Она тили — миллатнинг руҳидир
17.
10. 2020
14:25
5403
Новости

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Давлат экологик экспертизаси марказида шу мавзуда маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда ташкил қилинган ушбу тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига кўра, 21 октябрь санаси мамлакатимизда Ўзбек тили байрами куни бўлиб кенг нишонланмоқда.

— Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик тимсоли бўлган бебаҳо маънавий бойлик ҳамда буюк қадриятдир,  — дейди филология фанлари номзоди, Республика Маънавият ва маърифат маркази қошидаги «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси Ҳулкар Ҳамроева. – «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» деган бош тамойил асосида тараққиётнинг янги, янада юксак босқичига кўтарилаётган Ўзбекистонда ўзбек тилининг давлат тили сифатида ҳаётимиздаги ўрни ва қадрини ошириш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар кишини қувонтиради. Айниқса, Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг яқинда бўлиб ўтган 75-сессиясида жаҳон ҳамжамияти олдида ўзбек тилида нутқ сўзлаши нафақат мамлакатимиз, балки дунё миқёсида она тилимизнинг яанада кенг танилишига хизмат қилди.

Тадбирда ўзбек тили ривожи йўлида ҳали олдинда амалга оширилиши керак бўлган улкан вазифалар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Тадбир давомида «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» мавзусидаги ролик намойиш қилинди.


ЎзА

Манба: http://uza.uz/oz/society/ona55-tili-...

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Полезные ресурсы