Навбатдаги матбуот анжумани
12.
04. 2021
17:00
4973
Янгиликлар

2021 йил 12 апрель куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан «Саноат корхоналарининг атроф-муҳитга зарарини камайтириш ва атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш масалалари» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Маълумки, ҳавонинг ифлосланиши инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, аллергия ва нафас олиш тизими касалликларини келтириб чиқарувчи сабаблардан бири ҳисобланади. Деярли ҳар бир йирик шаҳар атмосферасида юқори миқдорда ифлослантирувчи моддалар кузатилади. Улар экотизим ва аҳоли соғлиғига зиён келтириши нуқтаи назаридан жиддий ташвиш уйғотади.

Металлургия, энергетика,нефть-газ ва кончилик саноати корхоналари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш объектлари ҳамда автотранспорт воситаларидан чиқаётган тутунлар атмосферани ифлослантирувчи асосий манбалардир.

Бу борадаги ҳозирги аҳвол, шунингдек, келажакда чиқиндилар чиқариш ҳажмларининг янада кўпайиши электр ва иссиқлик энергияси манбаларини диверсификациялаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни тақозо этади.

Таъкидлаш жоизки, республика бўйича охирги йилларда олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар эвазига ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Масалан, ҳавога чиқарилаётган жами ифлослантирувчи моддалар миқдори 2016 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 2020 йилда 11 фоизга ёки 255,8 минг тоннага камайишига эришилди. Йўналишлар кесимида оладиган бўлсак, мазкур миқдорлар саноат корхоналарида 12,2 фоизга ёки 109,8 минг тоннага, транспорт воситаларида 10,4 фоизга ёки 145,9 минг тоннага камайди.

Ўзбекистон Республикасида атмосферага салбий таъсир оқибатларини имкон қадар юмшатиш мақсадида Давлат экология қўмитаси ва тизим ташкилотлари томонидан бир қатор ишлар олиб борилиб, халқаро ҳамкорлик доирасидаги лойиҳалар муваффақияти таъминланмоқда.

2021 йилда БМТнинг Озон қатламини муҳофаза қилиш бўйича Вена Конвенциясига асосланган Озон қатламини бузувчи моддалар бўйича Монреаль протоколининг Кигали тузатишига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши мақсадга мувофиқлиги бўйича кенгайтирилган таҳлилий маълумотлар йиғилишини давом эттириш ва пировардида ушбу тузатишга қўшилиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикасида 2020 йил 1 январдан бошлаб «Евро-4»дан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисини ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ишга туширишни таъқиқлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани ҳам диққатга сазовор. Хусусан, янгидан ишга туширилиши кўзда тутилган нефтни қайта ишлаш заводларида «Евро-4» ва ундан юқори экологик тоифадаги мотор ёқилғисини ишлаб чиқариш шарти билан Давлат экологик экспертизасининг хулосасини олиш тартибижорий этилиб, унинг амалдаги ижросиюзасидан қатъий назорат ўрнатилган.

Матбуот анжуманида қўмита томониданатроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш бўйича йўлга қўйилган мониторингга оид рақамлар ҳам келтирилди.Маълум қилинишича, давлат экологик мониторинги ўтказиладиган жами объектлар сони 2020 йилдаги 620 тадан айни пайтда 685 тага етказилди.

Йил бошидан буён 403 та корхонанинг 1413 та манбаларида мониторинг амалга оширилиб, 136 та объектнинг 169 та манбасида атроф-муҳитни рухсат этилган меъёрдан ортиқ ифлослантириш ҳолатлари аниқланди ва бартараф этиш чоралари кўрилди.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 737-сон қарори доирасида Давлат экология қўмитаситомонидан «Атроф табиий муҳит давлат мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базаси» яратилиб, унга Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси атроф табиий муҳит давлат мониторинги бўйича электрон маълумотлар базаси ҳам интеграция қилинди.Эндиликда шу тизимга Давлат геология қўмитаси ва «Ўзгидромет» хизмати марказинингахборот тизимларини ҳам интеграция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Мониторинг тизимини рақамлаштириш мақсадида республикадаги хавфлилик даражаси юқори бўлган 406 та саноат корхонасининг 1360 та атмосфера ҳавосига устувор турғун (ташкиллаштирилган) ифлослантирувчи манбаларида 2021-2025 йилларда босқичма-босқич автоматлаштирилган мониторинг тизими ташкил қилинади.

2020 йилда ҳудудий таҳлил лабораториялари ўлчов-назорат асбоб-ускуналари билан таъминлаш мақсадида Халқаро грантлар ҳисобидан 893,1 минг АҚШ доллари миқдорида «Mercedes Benz Sprinter» русумли 2 та мобил экологик лабораториялари ва 13 хилдаги 20 дона ўлчов назорат асбоб-ускуналари олинди.

Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси ҳисобига 187,9 млн сўм миқдорида 3 дона ўлчов-назорат асбоб-ускуналари ва 3 тўпламдан иборат мебель жиҳозлари харид қилинди.

Мазкур тадбирларни жорий йилда ҳам давом эттириш мақсадида давлат бюджети, грант маблағлари ва жамғарма ҳисобидан жами 26,0 млрд сўм йўналтириш кўзда тутилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «Осиё тараққиёт банки иштирокидаги «Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 25 ноябрдаги 748-сон қарорига мувофиқ ҳар бири 330,0 минг АҚШ доллари қийматига тенг 8 та мобиль лабораториялар ҳамда Тошкент вилояти таҳлил лабораториясини умумий 1,0 млн АҚШ доллари маблағлағлари ҳисобига замонавий ўлчов-назорат асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш амалга оширилади.

Навбатдаги матбуот анжумани

Навбатдаги матбуот анжумани

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар