Озон қатлами ҳимоясига қаратилган янги қўшма лойиҳанинг тақдимоти
25.
07. 2019
12:39
9835
Янгиликлар

2019 йил 24 июль куни Тошкент шаҳрида «Radisson Blu» меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ҳамда Глобал экологик жамғармасининг «Ўзбекистонда глобал исиш салоҳияти паст ва озонни емириш салоҳияти бўлмаган энергия самарадор технологияларни жорий этиш орқали ГХФУни бутунлай истеъмолдан чиқариш» қўшма лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда ташкилотчилар, вазирликлар ва идоралар вакиллари ҳамда лойиҳанинг ҳамкорлари иштирок этдилар.

Озон қатлами  – стратосферанинг бир қисми бўлиб, унда жуда ҳам катта миқдорда озон мавжуд (озон – учта кислород атомидан ташкил топган молекула, O3). Озон қуёш ультрабинафша нурларининг молекуляр кислородга (O2) таъсири натижасида вужудга келади.

90% га яқин атмосфера озони стратосферада, яъни ер сатҳидан 10-50 км баландликда жойлашган. Атмосферада озоннинг миқдори шунақанги озки, у теккисликка жойланган тақдирда қалинлиги 3 мм га тенг бўларди.

Шунга қарамасдан унинг аҳамияти жуда ҳам катта. Агарда бизни озон қатлами ҳимоя қилмаганида, ҳозир биз қўриб тураётган Ердаги ҳаёт умуман бошқача бўларди.

Гап шундаки, озон қатлами анча хавфли бўлган қисқа тўлқинли ультрабинафша нурларини ўзига сингдиради ва шу орқали ер юзасидаги барча тирик организмларни зарардан ҳимоялайди. Шу билан бирга озон қатлами емирилиши ҳам мумкин.

Бу табиий ва антропогеник сабаблар туфайли рўй беради. Табиий сабабларга вулқон фаолиятини киритиш мумкин. Вулқон сабабли таркибида фтор бўлган моддалар атмосферага отилиб чиқади. Антропогеник сабаблар – бу инсон фаолияти туфайли озон қатламини емирилишига олиб келадиган ҳаракатлардир. Бунга асосан хлор ва бромни ўз ичига олган кимёвий моддаларни халқ ҳужалигида қўллаш киради. Бу каби моддалар асосан қишлоқ ҳужалигида пестицидлар сифатида (метил бромид) ёки совутиш ва ҳавони кондиционерлашда (масалан хлорфторуглерод (ХФУ) ёки гидрохлорфторуглерод (ГХФУ) фреонлари) қўлланилади. Фреонлар атмосферанинг юқори қатламларига кўтарилганда, ультрабинафша нурлари таъсирида улардан хлор (ёки бром) атоми ажралиб чиқади ва озон молекулаларини бирма-бир йўқ қилади.

Озон қатламини ҳимоя қилиш бўйича дастлабки қадамлар ўтган асрнинг 70-йилларида қўйилган эди. Шунга қарамасдан бу йўналишдаги муҳим воқеа озон қатламини ҳимоя қилиш бўйича Вена конвенцияси (1985 йил) ва озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреаль баённомасининг (1987 йил) қабул қилиниши ҳисобланади. Монреаль баённомаси халқаро келишув бўлиб, унга аъзо давлатлар озон қатламини емирувчи кимёвий моддаларни ишлаб чиқариш ва қўллашни босқичма-босқич қисқартиришлари, кейинчалик эса улардан батамом воз кечишлари лозим. Ҳозирги кунга келиб Монреаль баённомасини 197 та давлат ратификация қилган.

Ўзбекистон Вена конвенцияси ва Монреаль баённомасини 1993 йилда ратификация қилган. Кейинги йилларда у Баённоманинг тўртта қўшимчасини (Лондон, Копенгаген, Монреаль ва Пекин қўшимчаларини) ҳам қабул қилди.

Семинарни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ибратжон Каримов очиб берди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда Монреаль баённомаси доирасида олинган мажбуриятларни бажариш бўйича стратегик, қонунчиликка оид, институционал ва технологик чора-тадбирлар изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда, озонни емирувчи моддаларни, жумладан ГХФУни қўллашдан босқичма-босқич воз кечилмоқда. Бу йўналишдаги яққол ташаббуслардан бири ГХФУлардан фойдаланишни жадал қисқартиришга қаратилган ва 2013-2018 йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури кўмагида ва Глобал экологик жамғармасининг молиявий ёрдамида амалга оширилган қўшма лойиҳа ҳисобланади. Лойиҳанинг бажарилиши натижасида озон қатламини ҳимоя қилиш ҳамда Монреаль баённомасининг талабларини бажариш бўйича муҳим натижаларга эришилди.

Янги лойиҳанинг мазмун-моҳияти ҳамда спецификаси лойиҳа раҳбари Аброр Ходжаев томонидан тақдим этилди. Таъкидланганидек, лойиҳанинг мақсади 2020 йилга қадар Монреал баённомасида белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун ГХФУлардан босқичма-босқиш воз кечишни жадаллаштириш ҳамда 2030 йилгача хизмат кўрсатиш соҳасида ГХФУларни барқарор қисқартириш учун миллий салоҳиятни ошириш ҳисобланади.

Проект-менеджер, Аброр Ходжаев

Лойиҳанинг асосий ҳамкор ташкилотлари: 

– Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси;
– Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси;
– Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги;
– Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги; 
– Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги; 
– Хотин-қизлар қўмитаси; 
– «Ўзстандарт» агентлиги;
– ҳавони совутиш ва кондиционерлаш соҳасидаги давлат ва хусусий корхоналаридир.
 

Лойиҳа бир-бирига ўзаро боғлиқ бўлган 4 та компонентдан иборат:

– миллий қонунчиликни мустаҳкамлаш ҳамда унинг талабларига риоя этилиши ҳамда божхона ва табиатни муҳофаза қилиш органлари ҳодимларининг ГХФУ ва озонни емирувчи моддаларга муқобил бўлган моддаларнинг импорти/экспорти бўйича салоҳиятини мустаҳкамлашга кўмаклашиш (1 компонент);

– ГХФУлардан қайта фойдаланиш тизимини мустаҳкамлаш ҳамда ГХФУларни глобал исиш салоҳияти паст ва озонни емириш салоҳияти бўлмаган энергия самарадор технологиялар билан алмаштириш бўйича намойиш лойиҳалари амалга ошириш (2 компонент);

– ахборот-тарғибот фаолиятини ташкил этиш ва ҳавони совутиш ва кондиционерлаш соҳасида илғор технологияларни амалиётда қўллашни кенгайтириш учун ресурсларни жалб қилиш (3 компонент);

– ҳавони совутиш ва кондиционерлаш соҳасида хотин-қизлар иштироки ва ролини ошириш ҳамда лойиҳанинг доимий мониторингини ўтказиш ва баҳолаш (4 компонент).

Лойиҳани амалга оширилиши нафақат озонни емируви моддаларни назорат қилиш соҳасидаги кенг қамровли миллий қонунчиликни жорий этиш, балки озон қатламини муҳофаза қилиш соҳасида табиатни муҳофаза қилиш ва божхона органлари ходимларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш имконини беради. Шунингдек, мазкур лойиҳа ҳавони совутиш ва кондиционерлаш ускуналарида, шу жумладан уларни йиғишда ва ишлаб чиқаришда қўлланиладиган ГХФУлар истеъмолини қисқартириш, ГХФУларни глобал исиш салоҳияти паст ва озонни емириш салоҳияти бўлмаган энергия самарадор технологиялар билан алмаштириш бўйича намойиш лойиҳаларни амалга ошириш, шу билан бирга ҳавони совутиш ва кондиционерлаш соҳасида жамоатчиликни кенг хабардор қилиш бўйича ишларни ташкил этиш ва қўшимча ресурсларни сафарбар этиш имкониятини яратади.

Семинар давомида иштирокчилар лойиҳанинг яқин бир ичидаги режалари, ташкилий тузилмаси тўғрисида батафсил маълумотлар олдилар. Шунингдек, лойиҳани амалга оширишда ҳамкор ташкилотларнинг ўрни масалалари кенг муҳокама қилинди.
 


 

 

Фойдали манбалар