Ўзбекистонда чиқиндиларни плазма усулида утилизация қилиш технологияси татбиқ этилади
28.
08. 2019
10:56
6776
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикасида чиқиндиларни плазма усулида утилизация қилиш технологиясини татбиқ этиш билан боғлиқ ҳамкорлик масалалари 2019 йилнинг 27 август куни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б.Қўчқоров ҳамда Сингапурнинг «Alpha Global Capital (S) Pte. Ltd.» ижрочи раис ўринбосари жаноб  Самад Салим ва компания мутахассислари билан бўлган ўзаро мулоқотда муҳокама қилинди.

Мазкур технологиянинг афзалликлари шундаки, махсус технология кам чиқитли бўлиб, атроф-муҳитга, аҳоли саломатлигига таъсири йўқ. Плазма усулида чиқиндиларни утилизация қилиш уларни саралашни талаб этмай, ҳаражатлар нуқтаи назаридан ҳам мақбул, оддий усулда утилизация қилишга кетадиган ҳаражатларни бир неча баробар қисқартиради. 

Хусусан, ушбу қурилма бир кунда 5 тонна чиқиндини плазма усулида қайта ишлаб, иссиқлик ёки электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, ҳосил бўлган 5 % кул чиқиндисини қишлоқ хўжалигида ўғит сифатида ёки қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин бўлади.

Бўлиб ўтган учрашув давомида умумий қиймати 15 млн. долларни ташкил этган «Қаттиқ маиший чиқиндиларни утилизация қилиш бўйича илғор технологиялар татбиқ этиш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, кейинчалик мазкур технологик ускуналарни мамлакатимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилди. Шунингдек, сингапурлик инвесторлар мазкур технологиялар соҳасида ўзаро самарали тажриба алмашишга ҳамда  тайёр эканликларини маълум қилдилар. 

Шу билан бирга инвесторлар оқова сувларни тозалаш технологияларини татбиқ этиш йўналишида ҳам инвестицион лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширишга истак билдирдилар.

Учрашув натижаси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Сингапурнинг «Alpha Global Capital (S) Pte. Ltd.» ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандумида ўз аксини топди.

 


 

Фойдали манбалар