Бугун Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Россия Федерацияси Табиий ресурслар ва экология вазирлиги ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Битимни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон - Россия ишчи гуруҳининг навбатдаги учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Онлайн шаклда ташкил этилган йиғилишда томонлар Битимни амалга ошириш бўйича 2019-2021 йилларга тасдиқланган чора-тадбирлар дастури доирасида бажарилган ишлар тўғрисида ахборот беришди ва бир қатор йўналишларда, хусусан, “Умид парвози” халқаро лойиҳаси доирасида оқ турна (Leucogeranus leucogeranus) ҳамда кулранг турна (grus grus) муҳофазаси бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишишди.
Шунингдек, томонлар Ўзбекистон - Россия ишчи гуруҳининг Битимни амалга ошириш бўйича 2023 йил учун иш режасини тасдиқлади ва 2023-2024 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури лойиҳасини ишлаб чиқишди.
Йиғилишда Давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари
Ж. Казбеков иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, икки идора ўртасидаги Битим Ўзбекистон Республикаси Президентининг Россия Федерациясига расмий ташрифи доирасида 2013 йил 11 апрель санасида Москва шаҳрида имзоланган. Ишчи гуруҳнинг аввалги йиғилишлари 2017 ва 2019 йиллари Сочи ва Тошкент шаҳарларида ўтказилган.
Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати