Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Беларусь Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш вазири билан учрашуви
31.
07. 2019
19:12
6612
Янгиликлар

2019 йилнинг 30 июль куни Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Беларусь Республикасига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Баҳром Қўчқоровнинг Белорусь Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш вазири Андрей Худик билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзаро англашув, конструктив ва очиқ муҳитда ўтган музокаралар давомида иккала томон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсати, чуқур ислоҳотлар тўғрисида ўзаро фикр алмашдилар ҳамда чиқиндиларни комплекс бошқариш, экологик сертификатлаш, маркировкалаш, аудит, экологик таълим ва биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш каби қатор йўналишларда икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга ошириш юзасидан қарор қабул қилдилар.

2019 йилнинг 1 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Беларусь Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш вазирлиги ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Келишув имзоланади. Келишувнинг асосий мақсади миллий, минтақавий ва глобал даражалардаги экологик масалаларни ҳал этиш учун иккала томон ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш ҳисобланади.

Тузилган Келишув доирасида қуйидаги йўналишлар бўйича икки томонлама ҳамкорлик таклиф этилмоқда:

– атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш;

– биохилма-хилликни сақлаш, шу жумладан ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ноёб ҳамда йўқолиб кетиш хавфи остидан турган турларини муҳофаза қилиш, популяциясини тиклаш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш;

– муқобил энергия манбаларини ривожлантириш;

– чиқиндиларни комплекс бошқариш, уларни утилизация қилиш ва қайта ишлаш бўйича технологияларни жорий этиш;

– атроф-муҳит мониторинги;

– атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, сув ресурсларининг ифлосланишини олдини олиш, ресурс тежайдиган технологияларни татбиқ этиш;

– экологик тарғибот, экологик талофат зоналарида атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш.

Келишувни имзолаш ва келгусида уни амалга ошириш нафақат муносабатларни мустаҳкамлашга, балки Ўзбекистон Республикаси ва Белорусь Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик учун халқаро ҳуқуқий базани шакллантиришга хизмат қилади.

Фойдали манбалар