Ўзбекистон – Жанубий Корея: Биопарчаланувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилади
03.
10. 2019
20:57
5736
Янгиликлар

2019 йилнинг 2 октябрь куни куни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида Жанубий Кореянинг «Seojin Industry» компанияси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Давлат экология қўмитаси раиси Б.Қўчқоров, қўмита масъул ходимлари, «Seojin Industry» компанияси президенти Бак Хоийон, компания директори Пак Жинхюнк, «Bio green city» МЧЖ қўшма корхонаси бош директори А.Хидоятовлар иштирок этишди.

Йиғилишда асосий эътибор Ўзбекистон Республикасида «Seojin Industry» компанияси технологиялари асосида биопарчаланувчи (тез парчаланувчи) гранулалар, пакетлар ва бошқа турли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва ўзаро ҳамкорликка қаратилди.

Учрашув аввалида қўмита раиси Б.Қўчқоров меҳмонларни мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, жумладан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар, ушбу йўналишдаги мавжуд миллий қонунчилик билан қисқача таништириб ўтди.

Шундан сўнг, Бак Хоийон «Seojin Industry» компанияси фаолияти ва у томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Муҳокама чоғида биопарчаланувчи маҳсулотлар ҳақида қизғин фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шу ўринда Бак Хоийон компаниянинг барча маҳсулотлари Жанубий Корея Республикасининг  «Eco-Label» сертификатига эга эканлигини эътироф этди.

Таъкидлаш жоизки, биопарчаланувчи гранула, бир марталик идишлар ва бошқа шу каби маҳсулотлар Жанубий Корея Республикасининг ўзи учун ҳам янгилик эди. У сўнгги 5-6 йил ичида аста-секинлик билан ривож топди. Айтиш жоизки, биопарчаланувчи маҳсулот таркибининг 40 фоизини маккажўхори крахмали ёки картошка крахмали ташкил қилиб, у тез парчаланувчи материал ҳисобланади.

Бугунги кунда дунё миқёсида пластик маҳсулотлар ва уларни қайта ишлаш долзарблигича қолмоқда. Айнан, биопарчаланувчи маҳсулот ишлаб чиқарувчи мазкур технология бир қатор кореялик компаниялар томонидан яратилди. 

Учрашув давомида «Seojin Industry» компанияси Ўзбекистонда биопарчаланувчи гранулалар, пакетлар ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича лаборатория ташкил этиш таклифини илгари сурди. Бунда, ишлаб чиқариш жараёнида 100 фоиз миллий хом ашёдан фойдаланишни йўлга қўйиш эътироф этилди. 

Хорижлик меҳмонлар учрашув иштирокчиларига «Seojin Industry» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан намуналар тақдим қилишди.

Шу ўринда айтиш керакки, таклиф этилаётган мазкур инвестиция лойиҳасининг қиймати 18 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Шундан 3 млн. АҚШ доллари  «Seojin Industry» компанияси, қолган маблағ эса Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан ажратилиши режалаштирилган.
 






Фойдали манбалар