Парламент юқори палатасининг саккизинчи ялпи мажлиси кун тартибидан ўрин олган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалаларига оид фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Маълумки, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ экологик ҳалокат оқибатлари нафақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё минтақаси, балки аллақачон, глобал миқёсдаги муаммога айланиб улгурган. Орол масаласига бўлган ёндашув аниқ натижаларга эришиш нуқтаи назаридан тубдан ўзгарди. Қолаверса, давлатимиз раҳбари икки маротаба БМТ бош минбаридан туриб дунё ҳамжамияти эътиборини мазкур масалага қаратди.
Оролбўйи минтақаси аҳолисининг турмуш шароитлари ва сифатини яхшилашга йўналтирилган 2017–2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури тасдиқланди. БМТнинг Оролбўйи ҳудуди учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст фонди тузилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил этилди. Ҳудудда 2 млн. гектар яшил майдон барпо этиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари яқинда Жўқорғи Кенгес сессиясида Қорақалпоғистон Республикасини келгуси уч йилда ривожлантиришнинг 10 та устувор йўналишини белгилаб берди.
Таъкидлаш лозимки, Орол муаммосининг салбий таъсирини юмшатиш мазкур устувор йўналишларнинг бири этиб белгиланди.
Шунингдек, Президентимиз Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалаларига оид қатор ташаббусларни илгари сурди. Вазирлик ва идоралар зиммасига ҳудудни ривожлантиришга доир аниқ вазифалар юкланди. Бу борада парламент назоратини кучайтириш масаласига ҳам алоҳида урғу берилди.
Яъни Оролбўйи ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар (дастурлар) ижросини жойига чиққан ҳолда ўрганиш, мутасадди вазирлик ва идораларнинг ҳисоботларини бевосита ҳудуднинг ўзида эшитиш амалиётини йўлга қўйиш лозимлиги таъкидланди.
Мажлисда сенаторлар мазкур ташаббусларга ҳамоҳанг равишда ҳамда Оролбўйи минтақасини ривожлантиришда парламент иштироки ва назоратини кучайтириш мақсадида Сенатда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитасини ташкил этиш, ушбу Қўмитанинг Низомини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати
Манба: http://senat.uz/uz/lists/view/1944
Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати