Рангини йўқотган яйлов ёки қўриқхонадан ташқаридаги манзара...
20.
09. 2020
20:28
8402
Новости

Кекса чўпон кечинмалари

У ҳар куни шу қирларга келади. Ҳар куни эрталаб қуёшнинг чиқишини шу қирнинг устида туриб қаршилайди. У шу ерда – Туркистон тоғининг Нурота ва Моргузар тизмалари оралиғидаги лалми қир-адирлик қўйнидаги қишлоқда туғилиб вояга етган. Ўзбекистон деганда унинг тассавурида шу кўриб турганлари – атрофини тоғлар ўраган, бир томони Қизилқумнинг жанубига туташиб кетган бўз тупроқли дашт яйлови келади.

Ёшлиги шу тоғлар, қир-адирлар бағрида кечди. Қишлоқ болалари билан адирга от ўтлоққа келиш энг севимли иш эди. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларигача баҳорда улоқчи отларни ўтлоққа олиб чиқиш «от ўтлоқ» дейиларди. Болалар отларни ўтлоққа арқонлаб, бу ям-яшил қирлар бағрида истаганча ўйнашарди. Ҳозир яйловда отнинг оғзига илинадиган ўт йўқ. «От ўтлоқ» деган сўз ҳам унутилаёзган.

Баҳор охирлаганда эса пичан ўрими бошланарди. Бу юмуш рўзғор учун қанчалик муҳим иш бўлса, болалар учун ҳам шунчалик қизиқарли машғулот эди. Оёқ тагидаги қалин ўтлар остидан бедана ё тувалоқнинг парриллаб учишидан юрак чўчиши, қайсидир қуш бўз қирғийнинг ҳужумидан қутилиш учун жон алпозда буталар орасига бекиниши, аҳён-аҳёнда лип этиб пайдо бўлиб қолган тулкининг итларга чап бериб қочиши каби табиат қўйнидаги учрашувлар болаларга беқиёс завқ бағишларди.

Унга айниқса, адирда бўзтўрғайларнинг сайраши ёқарди. У ўт-ўланлар устига чалқанча ётиб, осмонга баланд кўтарилган бўзтўрғайнинг бир жойда қанот қоққанча сайрашини соатлаб тинглашдан зерикмасди. Чамаси бўзтўрғайлар энг баландда, энг баланд товушда сайраш бўйича баҳслашарди.

Улғайгач у шу ерларда колхознинг, сўнгра совхознинг, ширкатнинг, фермерларнинг қўйини боқди. Нафақага чиққанидан сўнг тарки одат деганларидай, ўзининг ўн-ўн беш бош қўйини ҳар куни ўтлатишга олиб чиқиб юрди. Мана беш-олти йилдирки бу машғулотни ҳам қилмай қўйди. Адирда шугина қўйга ҳам етадиган ўт-ўлан ўсмаётир. Емиш ахтариб чопадиган қўйларнинг ортидан юришга унинг қуввати етмайди.

Аммо одамлар ҳамон адирларда қўй боқади. Гарчи бутун Қоранғулнинг яйловини айланиб чиққан қўйнинг қорни тўймасада, одамлар «жонворлар ҳеч бўлмаса оёғининг чигили ёзилади» деб қўйларини тақир, тупроғи юзага кўтарилган қир-адирларга ҳайдайверади. Тўрт фаслда ҳам 100 бошдан 400 бошгача қўйдан ташкил топган ўнлаб сурувлар бўздаги тупроқнинг чангини кўкка кўтариб яйлов кезади.

Илгари ёзги, қишки яйловлар бошқа-бошқа бўларди. Адир яйловларида ёз фаслида қўй боқилмасди. Ёзда сурув тоғ яйловларида боқилиб, кеч кузда адирга қайтарилган. Бу даврда адирдаги ўтлар ўсиб, уруғини тўкиб улгурган. Қушлар, ёввойи ҳайвонлар, ҳашоратлар кўпайган. Улар ўсимликларнинг уруғларни ҳамма жойга сочилишига, келгуси баҳорда униб чиқишига кўмаклашган. Чорвадорлар пичан ғамлаб, қишга тайёргарлик кўрган.

Бу қир-адирларда энди аввалги манзара йўқ, бўзтўрғайларнинг овози эшитилмайди. Кейинги 25-30 йил давомида ўсимликларнинг, қушларнинг, ҳашоратларнинг кўп турлари йўқолиб кетди. Энди бу адирларда қушлар учун озиқланиб, ин қуриб, кўпаядиган ўтлоқлар, буталар ҳам йўқ. Ўт-ўланларни чорва моллари эрта баҳордаёқ еб битирмоқда, туёғи билан топтаб йўқ қилаётир. Ҳатто табиат ўз ҳимоя қуроли билан яратган, бутун танаси тикон билан қопланган янтоқ ҳам энди ўсиб улгурмайди. Қирларнинг тоққа туташ қисмида ўсадиган ёввойи бодомнинг танасидаги ҳар бири жуволдиздек келадиган тиконлари ҳам уни одамларнинг, қўй-эчкилар хуружидан ҳимоя қилолмади.

Чорва моллари сони кўпайиши, яйловдан тўрт фасл ҳам узлуксиз фойдаланилиши оқибатида илгари 200 хилдан ортиқ ўсимлик ўсадиган адир яйловларида уларнинг бор йўғи 25-35 тури қолган. Яъни биологик хилма-хиллик деярли ўн карра камайган. Бу ўз навбатида яйлов ҳосилдорлигининг пасайишига сабаб бўлаётир.

Энди бу адирлар кўклам ям-яшил эмас. Ёзда ҳатто қушларга ҳам соя топилмайди.

...Аммо у болалиги ўтган қирлар бағрига ҳар куни келишни тарк этмайди. Бир вақтлар бўзтурғайлар қўшиғига тўлган, бугун эса ялонғоч бўлиб қолган қирлардан кўтарилаётган чанг ғубори тўла осмонга узоқ боқади. Табиатдаги бу эврилишнинг сабаблари ҳақида маъюс ўйга толади.

– Саксон тўрт йиллик умрим Қўйтош тоғлари этагидаги шу қир-адирлар бағрида ўтаётир, – дейди Ғаллаорол тумани Чаянли қишлоғида яшовчи кекса чўпон Раҳмон бобо Равшанов. – Табиатдаги ўзгаришларни кўз олдимга келтирганимда, юрагим эзилиб кетади. Атрофимизда бундан 50-60 йил аввалги тирик табиат – ўсимликлар, ҳайвонлар, қушлар, ҳашоратлар деярли йўқ бўлиб кетди. Қир-адирлар ялонғоч, тоғларда фақат тошлар кўринади. Шундай бўлишига биз, инсонлар айбдормиз, Бу фожеа бизнинг Она табиатга қилган шафқатсизлигимиз туфайли юз берди.

Лекин у умидини йўқотмайди. Бир йил аввал тоғнинг нариги тарафидаги Нурота қўриқхонасига борганда бу ерда йўқолиб кетган барча ўсимлик турлари, ҳайвонлар ва қушларни кўрганини айтиб юради. Бир кун келиб уларнинг бу ерда яна пайдо бўлишини орзу қилади. Ҳар бир ишни худонинг иродаси, давлатнинг йўриғи билан бўлишига ишониб яшаётган одам ҳукумат бу аҳволни тузатиш учун бу ерларни ҳам қўриқхонага айлантиради, деб ўйлайди. Ахир, замин бир бутун, барча ҳудудлар бир-бирига туташ бўлгач, бу ерларда ўсимликлар, ҳайвонлар учун яшаш имконияти яратиб берилса, қўриқланса яна аввалги ҳолига қайтишига умид қилади.

Афсус, ҳозирча унинг ва унга ўхшаб табиатдаги нохуш ўзгаришлардан юраги эзилаётганларнинг бу орзулари ушалмаяпти. Қўриқхона ташқарисидаги қўриқхона майдонидан минг чандон катта ҳудудларда аҳвол йилдан йил оғирлашиб бораётир. Кейинги йиллардаги табиатдаги бу ўзгаришлар нафақат мутахассисларни балки оддий одамларни ҳам ташвишга солиши табиий.

Бу манзарани Жиззах, Самарақанд, Навоий вилоятлари ҳудудларини туташтирувчи нуқтада – Қўйтош тоғидаги Ўзбекистон телевизион кўрсатувдларини узатувчи телеантена жойлашган чўққидан назар солганда яққол кўриш мумкин. Қисқа муддатли эрта баҳордаги яшилликни ҳисобга олмаганда, бошқа фаслларда атрофда қир-адир, жанубий Қизилқумга туташиб кетган текисликлар оч жигар рангда бўлади.

Синчиклаб тикилсангиз бу ғуборли заминда осмонга чанги кўтариб ҳаракатланаётган қора нуқталарни кўрасиз. Бу нуқталарнинг ҳар бири бир отардан иборат қўйлар суруви. Осмондаги ғубор эса уларнинг туёқлари остидаги тупроқдан кўтарилаётган чанг. Бу – Республиканинг энг йирик яйловлар ҳудудининг бугунги манзараси.

Ўтган ўттиз йилдан зиёд даврда экологияни, атроф-муҳитни ҳимоя қиладиган ҳуқуқий асосларнинг заифлиги, мавжуд қонун, қарорларнинг ижросини таъминлаш меҳанизмларининг яратилмагани уларнинг ҳаракатсиз қолиб кетишига, муаммоларнинг чуқурлашувига олиб келди. Айниқса вилоятнинг чорвадор ҳудудлари бўлган Ғаллаорол, Фориш, Зомин, Бахмал, Ш. Рашидов, Янгиобод туманларидаги қир-адир яйловларида биологик хилма-хилликка жиддий зарар етди.

Бу ҳудудлардаги қишлоқлар аҳолисининг асосий касби қадимдан чорвачилик, рўзғорининг ягона даромади шу соҳадан бўлган. Энди ҳудуддаги чорвадор фермерлар, шахсий хўжаликлар қўйларни 100-200 километр олисдаги Жанубий Қизилқумнинг Арнасой кўллари бўйидаги яйловларда боқмоқда. Аммо энди у ерлар ҳам торлик қилиб, табиий ўт-ўланлар камайиб бораётир.

— Қўй боқиш йилдан йил оғирлашиб бормоқда, — дейди Ғаллаорол туманидаги «Қоранғул» фермер хўжалиги раҳбари Бойхўроз Ярашев. – Апрель ойидаёқ яйловда ўт-ўлан тугаб, тупроғи чиқиб қолаётир. Фермер хўжаликлари, уч-тўрт юз бош қўйи бор шахсий хўжаликлар сурувни Қизилқумга, Арнасой кўли атрофидаги Фориш тумани яйловларида боқаётир. Албатта текин эмас, чўлдаги яйловлар ҳам ўша жойнинг фермерлари томонидан пуллик ижрага берилади.

Ҳозир кўл атрофидаги яйловлар ҳам қўй отарларининг кўплигидан унумсизланиб кетди. Ёзни-ку бир амаллаб ўтказамиз, олдиндаги қиш ташвиши турибди. Озуқалиги бўлмаган сомонининг бир тележкасини ғалла яхши бўлган йилда 500 минг, оғирроқ йилларда 1 миллион сўмгача оламиз. Бироқ фақат сомон билан қўйларни қишдан соғлом олиб чиқиб бўлмайди. Ем керак. Ем ҳам йил сайин қимматлашиб бораётир. Бу аҳволда гўшт нархи ошиб кетаверади.

Ҳозир бозорларда гўштнинг килоси 60 мингдан 75 минг сўмгача эканлиги ана шу яйлов унумсизланиб, қисқариб мол боқиш қимматга тушиб кетаётгани сабаб бўлмоқда. Чунки яйлов чорвачилиги арзон гўшт етиштиришнинг асосий манбаи ҳисобланади.

Қарорлар бор, вазифалар ҳам аниқ, ижро керак

Стастистик маълумотларга кўра, 582 минг гектар яйлов фондига эга бўлган Жиззах вилоятида 885,4 минг қорамол, 2 миллион 128 минг бошдан зиёд қўй-эчки мавжуд. Биологик меъёрларга кўра бир бош қорамолга 3 гектардан, бир бош қўй-эчкига 1 гектар яйлов зарурлиги ҳисобга олинса, мавжуд яйлов майдони бу меъёрга нисбатан беш-олти марта камлиги вазиятнинг нечоғли оғир эканлигини кўрсатиб турибди.

Моллар сони йидан йил кўпаймоқда. Бироқ ер кенгаймайди. Айниқса яйловлар эса, аксинча, қисқариб бораверади. Албатта аҳволнинг тобора мураккаблашиб бормаслиги учун биринчи навбатда ҳукумат, парламент зарур чоралар кўриши керак.

Президентимизнинг 2019 йил 22 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этди. Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг мантиқий давоми сифатида Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасининг чўл ҳудудларини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан «Ўзбекистоннинг чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича 2019 – 2023 йилларга мўлжалланган «Яшил чўл лабораторияси» Концепцияси ишлаб чиқилди.

Ушбу Концепцияда чўл ҳудудлардан унумли фойдаланиш натижасида республика ҳудудларида ўсимликлар қоплами кенгайиши ва чўлланиш ҳолатларини камайтириш тадбирлари белгиланган. Шу асосда илмий-тадқиқот институтлари ва тажриба лабораторияси ўртасида амалий ҳамкорлик ташкил қилиш кўзда тутилган. Лойиҳани амалга оширишда кенг майдонларни кўкаламзорлаштириш ва чорвачилик учун озуқа базасини яратиш, экотуризм ва агротуризмни ривожлантириш вазифалари кўзда тутилмоқда.

Бу вазифани амалга оширишда Орол денгазининг қуриб қолган ҳавзасида амалга оширилаётган ишлар чўлланиш хавф солаётган бошқа ҳудудлар учун намунали тажриба бўлди. Мўйноқда, қумли саҳрода яшил майдонлар яратилгани Орол ўрнида азалдан яшил бўлиб, бугун чўлланиш хавф солаётган яйловларда бу ишни хеч иккиланмай амалга ошириш мумкинлигини кўрсатиб турибди.

Чўлланишнинг олдини олиш, биохилма-хилликни асраш энди бошланган иш эмас албатта. Ўзбекистон Республикаси табиатни ҳимоя қилиш бўйича 20 га яқин халқаро шартнома ва конвенцияларга қўшилган. Халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилиш билан бирга атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш ҳам изчил амалга оширилаётир. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистонда муҳофаза қилинадиган алоҳида ҳудудлар (резерватлар) тўғрисида»ги қонунида биологик хилма хилликни сақлаб қолишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаб қўйилган.

Ҳозир ҳукумат мамлакатдаги камбағаллар сонини қисқартириш устида катта иш олиб бораётир. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатимизда камбағаллар 12-15 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич лалми, барқарор сув манбаига эга бўлмаган ҳудудларда анча юқори.

Бу ҳудудларнинг маҳаллий давлат ҳокимияти бошқарув органлари томонидан камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган тадбирларда ҳам чорвачиликни ривожлантиришга эътибор қаратилиб, қашшоқ оилаларга қўй-эчки тарқатилаётир.

Иш жойлари йўқ, деҳқончилик учун сув манбаига эга бўлмаган қишлоқда яшаётган кам таъминланган оилага 5-10 бош қўй-эчки берилаётгани жуда катта кўмак. Тежаб-тергаб фойдаланса, уч-тўрт йилда қўй-эчкисининг сонини 50-60 бошга етказиб, қашшоқликдан чиқиб кетиши мумкин. Мол тарқатишдан кўзда тутилаётган асосий мақсад ҳам шу.

Аммо аҳоли хонадонларида мол сонининг кўпайиши яйловга босимнинг яна ортишига олиб келмаслиги керак. Бунинг учун эса чорва озуқаси етиштиришни йўлга қўйиб, молни яйловда ҳайдаб боқишни чеклаш зарур.

Бу ҳам қилиняпти. Лалмикор ҳудудларда камбағал оилаларни қўллаб-қувватлашда амалга оширилаётган яна бир муҳим тадбир, имконият бор жойларда артизан қудуқлари ковланиб, деҳқончилик қилишга ёрдам кўрсатилаётир.

Қишлоқ аҳолисини иш билан банд этишда бошқа имкониятлар ҳам бор. Вилоятнинг Фориш, Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Янгиобод туманларида чўлланиш ҳавфи кучли сезилаётган адир яйловларидан ташқари, табиий булоқларга эга ноёб табиат масканлари бор. Шу дам олиш масканларида сайёҳлар учун шароитлар яратиб, экотуризмни йўлга қўйиш бўйича ҳам ҳаракатлар бўлаяпти.

Ҳозир ушбу туманлардаги қишлоқларда замонавий мехмонхоналар, хонадонларда меҳмон уйлари барпо этилаётир. Дастлабки самаралар, намунали дам олиш масканлари ҳам бор. Бу соҳанинг ривожланиши билан қишлоқ аҳолисининг бир қисми сайёҳларга хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлади.

Натижада хонадонларда чорвачилик билан шуғалланишга эҳтиёж, яйловларда мол бош сони камаяди. Бу иш табиий неъматларнинг тежалишига, табиатга етказилаётган зарарнинг камайишига олиб келади. Бу ҳудуд иқтисодининг ривожланиши демакдир.

Бундан ташқари, ҳудудда экотуризмнинг ривожланиши аҳолининг экологик саводхонлигининг ўсиши, айниқса ёшларда она табиатни асраб-авайлаш кўникмаларининг пайдо бўлиши учун ҳам жуда муҳимдир.

Иккинчи катта мумммо – лалмикор қишлоқлардаги аҳолининг ёқилғига бўлган эҳтиёжидир. Табиий газ тармоғига уланмаган қишлоқлардаги аҳоли ёқилғига бўлган эҳтиёжининг бир қисмини чорва гўнгги, бир қисмини эса тоғ адирларда ўсадиган дарахт ҳамда буталар билан қондиради. Шу сабабли ҳам тоғларда илгаргидек қалин бутазор ва чангалзор ҳозир йўқ. Улар аллақачон аҳлолининг тандир ва ўчоқларида ёниб кетган. Ҳар -хар жойда қолган ёввойи бодом, писта, шувоқ, янтоқ, жинғил, ва бошқа дараҳт ва буталар томири билан ковлаб олинаётир.

Босиб келаётган саҳроланиш ва ерларнинг емирилишига қарши курашнинг самарадор усулларини аниқлаш учун ушбу жараёнлар кўламини яхши тассаввур қилиш керак. Ерларнинг емирилиши ҳақидаги маълумотлар идораларда қарорлар қабул қилувчи шахслар, маҳаллий ҳокимият органлари вакиллари, олимлар, мутахассислар ва ердан фойдаланувчиларнинг ўзлари – фермерлар учун жуда муҳим ва зарур.

Тупроқнинг емирилишига қарши курашга оид маълумотлар БМТ Конвенцияси асосида ишлаб чиқилган мезонлар ва кўрсаткичларга техник талаблар мувофиқ бажарилиши вазиятни аниқ баҳолаш имконини беради. Бу маълумотдаги кўрсаткичларда чўлланиш ва тупроқнинг емирилиш жараёнларини кузатиш, тушунчалар ва зарур маълумотлар хаққоний акс этишига ва тўғри қарорлар қабул қилишга кўмаклашади.

Ҳозирча бу иш доимий асосда йўлга қўйилмагани мавжуд муаммолар бўйича ахборот камлигида сезилиб турибди. Чўлланиш жараёнларини ва уларнинг атроф-муҳитга таъсири кўламини ўрганиш билан мутахассислар грантлар ва халқаро лойиҳалар доирасида шуғулланмоқда. Аммо ушбу ишлар доимий асосда олиб борилмаётир.

Бундан ташқари, чўлланиш даражасини ўрганиш, амалга оширилаётган тадбирларнинг самарасини баҳолаш давлат мониторинг тизими мавжуд эмас. Бу ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштиришга масъул бўлган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ўрни сезилмаётир.

– Ҳозир тобора кучайиб бораётган чўлланиш жараёнини олдини олишда, биринчи навбатда, яйловлардан тўғри алмашлаб фойдаланишни, озуқабоп ўсимлик экиш билан ҳосилдорлигини оширишни йўлга қўйиш керак, – дейди Ғаллаоролдаги Ўзбекистон лалмикор деҳқончлик илмий тадқиқот институти илмий ходими, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Ҳасан Юсупов.

– Яйловлардан алмашлаб фойдаланиш бўйича ҳам, изен, терескен ва бошқа озуқабоп ёввоийи ўтларни экиш бўйича ҳам илмий тавсиялар, тажрибалар етарли. Бироқ ҳозир илмий тажриба майдонларини, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилаётган саноқли фермер хўжаликларини ҳисобга олмаганда хеч қайси усул амалга татбиқ этилаётгани йўқ. Тўғриси, соҳага мутасадди бўлганлар одатдагидек, бу ишда Президент ташаббусини кутиб туришгандек. Аммо вақт кутмайди. яйловнинг юкини бироз камайтириш, унинг ҳосилдорлигини ошириш учун зарур агротехник тадбирларни, инновацион технологияларни татбиқ этиш керак.

Глобал фикр қилиб – ўз ҳудудингни асра

Ўзбекистонда БМТ Тараққиёт дастури доирасида 1998 йилдан буён фаолият кўрсатаётган Глобал Экологик жамғармаси Кичик Грантлар дастурининг шиори шундай.

Экологик мувозант бузилишиинг олдини олишга қаратилган ишларда жаҳон тажрибасидан фойдаланиш, халқаро ҳамжамият, ҳусусан, БМТ шафелигидаги Глобал экологик жамғарма билан ҳамкорликнинг кўлами кенгайтирилмоқда.

Ўзбекистон биринчилардан бўлиб Саҳроланиш ва ерларнинг емирилишига қарши кураш бўйича Конвенцияни имзолаган давлатлардан. 1995 йил 31 августда бу халқаро ҳужжат Республика Олий Мажлисида ратификация қилинган.

Ўзбекистон ҳукумати БМТ Тараққиёт дастури, Глобал экологик жамғармаси билан ҳамкорликда «Нурота-Қизилқум биологик резервати»ни барпо этиш бўйича 2000-2005 йилларда амалга оширган лойиҳа ҳудуддаги экологик муаммоларни ўрганиш ва вазиятга баҳо беришда биринчи яхши тажриба бўлган эди, дейиш мумкин. Жиззах вилоятининг Фориш тумани, Самарқанд вилоятининг Пайариқ, Навоий вилоятининг Нурота туманлари ҳудудини қамраб олган лойиҳа чегарасидаги ҳудудларда биологик хилма-хилликни асраб қолиш, табиатга зарар етказувчи таъсирларни камайтириш йўналишида бирмунча ишлар амалга оширилди.

Ушбу лойиҳа муаллифи биология фанлари номзоди Наталя Юрьевна Бешко 1991 йил Харьков давлат университи ботаника факултетини битириб, Фориш туманидаги «Нурота» давлат қўриқхонасига ишга келгандан сўнг ўттиз йилга яқин ҳудуддаги биологик хилма-хиллик устида илмий изланишлар олиб бораётган фидоийи олима. Айни пайтда Ўзбекистон фанлар академияси ўсимликлар ва хайвонат дунёси генофонди институти марказий гербарийида катта илмий ходим вазифасида ишлаш билан қўриқхона ва унга ёндош ҳудудлардаги тадқиқотларини давом эттирмоқда.

– Табиий мувозанатни тиклашдаги барча муаммоларни беш-ўн йилларда ҳал қилиш қийин, албатта, – дейди биология фанлари номзоди Наталья Юрьевна. – Айрим жараёнларни эса тўхтатишнинг бутунлай иложи йўқ. Кейинги йилларда худудда чўлланиш, йўқ бўлиб кетган ёки тобора камайиб бораётган ўсимлик ва хайвонлар тури, тупроқ эррозияси ва бошқа салбий омилларнинг атроф-муҳитга етказилаётган зарарлари миқдорларини ҳисоблаш қийиндир балки. Аммо Республика ҳукумати томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш бўйича кўраётган чора-тадбирлари одамларнинг табиатга бўлган муносабати, қарашларини ўзгартириши зарур.

Тасалли берадиган нарса, «Нурота – Қизилқум биологик резерватини яратиш» лойиҳаси муддати тугагандан сўнг ҳам ҳудудда чўлланишнинг олдини олиш, тупроқ эрозиясини камайтириш, аҳолининг экологик билимларини оширишга йўналтирилган ҳаракатлар тўхтаб қолмади. БМТ минг йиллик ривожланиш декларациясининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган вазифалари доирасида янги лойиҳалар амалга оширилаётир.

Шундай лойиҳалардан бири уч йил илгари БМТ Тараққиёт дастури, Глобал экологик фондининг Кичик грантлар дастури доирасида Фориш туманининг Нарвон қишлоғидаги «СБМ Муҳаммадамин» фермер хўжалигида амалга оширилган эди. Фермер халқаро ташкилотнинг 50 минг долларлик гранти кўмагида ёз бўйи нам тушмайдиган 30 гектар лалми ҳудудда пистазор барпо этди.

Лалми қир-адирларда писта етиштириш тупроқни сув, шамол эрозиясидан ҳимоя қилишнинг энг мақбул йўли. Қолаверса, писта меваси нархи ўта баландлиги билан у фермерга яйловда юзлаб қўй боққандан кўра кўпроқ даромад келтиради. Ҳозир бу усул фақат Форишда эмас, унга қўшни лалмикор туманларда ҳам қўлланилмоқда. Республика фермер хўжаликлари уюшмаси «СБМ Муҳаммадамин» фермер хўжалиги базасида «Лалми боғдорчилик маркази» ўқув шўъба корхонаси ташкил этиб, бу тажрибани оммалаштираётир. Ғаллаорол туманида фермер Абдулла Каримов 50 гектардан зиёд пистазорда яхши даромад олмоқда.

Ҳалқаро ҳамжамият ҳамкорлигидаги ишларнинг яхши самарасига мисоллар кўп. Бу аввало одамларнинг онгидаги, таффаккурида юзага келаётган ўзгаришларнинг самарасини бугун қишлоқларда хўжалик юритишнинг ноанъанавий усулларига ўтилаётганлигида ҳам кўриш мумкин.

Қишлоқда яшовчи оилалар ўнта жайдари, маҳсулдорлиги паст мол ўрнига, иккита наслдор мол боқиши иқтисодий жиҳатдан рўзғорга ҳам атроф-муҳитга ҳам фойдали эканлигини тушуниб етмоқда. Қўйлар бош сонини яйловларнинг имконияти даражасига келтириш, хўжалик юритишнинг табиатга, атроф-муҳитга камроқ зарар етказадиган усулларидан фойдаланишни тарғиб қилиш, янги усулларни татбиқ этишда БМТ Тараққиёт дастурининг Кичик грантлар лойиҳаси доирасидаги ҳамкорлик амалий аҳамиятга эга намуна вазифасини ўтаётир.

Глобал экологик жамғарма Ўзбекистонга 20 миллион доллар ажратган. Кичик грантлар дастури доирасида 7 та лойиҳа амалга оширилди. Яна бешта лойиҳа амалга оширилмоқда. 2020 йил охиригача ҳамкорликдаги лойиҳалар 12 тага етаётир.

– Кейинги йилларда Ўзбекистонда кўплаб яхши ўзгаришлар юз бераётир, – дейди Глобал Экологик жамғарманинг Кичик грантлар дастури мувофиқлаштирувчиси Алексей Волков. – Бу ўзгаришлар 25 йил давомида бўлмаган. Шубҳасиз, яхши ўзгаришлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳам амалга оширилаётир. Бу албатта ўз самарасини беради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури, Глобал экологик жамғарма ва «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси ҳамкорлигида бундан икки йил аввал амалга оширилган «Ўзбекистоннинг тоғли, ярим чўл ва чўл ландшафтларидаги суғорилмайдиган қурғоқчил ерларни рақобатли эксплуатация қилиниши натижасида табиий ресурслардан фойдаланиш босимини камайтириш» лойиҳаси ҳам айни йўналишдаги самарали ишлардан бири бўлди. Ушбу лойиҳа доирасида Зомин тумани яйловларининг ҳозирги ҳолатини баҳолаш, ўсимлик қопламига салбий таъсир қилувчи омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳудуддаги иккита фермер хўжалиги – «Тутак Карим даласи» ва «Рустамнома» иштирок этди.

Лойиҳа давомида «Тутак Карим даласи« фермер хўжалигида 30 гектарлик яйловга чогон, изен, терезкен каби 6 хил озиқабоп экинлар ҳамда минг туп саксовул экилди. «Рустамнома» чорвачилик фермер хўжалигида ҳам 7 гектар майдонга шу каби озуқабоп ўсимликлар ҳамда 7 мингта саксовул экилди.

Бу икки фермер ўзларининг чорва моллари учун арзон ем-хашак етиштиришдан ташқари, озуқабоп ўсимликлар уруғини етиштириб сотишдан ҳам яхши фойда олди.

Табиатни муҳофаза қилиш талаблари ҳисобга олинган бундай янгича ёндошувлар натижасини бундан бир неча йил аввал яланғоч қолган қирлар бағрини аста секинлик билан яшил ўт-ўланлар қоплаб бораётгани кўрсатиб турибди. Далада ўсимликларнинг эркин ўсиши типратикан, тошбақа, илон каби жониворлар ва турли ҳашаротларнинг бу ерда макон тутишига, қушларнинг қўним топишига, тупроқ кўчишининг тўхташига олиб келади. Биологик хилма-хиллик аста секинлик билан тикланади.

Бу фермер хўжаликларидаги натижалар, шубҳасиз, бошқаларни ҳам қизиқтирмоқда. Аслида лойиҳадан кўзланган асосий мақсад ҳам шу – тоғли, ярим чўл ва чўл ҳудудларидаги суғорилмайдиган қурғоқчил ерлардан фойдаланишда табиатни муҳофаза қилишга кенг жамоатчиликнинг эътиборини жалб этиш. Бу ишни амалиётда кўрсатиш орқали одамларни табиатни ҳимоя қилишга ундаш. Глобал экологик жамғарма Кичик грантлар дастурининг «Глобал фикр қилиб, ўз ҳудудингни асра» шиоридан ҳам шу мақсад кўзланган.

Энди бу ишда эришилаётган натижаларга мисоллар ҳам етарли. Демак, вазиятни ўнглашнинг, яйловларни тиклашнинг ечими бор.

Бугун фақат Ўзбекистонда эмас, бутун дунёда табиатга фақат истеъмолчилик назари билан қараш мутлақо мумкин бўлмай қолгани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Энди табиат инсониятнинг бойлиги эмас, аксинча, инсон унинг бир бўлаги холос. Шунинг учун табиатга табиатнинг ўзгармас қонунларига риоя қилган ҳолда эҳтиёткор муносабатда бўлишни барчамиз чуқур англаб етишимиз зарур.

Тошқул БЕКНАЗАРОВ, ЎзА

Манба: http://uza.uz/oz/society/rangini-y-otgan-yaylov-....

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Полезные ресурсы