Пресс-релиз: «Броконьерликка қарши курашиш ойлиги» давомида амалга оширилган ишлар юзасидан
10.
06. 2020
13:19
6879
Янгиликлар

ПРЕСС-РЕЛИЗ 
«Броконьерликка қарши курашиш ойлиги» давомида амалга оширилган ишлар юзасидан


Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 30 октябрдаги ПФ-5863-сон Фармонига мувофиқ атроф муҳит объектларини (атмосфера ҳавоси, сув, ер, тупроқ, ер қаъри, биохилма-хиллик, қўриқланадиган табиий ҳудудлар) антропоген таъсир ҳамда бошқа салбий таъсир қилувчи омиллардан сақлаш ва сифатини таъминлаш мақсадида Давлат экология қўмитаси томонидан 2020 йил 10 майдан 10 июнга қадар «Броконьерликка қарши курашиш ойлиги» деб эълон қилинди.

Шуни қайд этиш жоизки, БМТ нинг Атроф муҳит бўйича дастур (ЮНЕП) экспертлари томонидан тўпланган илмий далилларга мувофиқ экотизимлар яхлитлиги инсон саломатлиги ва ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этади. Атроф муҳитдаги антропоген ўзгаришлар ёввойи ҳайвонлар популяцияси тузилмасини ўзгартиради ва биологик хилма-хилликни қисқартиради, бу эса атроф муҳит ҳолатининг ўзгаришига ва ўз навбатида, турли касаллик ташувчилар, патогенларнинг юзага келишига сабаб бўлади.

Айниқса, пандемия шароитида мамлакатимизда Давлат экология қўмитаси томонидан биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича зарур чора тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, броконьерликка қарши кураш ойи тадбирида 2020 йил май ойи давомида давлат инспекторлари томонидан жами 600 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари (ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ноқонуний балиқ ови) аниқланган бўлиб, 456 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан жами 2 млрд сўм жаримава табиатга етказилган зарар суммалари белгиланган.

Шундан, маъмурий жарималар 447 млн сўм, табиатга етказилган зарар 1 млрд 553 млн сўмни ташкил этади.

92 та ҳолат бўйича 702,7 млн сўм жарима ва табиатга етказилган зарарни ундириш мақсадида тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга киритилди.

Ҳуқуқбузарлардан 83 та ов қуроли ва аслахалар, 411 та тўрлар, 18 та электр қармоқ, 22 та электр арра ва болталар, 733,8 кг балиқ, 92,5 м³ дарахт ва буталар ўтини олиб қўйилган.

Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш бўйича жами 348 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган бўлиб, 331,5 млн сўм жарима белгиланган, ўсимлик дунёсига етказилган зарар – 667,4 млн сўм.

Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш бўйича жами 11 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган бўлиб, 12,4 млн сўм жарима белгиланган.

Балиқларнинг ноқонуний овланиши билан боғлиқ жами 120 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган бўлиб, 117 млн сўм жарима белгиланган, уларнинг ноқонуний овланиши натижасида ҳайвонот дунёсига етказилган зарар – 48 млн сўм.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


 

Фойдали манбалар