Ҳисор давлат қўриқхонаси: Ҳозирги кун ва истиқболда
27.
10. 2021
11:52
14518
Тадбирлар

Ҳисор давлат қўриқхонасининг жойлашган ўрни

Ҳисор давлат қўриқхонаси Ўзбекистоннинг жанубий-шарқий қисмида, Қашқадарё вилоятининг Шахрисабз, Яккабоғ ва Қамаши туманлари ҳудудида, Ҳисор тоғ тизмасининг ғарбий ёнбағирларида, денгиз сатхидан 1750 м дан 4366 м гача баландликда жойлашган.

Қўриқхона жанубий-шарқда Сурхондарё вилояти, шарқда Тожикистон Республикаси билан чегарадош.

Ҳисор давлат қўриқхонаси 1983 йилда Қашқадарё вилоятидаги икки мустақил Мироқи ва Қизилсув қўриқхоналарини бирлаштириш натижасида Ўзбекистон Министрлар Советининг 09.09.1983 й. № 521 сонли қарорига асосан ташкил этилган.

Умумий ер майдони 80986,1 га. Шундан, 2000 гектар экотуризм учун ажратилган қўриқланма зона ҳисобланади. Қўриқхона 4 та бўлимга булинган:

- Ғелон бўлими ер майдони - 18838,1 га.
- Мираки бўлими, ер майдони - 11821,0 га.
- Танхоздарё бўлими ер майдони - 20233,0 га.
- Қизилсув бўлимии ер майдони - 30094,0 га.

Қўриқхона ҳудуди 17 та сархад, 54 та айланиш булакчаси (кварталлардан) иборат.

 

Таби ий шароити

Ҳисор давлат қўриқхонаси Помир-Олой тоғ тизимига кирадиган Ҳисор тизмасининг шимолий-ғарбий кисмида жойлашган.

Унинг бутун ҳудуди ягона массив сифатида шарқдан ғарбга 37 км, шимолдан жанубга 90 км га чўзилган.

Тоғ ётқизиқлари ичида палеозой жинслари кўп учрайди.

Чўққиларининг баландлиги 2500 метрдан 4421 метргача. Жумладан, Хазрати Султон тоғи - 4266 м, Хўжа-киршавор - 4303 м, Тўртқўйлик – 4366 м, Биби-Ўлмас тоғи – 4349 м.

Ўзбекистоннинг энг баланд нуқтаси ҳам қўриқхонанинг Тўртқўйлик тоғидаги денгиз сатҳидан 4421 метр баландликда жойлашган номсиз чўққидир. Қўриқхона ҳудудида мезазой-кай­назой даври ётқизиқларида карст жараёнлари кенг таркалган ва ўралар, даралар, токча ва ғорлар кўплаб учрайди. Ушбу тоғ дарёлари ва сойлари чукур дараларни (коньонлар) ҳосил қилади.

Ҳисор давлат қўриқхонаси

Ҳисор давлат қўриқхонаси

Ҳисор давлат қўриқхонаси

 

Ўзбекистоннинг энг баланд  нуқтаси

Ҳисор давлат қўриқхонаси ҳудудида баландлиги 4500 метргача бўлган чўққилар: Ҳазрати Султон, Хўжа қиршивор, Тўртқўйлик, Биби Ўлмас, Номсиз чўққилари жойлашган бўлиб, улар Сурхондарёдаги Хўжапирпир ота, Хўжапиряк ҳамда Осмон талаш чўққилари билан ёнма-ён қад кўтарган, уларнинг сони жами еттита.

Мазку тоғ чўққиларининг этагида турган одам чўққига яқин бўлган бошқа икки ёки учта чўққини албатта кўра олади. Шунинг учун уларни «етти ака-ука», дейишади.

Мамлакатимизнинг энг баланд чўққиси – Номсиз чўққи. Бу чўққига ҳозирги кунгача ҳам ҳеч ким чиқолмаган. Шунинг учун унга ҳозирги кунгача ном қўйилмаган. Унинг баландлиги денгиз сатҳидан 4421 метрни ташкил қилади.

Номсиз чўққи Ҳисор давлат қўриқхонасининг Ғилон бўлимида жойлашган.

Абадий музликлар мавжуд бўлган ушбу чўққилардан Тўпалангдарё ва Оқсув дарёлари бошланади. Бу ерда анча йирик Ботирбой музлиги жойлашган, унинг майдони 1600 гектар. Оқсой дарёсининг юқори ирмоғи ва узунлиги 9-10 км бўлган Холиқдод сойи Ботирбой музлигидан бошланади.

Ҳисор давлат қўриқхонаси

Ҳисор давлат қўриқхонаси

Ҳисор давлат қўриқхонаси


Иқли ми

Ҳисор тоғ тизмаси денгиз ва океанлардан ўзоқда жойлаш­ган, шу сабабли қўриқхона ҳудуди тез ўзгарувчан иқлим шароитига эга ва метеорологик кўрсаткичлар тез-тез ўзгариб туради.

Куз ва қиш ойларида йиллик ёғиннинг 64% ёғиши кузатилади. Май ойдан сентябрь ойигача ёғинларнинг камлиги ёки умуман бўлмаслиги ўсимликлар вегетациясига салбий таъсир кўрсатади.

Қўриқхона ҳудудининг турли географик кесимдаги рельефда жойлашиши бу ерда шамол йўналишини ўзгаришига сабаб бўлади, яъни кечаси тоғдан пастликка қараб, кундузлари эса пастликдан юқорига шамол эсиши кузатилади.

Ҳисор давлат қўриқхонаси

Ҳисор давлат қўриқхонаси

Ҳисор давлат қўриқхонаси


Сувлари

Қўриқхона ҳудудидаги дарёлар Сурхондарё вилояти ва Тожикистон Республикасида жойлашган Северцев ҳамда Ботирбой музликларидан (3155 гектар) бошланади. Уларнинг энг йириклари Оқсув, Танхоз ва Қизилдарё дарёлари ҳисобланади. Дарёлар кор, муз, ер ости сувлари ва ёғинлардан тўйинади, уларнининг ўзанларида катта-кичик шаршаралар мавжуд.

Оқсув дарёсининг асосий ирмокларидан бири ҳисобланган Тамшуш дарёси денгиз сатхидан 3500 метр баландликда жойлашган Хўжақулбарс кояларидан бошланиб, қор, ёмғир ва булоклар сувларидан тўйинади. Қўкошсой, Зардолисой, Шоюрти, Лайлоқча, Майданак, Юртикалон каби 32 та катта-кичик сойлар сувидан ташкил топади ва Оқсув дарёсига кўшилади

Танхоздарёнинг узунлиги 104 км., сув йиғадиган майдони 459 кв.км.ни ташкил этиб, у денгиз сатхидан 2200-3500 метр баландликда жойлашган Отатуш, Улуғдара, Чот, Хўжагардон, Саритуз, Қаранкул, Окдарё, Қашкабулок каби 27 та катта-кичик сой сувлари ҳисобига ҳосил бўлади. Ушбу дарё ўзани бўйлаб Қоракамар, Алмати, Косатарош, Шўрхасан, Камар. Оммағон, Хитой, Ҳазара ва бошка қишлоқлар жойлашган.

Ҳудуднинг серсув манбаларидан бири Қизилсув дарёси денгиз сатхидан 4000- 4300 метр баландликда жойлашган Авғойи-калон довонидан бошланади, унинг узунлиги 110 км.ни, сув йиғадиган майдонининг сатхи эса 650 кв.км.ни ташкил этади. У тоғ чўққиларидаги қорларнинг эриши хамда Кизилбулок, катта-кичик Қалъасой, Оқсув, Шилҳазор, Авғойи-калон каби сойлар сувидан хосил бўлади.

Ҳисор кўриқхонаси ҳудудида катта-кичик 10 га яқин кўллар бор. Жумладан, Ғилон бўлимида 3 та, Мираки бўлимида З та, Танхздарё бўлимида 1 та ва Қизилсув бўлимида З та кўл мавжуд. Бугунги кунга қадар улар тўлиқ ўрганилмаган, фақатгина кўлларнинг денгиз сатхидан баландлиги, сатҳининг эни ва бўйи аниқланган холос.

Кўриқхона худудидан бошланиб Қашкадарё вилояти бўйлаб окаётган Окдарё, Танхоздарё ва Қизилдарёлар Қашқадарё воҳаси худуди ахолисининг 35-40% ини ичимлик суви билан таъминлайди. Дарёларнинг ҳаётбахш суви Китоб, Шахрисабз, Яккабоғ, Чироқчи, Қамаши, Ғузор, Қарши, Косон туманларида кишлок хўжалиги махсулотларини етиштиришда, боғлар барпо этишда ва бошқа хўжалик тармоқларида фойдаланилади.

Ҳисор давлат қўриқхонаси

Ҳисор давлат қўриқхонаси

Ҳисор давлат қўриқхонаси


Ўсимлик дунёси

Ҳисор давлат кўриқхонаси ўсимликлар дунёси жуда бой ва хилма-хил бўлиб, уларни муҳофаза қилиш ва ўрганиш кўриқхона ходимларининг асосий вазифаларидан биридир. Қўриқхона худудида 970 турдаги ўсимликлар ўсиши аникланган. Улар 81 оилага кирувчи 384 туркумга мансуб.

Улардан камёб ва йўколиб бораётган 30 тур ўсимлик Ўзбекистон Республикаси “Қизил Китоби”га киритилган. дилбанд лола, улуғвор лола, нор ширач, оқ парпи, сунбул коврак, Ўзбекистон чиннигули шулар жумласидандир.

Помир-Олой тот тизимида эндемик ҳисобланган ўсимликларнинг тури 80 дан ортиқ бўлиб, улардан қўрикхона худудида Кичик ва Катта юно, Алексей пиёзи, Федченко пиёзи, Тоғбаргли пиёз, Розинбах пиёзи, Ўзбекистон чиннигули, Бобров ва Кудряшев астрагаллари, Олта, Туберген, Чимён лолалари ўсади.

Кўриқхона ҳудудида ўсадиган ўсимликларнинг 250 турдан ортиғи доривор ва озуқабоб ҳисобланади. Улардан қиркбўғим, зира, зирк, олтин томир, чаканда, ривоч, буймадарон, шувок, торон, салеб, руян, сумбул, кийик ўти, кизилпойча халқ табобатида, Ошанин пиёзи, тоғбаргли пиёз, ривоч, зира, алқор кабилар махаллий халқ томонидан озуқабоб ўсимлик сифатида кўп ишлатилади.

Ҳисор давлат қўриқхонаси

Ҳисор давлат қўриқхонаси

Ҳисор давлат қўриқхонаси


Ўзбекистон Республикаси Қизил кито бига киритилган ноёб ўсимликлар

Улуғвор лол

Улуғвор лола Ғарбий Помир-Олойда кам тарқалган эндемик ўсимлик бўлиб, бўйи 12–25 см орасидаги кўп йиллик пиёзли ўт. Пиёзининг диаметри 2,5–4 см, чўзиқ-тухумсимон, устки қисми қора қўнғир ёки қўнғир юпқа чармсимон қобиқ билан ўралган. Барглари 3–4 та, тарвақайлаган, ўткир учли, наштарсимон, четлари эгри-бугри, кўкимтир рангли. Гули қизил, юлдузсимон, туби қора рангли. Чангчиси ва чангчи иплари қора, тим қўнғир ёки тўқ қизил рангли. Апрель–май ойида гуллаб, меваси июнь–июлда етилади. Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари: Зарафшон, Кўҳитанг ва Ҳисор тизмаларида тарқалган. Тожикистонда ҳам учрайди. Ҳисор давлат қўриқхонасининг денгиз сатҳидан 1600–2000 м баландликдаги соз тупроқли ёнбағирларида ўсади.

Нор ширач

Нор ширач Тянь-Шань ва Помир-Олойдаги ареали ажралган ва қисқариб бораётган эндемик ўсимлик, бўйи 100–250 см га етадиган кўп йиллик йирик ўт. Илдизпояси қисқа, нурсимон жойлашган, бўлаклари урчуқсимон йўғонлашган. Барглари кенг қалами, эни 4–8 см, силлиқ. Шингили тиғиз, кўп гулли, цилиндр шаклда, узунлиги 35–120 см. Гулолди баргчалари учбурчак шаклда. Шингилининг пастки қисмидаги гулларининг банди гулқўрғонидан 1,5–2 марта узун. Май– июлда гуллайди, меваси июль–августда етилади. Тошкент, Наманган, Жиззах, Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари: Ғарбий Тянь-Шань ва Помир-Олойнинг барча тизмалари, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистонда ҳам учрайди.Ҳисор давлат қўриқхонасининг ўрта қисмидаги майда жинсли, тупроқли ва тошли ёнбағирларда ўсади.

Ўзбекистон чиннигули

Мазкур ўсимлик тури  Помир-Олойнинг ғарбий қисмидаги камёб эндемик ўсимлик ҳисобланади. Бўйи 40 см гача етадиган кўп йиллик ўт. Поялари кўп, оддий, баъзан юқори қисмидан шохланган, туксиз, пастки қисми ғадирбудир, узунлиги 20–35 см. Барглари кўкимтиряшил, ўткир учли. Гуллари якка-якка, асоси қалин тукли, пушти рангли. Меваси – кўсакча, кўп уруғли. Май ойида гуллаб, меваси июнда етилади. Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари: Зарафшон тизмасида (Тахта Қорача довони, Қизилолма ва Тарағай қишлоқлари атрофлари) тарқалган. Ҳисор давлат қўриқхонасида Боғча қишлоғидан юқоридаги тош-шағалли жойларда, тош ва оҳактош синиқлари ва ёриқлари орасида ўсади. Популяцияси тарқоқ ҳолда.

Ҳисор давлат қўриқхонаси

Ҳисор давлат қўриқхонаси

Ҳисор давлат қўриқхонаси


Ҳайвонот дунёси

Ҳисор давлат қўриқхонаси ҳудудида умуртқали хайвонларнинг 276 тури учраши аникланган. Шу жумладан:

Сут эмизувчилар синфи – 32 тур;
Қушлар синфи - 225 тур;
Судралиб юрувчилар синфи - 17 тур;
Сувда ва қуруқликда яшовчилар синфи – 2 тур.
Балиқлар синфи - 2 тур;
Жами умуртқалилар – 276 тур

Ноёб ҳайвон турлари сони: 17 тур. – шундан,
Сут эмизувчилар синфи – 6 тур;
Қушлар синфи - 7 тур;
Судралиб юрувчилар синфи - 3 тур;
Балиқлар синфи – 1 тур.

Ҳайвонот дунёси

Ҳайвонот дунёси

Ҳайвонот дунёси

Ҳайвонот дунёси


Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ноёб ҳайвон турлари

Илвирс (қор қоплони)

Йўқ бўлиб кетиш арафасида турган, локал тарқалган тур. ТМХИ Қизил Рўйхатига киритилган. Тоғларнинг ўрта ва юқори (д.с.б. 2500-4500 м) қисмларида яшайди. Сўнгги ун йилликлар давомида сони узлуксиз камаймоқда. 1980-1990- йилларда Ҳисор қўриқхонасида 5-11, 1970-1980- йилларда Чотқол қўриқхонасида - 1-3 донаси ҳисобга олинган. Ҳозирда жами, тахминан 40-50 донани ташкил этади.

2020 йил ўтказилган ҳайвонот дунёси саноғи даврида Ҳисор давлат қўриқхонасида 32 бош қор қоплони қайд этилган. Асосан Қизилсув ва Танхоздарё ҳудудларида кўп учратилади. Қўриқхонада қор қоплонининг ҳаёт тарзини ўрганиш ва муҳофаза қилиш масаласига доир илмий-тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Амударё гулбалиғи (форели)

Заиф, қисқариб бораётган, Амударё эндемик реликт кенжа тури. Амударёнинг юқори қисмида (Сурхондарё, Сангардак ва Тўполанг дарёлари) тарқалган; Танхоздарёга келтирилган, Қорадарё ва Норинда иқлимлаштирилган. Тез оқадиган, суви совуқ ва туби тош-шағалли тоғ дарёлари. Қўриқхонанинг Танхоздарё ва Қизилсув дарёлари ва уларнинг ирмоқларида кенг тарқалган. Амударё гулбалиғининг ёввойи табиатдаги биоэкологик хусусиятларини ўрганиш натижасида уларни сунъий равишда кўпайтириш ҳамда тегишли балиқчилик йўналишини шакллантириш имконияти яратилади.

Тяншань қўнғир айиғи.

Заиф табиатдан камёб, мозаик тарқалган кенжа тур. Яшаш жойлари. Тоғларнинг д.с.б. 1500-3500 м бўлган ўрта ва юқори қисмлари. Сони. Ўзбекистонда 1970-1980 йилларда 200-220 бош бўлган. (Fарбий Тёншонда – 100 бошгача, Fарбий Помир-Олойда - тахминан 500 бошга яқин). Қўриқхона ҳудудида 2020 йилда 91 бош қўнғир айиқ учраши қайд этилган.

Ҳисор давлат қўриқхонаси

Ҳисор давлат қўриқхонаси

Ҳисор давлат қўриқхонаси


Илмий-тадқиқот ишлари

Қўриқхонада илмий-тадқиқот ишларининг олиб борилишидан асосий мақсад ҳудуддаги табиий мажмуалар ва уларни ташкил этган табиий унсурларнинг йиллар давомидаги фенологик динамикаси ҳамда хусусиятларини ўрганиш, тўпланган маълумотлар таҳлили натижасида атроф-муҳит мониторингини амалга ошириш ва тегишли илмий хулосалар тайёрлаш ҳисобланади.

Ҳисор давлат қўриқхонасида қўйидаги йуналишлар бўйича илмий ишлар олиб борилмоқда.

Мавзу: Қўриқхона табиий мажмуаларининг фенологик хусусиятлари ва атроф-муҳит мониторинги.

Мавзу: “Ҳисор давлат қўриқхонаси фауна вакилларини биологиясини сурат ва видео тасвирга олувчи фото-видео қопқонлар ёрдамида ўрганиш”.

Мавзу: “Ҳисор давлат қуриқхонаси ҳудудида ўсадиган Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган ўсимликларнинг биологиясини ўрганиш”

Мавзу: “Ҳисор давлат қўриқхонаси ҳудудида ноёб ва йўқолиб бораётган Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган қушларнинг биологиясини ўрганиш”

Ҳисор давлат қўриқхонаси

Ҳисор давлат қўриқхонаси

Ҳисор давлат қўриқхонаси


Қўриқхонанинг илмий салоҳиятини ривожлантириш режалари

Қўриқхонанинг қўриқлов ва илмий бўлим ходимларини малакасини ошириш ҳамда салоҳиятли илмий ходимлар билан таъминланганликка эришиш.

Ўзбекистон Республикаси ФА Ботаника ва Зоология илмий текшириш институти, Ўзбекистон Миллий Университети, Тошкет Давлат Аграр Университети, Самарқанд Давлат Университети, Қарши Давлат Университети ва бошқа илмий салоҳиятга эга муассасалар билан ҳамкорлигида илмий изланишларни тизимли йўлга қўйиш.

Қўриқлаш ва илмий бўлим ходимларини республикамиз ҳудудидаги қўриқхоналар билан тажриба алмашуви ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш.

Долзарб илмий мавзуларда тадқиқотларни амалга ошириш ва муҳофаза қилишга доир тавсияномалар ишлаб чиқиш

Қўриқхона илмий фаолиятга доир мақолаларни республикамизда ва чет эллардаги нуфузли илмий журнал ва конференцияларга тақдим этиш.

Грант маблағларининг ажратилишига эришиш ва илмий-тадқиқот ишларига йўналтириш.

Илмий-тадқиқот ишларининг моддий-техник жиҳатдан таъминланишига эришиш ва замонавий технологияларнинг қўлланилиши.

Халқаро алоқаларни ривожлантириш ва қўриқхонанинг илмий нуфузини халқаро даражага кўтариш.

Ҳисор давлат қўриқхонаси

Ҳисор давлат қўриқхонаси


Қўриқхонанинг туризм салоҳиятини ривожлантириш режалари

Ташриф марказини экотуристик объект сифатида шакллантириш ва марказни замонавий экоахборот технологиялари билан жиҳозлаш.

Туризм инфраструктурасини замонавий талаблар асосида шакллантириш.

Экотуристик маршрутлар (пиёда ва отда) ташкил этиш ва уларни ҳавфсизлик нуқтаи-назаридан жиҳозланишини таъминлаш. Шу жумладан, Ҳазрати Султон ота зиёратгоҳи ва Амир Темур ғорига чиқадиган сайёҳлар учун отда саёҳат хизматини ташкил қилиш.

Экотуризмга доир экотарғибот ишларини амалга ошириш, яъни қўриқхонанинг табиати ва фаолиятига доир реклама банерларини кенг миқёсда аҳоли кўп ташриф буюрадиган жойларда (парклар, автомобиль ва темирйўл вокзалларида, аэропорт ва бошқалар) жойлаштириш.

Экотарғиботга доир маълумотномалар, рисолалар, фотожамланмалар, видеолавҳалар ва бошқаларни тайёрлаш ҳамда оммабоплаштириш.

Веб-сайтнинг маълумотдорлигини ошириш ҳамда унинг оммабоплигига эришиш.

Сувтушар шаршарасида сайёхлар учун кичик зоопарк ёки питомник ташкил этиш.

Кам таъминланган аҳоли қатлами, ўқувчилар, кекса ёшдаги ташриф буюрувчилар учун имтиёзлар жорий қилиш.

Экотуризм соҳасига меҳнатда банд бўлмаган аҳолини жалб қилиш ва янги иш ўринларини яратиш.

Ҳисор давлат қўриқхонаси

Ҳисор давлат қўриқхонаси


Қўриқхонанинг экотарғибот ишларига доир режалари

Мухофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва у ердаги биохилма-хилликни асраб-авайлашга доир қўриқхона ходимлари томонидан оммавий ахборот воситалари орқали ҳамда маҳаллалар аҳолиси билан мунтазам экологик тарғибот соҳасидаги тадбирлар кўламини кенгайтириш.

Экотарғибот ишларини маҳалла фаоллари, ОАВ, таълим масканлари, халқаро ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошириш.

“Ҳисор давлат қўриқхонаси” номли ўсимлик ва ҳайвонот дунёси туғрисидаги фотоалъбомни кенгайтирилган қўшимча янги маълумотлар билан бойитилган вариантини тайёрлаш (ўзбек, рус ва инглиз тилларида).

Ҳисор давлат қўриқхонасидаги ўсимлик ва ҳайвонот олами тўғрисидаги маълумотларни мактаб уқувчилари учун ўқув дастурларини киритиш мақсадида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим ва Халқ таълим вазирликларининг ҳамкорлигини йўлга қўйиш.

Қўриқхона табиий мажмуалари тўғрисида аҳолининг турли ёш қатламларини ҳисобга олган ҳолда тайёрланган буклет, рисола ва бошқа маълумот манбалари ҳамда тарқатма материалларнинг оммабоплигига эришишиш.

Ҳисор давлат қўриқхонаси флора ва фаунаси, экотуристик салоҳияти ҳамда бошқа мақсадларга мулжалланган видеолавҳалар тайёрлаш ва намойиш этилишини таъминлаш.

“Қор қоплон” тўғрисида мультфильм яратиш уч тилда.

Экотарғибот ишларида замонавий ахборот технологияларини мувафаққиятли қўлланилишини таъминлаш.

Ҳисор давлат қўриқхонаси

Ҳисор давлат қўриқхонаси

Ҳисор давлат қўриқхонаси

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар