Чиқиндини ахлат қутисига ташланг, ижтимоий тармоққа эмас!
02.
12. 2020
15:11
6426
Новости

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда турли мазмундаги мурожаатлар кўпайиб қолди. Уларнинг аксариятида кундалик ҳаётдаги камчиликлар, етишмовчиликлар баён этилган. Албатта, тегишли идора ва ташкилотлар томонидан муаммолар атрофлича ўрганилиб, бартараф этилаяпти. Аммо…

Масаланинг иккинчи томони ҳам бор-да, яқинда ижтимоий тармоқда ўқиб қолдим, «Кўча бурилишида икки челак ахлат тўкилган, масъуллар қаерга қараяпти, буни қачон бартараф этишади?» Бундай маданиятсизликдан асло кўз юмиб бўлмайди, албатта. Аммо ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган видео ёки фото мурожаатни кўриб, баъзан кишининг энсаси қотади. Ўйлаб қоласиз, «энди раҳбар ҳар бир одамнинг орқасидан пойлоқчи қўйиши керакми», деб.

Аслида-чи, шу чиқиндини ким кўчага ташлаган? Балки у ўша ижтимоий тармоққа ёзган шахснинг қариндоши бўлиши мумкин-ку, ахир. Агар одамда инсонийлик, экологик маданият, фаровонликка масъулият туйғуси бўлса, чиқиндини ижтимоий тармоққа жойламай, ўзи чиқиндихонага олиб бориб ташлаган бўларди. Шундай эмасми?!

Шу юртда туғилган, шу заминда меҳнат қилаётган, маънавиятли, маданиятли инсон борки, бу мурожаатни ўқиб: «Ёзганнинг отасига раҳмат», демаса керак. Ростини айтсам, икки челак ахлатни тўрт томонидан айланиб, тасвирга олиб, ижтимоий тармоққа жойлаштиргунча беҳуда кетган вақтига ачинади-да одам. Беихтиёр ана сизга мусулмончилик, деганингизни билмай қоласиз. Мабодо мурожаатчи ота-боболар удумига амал қилиб, чиқиндини олиб ташлаганда, маданиятсизлик бўлармиди, асло йўқ! Ана унда одамлар: «Фалончининг отасига раҳмат», деб ростакамига айтган бўларди. Халқимиз: «Одобни беодобдан ўрган», деб бежиз айтмайди-да.

Шунга қарамай, биз мурожаатчини айбдор демоқчи эмасмиз. У ҳар тугул айрим шахсларга кўча маданиятига риоя қилиш кераклигини эслатган. Ҳа-да, азалий маданиятимиз, маънавиятимиз билан ҳаммага намунамиз, деб фахрланамиз. Лекин бундай дилхираликлар аждодлардан қолган ибратимизга соя солмайдими? Албатта, соя солади!

Наҳотки, энди хонадонимизда тўпланган чиқиндини махсус жойга ташлаш учун ҳам тепадан топшириқ ёки буйруқ бўлиши керак? Бу ҳам майли, баъзан чиқиндини оқар сувга ташлаётган фуқароларни кўриб, одамнинг дили ранжийди. Унга ачиниб қарайсан. Ахир, ҳатто ота-боболаримиз сувга тупуришни ҳам гуноҳ, деганлар.

Ёки бугун бу ҳикмат, ўгитлар унут бўлдими?

Ростини айтганда, ўзимиз юриш-туришимиз, бажараётган юмушимиз билан, биринчи навбатда, фарзандларимизга намуна бўлишимиз керак. Халқимизда: «Қуш уясида кўрганини қилади», деган мақол бор. Болалар катталарга қараб ўсиб-улғаяди. Шу боис, уларни тўғри тарбияламоқчи бўлсак, аввало, ўзимизни чиғириқдан ўтказиб олишимиз лозим. Ана шунда эртамиз обод, келажагимиз нурафшон бўлади.

Ўзи кўча маданияти нима? Қўлимиздаги тамаки қолдиғи ёки ишлатилган ниқобни, ё бошқа ахлатга ташланадиган қолдиқни дуч келган жойга ирғитиб кетиш эмас, албатта. Айниқса, ўз яқинларимиз, ҳамшаҳарларимиз соғлигини ўйласак, бундай ҳолат оддий гигиена қоидаларига ҳам тўғри келмайди.

Шаҳримизнинг гўзаллиги ва саранжом-саришталиги, аввало, ўзимизнинг соғлигимиз учун керак. Шу боис, ҳадеб кичик муаммо билан оламга жар солишдан олдин, уни жойида ҳал этиш чораларини кўришга ҳаракат қилайлик. Бундай муаммоларни ўзимиз ҳамжиҳатликда ва бирдамликда ҳал эта оламиз, албатта.

Отабек АСЛОНОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Навоий вилояти бўлими раиси

 

Манба: http://journalist.uz/n/20060

(«HURRIYAT» газетасининг 2020 йил 2 декабрь 43-сонидан олинди)

 

Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


 

Полезные ресурсы