Урганч давлат университетида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси кузги мавсуми кўчат экиш ишларини сифатли йўлга қўйиш масалаларига бағишланган илмий-амалий семинар ўтказилди. 
25.
10. 2022
15:05
2916
News

Илмий-амалий семинар 

Давлат экология қўмитаси, вилоят ҳокимлиги, Урганч давлат университети ҳамкорлигида ташкил қилинган илмий-амалий семинарда соҳа олимлари ва мутахассислар томонидан Хоразм вилояти ҳудудига мос келувчи кўчатларни танлаб экиш, парваришлаш, дарахт кўчатлари ва буталарни ўтқазишда табиий иқлим шароитини ҳисобга олиш бўйича  талаба-ёшларга тушунчалар берилди.

Семинарда Давлат экология қўмитаси  раиси Н. Обломурадов Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг “Долзарб 40 кунлик” кўчат экиш тадбирларини сифатли ташкил этиш, бу борада олий таълим муассасалари, тажрибали олим ва мутахассислар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш  юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирди.

Давлат экология қўмитаси ҳузурида ташкил қилинган экспертлар гуруҳи аъзоси, қишлоқ хўжалиги фанлари фалсафа доктори Мансур Холмуродов, Урганч давлат университети Биология кафедраси мудири  Зокиржон Тожиев бу борада йиғилганларга маслаҳат ва тавсияларини берди.

Хоразм вилоятининг иқлими ўзига хос,  қиши совуқ, ёзи эса иссиқ бўлади. Вилоят ҳудудида тупроқ шўрланиш даражаси ҳамда ерости сув  сатҳининг нисбатан юқорилиги ҳам кўчатларни экишда иқлимга мос дарахт турларини танлашни талаб қилади.  

Мутахассисларнинг фикрича, воҳада азал-азалдан ўсадиган гужум дарахти, айниқса, Хоразм иқлим шароитига мослиги билан ажралиб туради. Қайрағочлар оиласига мансуб ушбу дарахт жой танламайди, чуқур илдиз отиб, қурғоқчил, шўрланган ерларда ҳам ўсаверади. Барглари тукчалар билан қоплангани боис қуёш иссиқлигини ўтказмайди. Ҳаводаги намликни сўриб олиши туфайли буғлантириш хусусияти кам. Шу боис гужум қум кўчкиларининг олдини олиш, шамол йўлини тўсиш, тупроқни эрозиядан асрашдан ташқари, иқлимни мўътадил сақлашда ҳам қўл келади. 

Семинар давомида иштирокчилар университет ҳудудига 100 тупдан ортиқ мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазишди.

Хоразм вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати

Useful resources