Мамлакатимизда атроф табиий муҳитга таъсир қилиш хавфи юқори бўлган хўжалик субъектларининг атроф-муҳитга бўлган таъсирининг мониторингини кучайтирилишига, мазкур соҳа такомиллаштирилишига ва рақамлаштирилишига йўналтирилган Ҳукуматнинг бир қатор қарорлари қабул қилинган. Хусусан, атроф-муҳитга таъсири хавфи юқори даража (I тоифа)даги объектларнинг ифлослантирувчи манбаларидан автоматик равишда намуналар олиш тизими татбиқ этилиши бўйича вазифалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида
(79-мақсад), Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизимини такомиллаштириш тўғрисида” 2019 йил 5 сентябрдаги 737-сон ва “Цемент ишлаб чиқариш ташкилотлари фаолияти устидан экологик назоратни кучайтириш тўғрисида” 2020 йил 14 апрелдаги 223-сон қарорларида кўзда тутилган.
Юқоридаги ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида Давлат экология қўмитаси томонидан хорижий тажрибадан келиб чиқиб, O‘z DSt 3605:2022 “Атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи доимий манбаларни автоматик назорат тизимлари. Умумий ва техник талаблар” Ўзбекистон Республикасининг давлат стандарти ишлаб чиқилган. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош директорининг 2022 йил 18 мартдаги 05-1391-сон буйруғи билан тасдиқланган ҳамда Адлия вазирлигида 2022 йил 26 апрель куни 79-сон билан ҳисобга олинган (Ҳужжат билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин: https://lex.uz/uz/docs/5984627).
Мазкур давлат стандарти атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи доимий манбаларни ва ифлослантирувчи моддалар кўрсаткичлари ҳисобини узлуксиз равишда инструментал назорат қилиб боришга мўлжалланган автоматик назорат тизимларига (автоматик станцияларга) қўйиладиган талабларни белгилайди. Қабул қилинган давлат стандарти мазмун-моҳиятини ёритиш мақсадида хўжалик субъектлар ўртасида семинарлар туркуми ўтказилиши режалаштирилган. Хусусан, жорий йил 25 май куни Ўзбекистон Қурилиш материаллари саноати корхоналари уюшмаси таркибига кирувчи саноат корхоналари вакиллари учун семинар ўтказилди.
Хўжалик субъектларининг ифлослаштириш манбаларида ўрнатиладиган ифлослантирувчи моддаларни чиқариш (ташлаш)ни ҳисобга олиш бўйича автоматик станциялар мажбурий тартибда Давлат экология қўмитасининг Атроф табиий муҳит мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базасига уланиши лозим.
Таъкидлаш лозимки, 2022 йил якунига қадар атмосфера ҳавосига таъсир хавфи юқори бўлган 44 та саноат корхоналарининг атмосферани ифлослантирувчи 50 та устувор манбасида ўз маблағлари ҳисобидан автоматик станциялар, шунингдек уларга туташ ҳудудларда 12 та стационар кузатув пунктлар ўрнатилиши ва Ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилиниши белгиланган.
Бундай замонавий автоматик назорат тизимлар (автоматик станциялар) ўрнатилиши натижасида хўжалик субъектларнинг фаолиятини халқаро талабларга мувофиқлаштирилади, фавқулодда вазиятларни ва авариявий ҳолатларни олдини олишга ҳамда аҳоли саломатлигига ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришга қаратилган тезкор чоралар қабул қилинишига эришилади.