Бугун Давлат экология қўмитасида 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан тадбир ўтказилди.
Тадбирда таъкидланганидек, Бош қомусимиз халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси сифатида демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш ҳамда барча соҳаларда ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 ноябрдаги “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони таъсис тўғрисида”ги Фармони ҳам турли соҳаларда фаолият олиб бораётган юртдошларимизнинг самарали меҳнатини муносиб эътироф этиш, уларни янгидан-янги марралар сари рағбатлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллиги муносабати билан Давлат экология қўмитаси марказий аппарати ҳамда тизим ташкилотларининг бир гуруҳ раҳбар-ходимлари ҳам “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди. Тадбир давомида ушбу эсдалик нишонлари тантанали равишда ўз эгаларига топширилди.
Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати