Республика бўйича 197 та маҳаллада “каштан кўчаси”, “эман кўчаси”, “чинор кўчаси” каби намунавий кўчалар ташкил этилмоқда
11.
04. 2022
14:51
3403
News

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Нарзулла Обломуродов, қўмита ахборот хизмати раҳбари Бунёд Абдуллаев иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Қайд этилишича, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг “Яшил йиллик” тадбири доирасида жорий йил баҳор мавсумида дарахт кўчатларини экишни самарали ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва ушбу ишларга кенг жамоатчилик фаол жалб қилинмоқда. Жорий йил мавсум бошидан баҳор мавсумида экилиши режалаштирилган 125 миллион дона кўчатдан 120 миллион 123 минг донаси экилди. 

Шунингдек, маҳаллалар ва бошқа объектлар ҳудудларида 23,8 миллион дона, фермер хўжаликлари экин ер майдонлари четларига 40,3 миллион дона, ижтимоий соҳа объектлари ҳудудларида 6 миллион дона, автомобиль йўллари ёқасига 3,8 миллион дона ва бошқа объектларга 46,2 миллион дона кўчат экилди. Республика бўйлаб экилган кўчатлар тўғрисидаги барча маълумотлар шу йил 1 мартдан бошлаб синов тариқасида ишга туширилган “Яшил макон” электрон платформасига киритиб борилмоқда. 

Барча туман ва шаҳар ҳокимликларида ташкил этилган штаблар томонидан бугунги кунгача жами экилган кўчатларнинг 119,4 миллионтаси ёки 99,4 фоизи платформага киритилди. Республика бўйича 197 та маҳаллада “каштан кўчаси”, “эман кўчаси”, “чинор кўчаси” каби намунавий кўчаларни ташкил этилмоқда. Жорий йил 25 мартдан бошлаб ҳудудий “Йўл кўкалам” унитар корхоналари томонидан бугунги кунга қадар умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ёқаларига 15,3 миллион дона терак қаламчалари экилди. Хусусан, Навоий вилоятида 8 миллион 216 минг туп мевали ҳамда бута қаламчалари экилган. Бугунги кун ҳолатига вилоят бўйича манзарали ва мевали кўчатлар экилган ҳудудларда 64 дона тик қудуқлар, 180 км қўшимча ариқлар, 268 гектарда томчилатиб суғориш тизими, 36 дона суғориш насослари ўрнатилган. 

Мутахассис сўзларига кўра, кўчатларни етиштириш ва етказиб беришда очиқ-ошкораликни таъминлаш ва уларнинг нархи асоссиз ошиб кетмаслиги учун жойларда 300 дан ортиқ кўчат ярмаркалари ва савдо нуқталари ташкил этилди ва уларнинг фаолияти устидан қатъий назорат ўрнатилган.

                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                               ЎзА

Useful resources