуд эмас)

Шунингдек, Республикада яшил тикланиш, иқлим ўзгариши, чўлланишга қарши курашиш борасидаги ҳамкорлик грантлари доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларни шакллантириш ва амалга татбиқ этиш, Глобал яшил ўсиш институти билан ҳамкорликда «яшил иқтисодиёт», қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгариши, шаҳарларда яшил зоналарни барпо этиш, чиқиндиларни бошқариш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш юзасидан тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Полезные ресурсы