Угом-Чотқол миллий табиат боғида ноёб қор қоплони пайдо бўлди — видео
18.
09. 2020
11:40
5906
Новости

Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғида ўрганишлар чоғида йўқолиб кетиш хавфи остида турган қор қоплони ҳамда оқ тирноқли Тянь-Шань қўнғир айиғи фотоқопқонда қайд этилган.

Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғининг кичик илмий ходими Акбар Рустамовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, жорий йилнинг 2 июль куни миллий боғ ҳудудига ўрнатилган фотоқопқонга Ўзбекистон ва жаҳон «Қизил китоб»ига киритилган қор қоплони икки бор тушиб қолган.

Ўша куни эрталаб соат 05:56 да, сўнгра соат 10:44 да қор қоплони фотоқопқон олдидан ўтган.

Йўқ бўлиб кетиш арафасида турган, локал тарқалган тур, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (ТМХИ) қизил рўйхатига киритилган Илвирс (қор қоплони) — (русча: снежный барс (ирбис), инглизча: Snow Leopard) — Ғарбий Тянь-Шань, Ғарбий Помир-Олой тизмаларида, Ўзбекистондан ташқарида Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ғарбий Сибирь жануби, Мўғулистон, Хитой, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Непал, Бутанда тарқалган.

У тоғларнинг ўрта ва юқори (денгиз сатҳидан 2500–4500 м баландликда) қисмида яшайди. Ҳавза айирғичлари ҳамда қояли тош-сочма қияликларни афзал кўради.

Уларнинг сони доимо кам бўлган. Сўнгги ўн йилликлар давомида сони узлуксиз камаймоқда. 1980–1990 йилларда Ҳисор қўриқхонасида 5–11, 1970–1980 йилларда Чотқол қўриқхонасида 1–3 таси ҳисобга олинган. Ҳозирда жами, тахминан 30–50 тани ташкил этади.

Оқшомда фаол, кундузи қорларга, қоялар орасига беркиниб ётади. Икки йилда бир марта болалайди. Жуфтлашиш даври – феврал-мартда. Июнда болалайди (1 тадан 5 тагача). Болалари 1–1,5 ёшгача онасидан ажралмайди, 2-3 йилда жинсий вояга етади. Ёввойи туёқлилар, баъзан кемирувчилар билан озиқланади. Тоғ бўйлаб ёввойи туёқлилар ортида юқорига ва пастга мавсумий кўчиб юради. Умри узунлиги — 21 йилгача.

Баланд тоғ яйловларининг ўзлаштирилиши, озуқа манбаларининг камайиши, озуқа манбаларининг камайиши, браконьерлик қор қоплонининг камайишига сабаб бўлмоқда.

У ҳозир дунёнинг ҳайвонот боғларида кўпайтирилади. Уни овлаш тақиқланган. Ҳисор, Зомин, Чотқол қўриқхоналари ва Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғида муҳофаза остига олинган. CITES'нинг 1-иловасига киритилган.

Шунингдек, ўтган йили 15 августда Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғида оқ тирноқли Тянь-Шань қўнғир айиғининг ҳам фотосуратлари фотоқопқонларга тушган.

Ушбу айиқ ҳам Ўзбекистон ва жаҳон «Қизил китоб»ига киритилган бўлиб, CITES'нинг иккинчи иловасида туради.

Қайд этиш жоиз, фотоқопқонлар Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи БМТ Тараққиёт дастурининг «Глобал аҳамиятга эга биохилма-хилликни муҳофаза қилиш мақсадида тоғли ҳудудларда ўрмонлардан ва табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ва бошқариш» лойиҳаси билан ҳамкорликда ўрнатилган.

Манба: https://kun.uz/07674893

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Полезные ресурсы