Бугун Давлат экология қўмитаси раиси Н.Обломурадов ҳамда Ўзбекистоннинг Хитойдаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ф.Арзиев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
23.
12. 2022
23:51
2373
News

Учрашувда Хитойнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш, биологик хилмахилликни асраш, инновацион экологик ечим ва ёндашувларни тадбиқ этиш, экологик таълим ҳамда чиқиндилар билан ишлаш соҳаларидаги илғор тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш бўйича ушбу мамлакатнинг етакчи компания ва ташкилотлари билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, Оролбўйи минтақаси билан боғлиқ экологик муаммоларни бартараф этиш, чўл ҳудудларда яшил майдонларни барпо этиш, сувсизликка чидамли ўсимликларни кўпайтириш, мамлакатимиздаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш ва саноат объектларидан чиқадиган зарарли ташламаларни мониторинг қилишда юқори самара берувчи рақамли технологияларни кенг жорий этиш масалаларида Хитойнинг нуфузли компаниялари билан  яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди. 

Учрашувда Давлат экология қўмитаси ҳузуридаги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти билан Хитойнинг Шинжон экология институти ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш ва соҳада илмий салоҳиятни кучайтириш бўйича фикр алмашилди. 

Шунингдек, 2023 йил 23-28 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилаётган  БМТ Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенциясини 14-томонлар конференцияси (CMS COP-14)ни юқори савияда ташкил этиш, мазкур халқаро даражадаги анжуманга Хитойнинг экология ва атроф-муҳит масалалари билан шуғулланадиган нуфузли ташкилотлари иштирокини таъминлашга келишиб олинди.

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Useful resources