Тошкент вилояти: Дарё ва сойлар бўйидаги ноқонуний қурилмаларга чек қўйилмоқда
26.
05. 2020
11:32
5191
Эконадзор

Юртимизда экологик вазиятни яхшилаш, шу жумладан, сув объектларини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, тошқин ва сел ҳодисаларида фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Бироқ, шунга қарамай, баъзи бир хонадон эгалари томонидан дарё ўзанларининг қирғоқ минтақаларидан ноқонуний қурилмалар қуриш ҳолатлари кузатилмоқда.

Айниқса, ёз чилласида қуёшнинг иссиғига дош беролмаганлар табиати сўлим гўшалардан паноҳ излашади. Масалан, Чорвоқ атрофидаги оромгоҳлар, хусусий дачалар, Угам дарёси бўйидаги пуллик тапчанлар бу иссиқда айни муддао жойлардир.

Аммо одамнинг дилини хира қиладиган, она табиат инъом этган гўзалликни барбод қилиб, табиатга зарар етказаётган шундай қусурлар борки, мулоҳаза қилишга, фикр юритишга чорлайди. Бу ноқонуний қурилмалардир...

Ноқонуний қурилмалар ортидан келаётган зарарни эса ҳеч бир мезон билан ўлчаб бўлмайди. Чирчиқ дарёси қирғоқларининг катта қисми бугунги кунда Чимён-Чорвоқ курорт зонасига киради ва у ерда ноқонуний қурилган иншоотлар ҳам талайгина. У ердаги дала ҳовлиларидан баъзиларининг атрофи шахсий соҳилга эга бўлиш мақсадида тўсиқлар билан беркитилган. Бу эса қолган фуқароларнинг сувга чиқишига тўсқинлик қилади.

Давлат экология қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида», «Экологик назорат тўғрисида» ва «Сув ва сувдан фойдаланиш» қонунлари асосида Бўстонлиқ туристик зонасида тезкор рейд тадбирлари ўтказилмоқда.

Шундан ўтказилган рейд тадбирларидан бирида 39 та корхона ва 120 дан ортиқ хонадон кўздан кечирилди. Уларнинг барчасига ноқонуний қурилмаларни олиб ташлаш бўйича огоҳлантириш хатлари берилди ҳамда тегишли тартибда тушунтириш хатлари олинди. Шу билан бирга, маъмурий жавобгарликка тортилиш бўйича огоҳлантирилди.

Сув ёқасида қонун-қоидаларга риоя қилмасдан қурилган савдо расталари, хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам бошқа жойларга кўчирилмоқда.

ЎзА

Манба: http://uza.uz/oz/society/darye-va-soylar-b-yidagi-no-onuniy-urilmalarga-chek-yilmo-da-26-05-2020

 

 

Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


 

Фойдали манбалар