Навоий вилояти ҳокими, сенатор Турсунов Кобул Бекназаровичнинг вилоят аҳолиси ва фаолларига Мурожаати
29.
10. 2020
09:47
6798
Янгиликлар

Ассалому алайкум, қадрли вилоят аҳолиси!

Барчангизга маълумки, вилоятимиз ўзининг бетакрор табиати, чўл ва саҳролари, тоғу даштлари, дарё ва сув ҳавзалари, жозибадор флора, фаунаси билан ажралиб туради. Бу беқиёс неъматлар эса шу бетакрор замин аҳли манфаатига беминнат хизмат қилиб келмоқда.

Бундан ташқари, вилоятимиз кенг ҳудуди, табиий бойликлари, обод манзиллари билан ҳам республикамизда муносиб ўрин тутади. Юртдошларимиз бепоён Қизилқум саҳроси бағрида жойлашган навқирон вилоятимизга ҳамиша ҳавас билан қараб келмоқда. Албатта, бундай шараф барчамизга чексиз фахру ифтихор бағишлайди.

Афсуски, ҳаётимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муаммолар ҳам борки, бунга асло кўз юмиб бўлмайди.

Бугун сиз қадрли телетомошабинларга мурожаат билан чиқаётганлигимизнинг боиси ҳам аслида шу мақсадга қаратилган. Чунки табиат, ҳаво, ер, сув, табиий минераллар, ҳайвонот ва ўсимликлар бебаҳо бойлигимиз, уларни асраб-авайлаш эса муқаддас бурчимиз эканлигини бир дақиқа бўлса ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ. Бугун бу ҳақида бонг урмасак, эртага кеч бўлиши аниқ.

Афсуски, инсоният айби билан ҳудудимизда экологик вазият тоборо кескинлашиб, атмосфера, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига катта зиён етказилаётгани ҳам ҳеч биримизга сир эмас.

Хусусан, шу йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида вилоятимиз бўйича 1600 тадан ортиқ қонунбузарликлар аниқлангани бунинг бир исботидир. Аслида бу рақамлар бундан ҳам кўплиги ҳеч кимга сир эмас. Шунга қарамасдан табиатга нотўғри муносабатда бўлаётган фуқароларимиз томонидан қонунбузарликларни содир этиш ҳолатлари тобора кўпайиб бормоқда.

Собиқ иттифоқ даврида аҳолининг табиатга нотўғри муносабати, ер ва тўқайзорлардан қонунга хилоф тарзда фойдаланиш, зарар етказиш, чўлларни кенг миқёсда ўзлаштириш натижасида аянчли экологик вазият юзага келди. Орол денгизи қуриши, дарёлар ўзанларидаги минглаб гектар табиий ихотазорлар йўқ қилиниши натижасида иқлим ўзгариб, шўрланиш даражаси ортиб кетди, бу эса турли касалликлар авж олишига сабабчи бўлди.

Узоққа бормайлик, Зарафшон дарёсининг бундан бир неча ўн йил олдинги ҳолати, унинг ўзани юзлаб қуш ва ҳайвонларга макон бўлганини кўпчилигимиз яхши эслаймиз. У пайтлар дарёнинг атроф-муҳитга ижобий таъсири, жозибаси бошқача эди. Ёки Қизилқум кенгликларида ҳар қадамда турли-туман ўсимликлар, қуш ва ҳайвонлар турларига дуч келардик. Афсуски, ҳозирда уларнинг турлари ҳам, сонлари ҳам камайиб йўқолиб бормоқда. Шундай экан, фуқароларимиз она табиатимизни асраш муҳимлигини тўла англаб етиши, келажак авлод онгига эса буни чуқур сингдириши лозим, деб ҳисоблайман.

Қолаверса, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактабларида фарзандларимизга экология ва унинг аҳамияти ҳақида чуқур тушунчалар бериш, бу йўналишдаги дарс сонини ошириш бўйича таклифлар билан чиқиш бугунги куннинг муҳим шартидир. Экология мавзусини ёш авлод қалбига сингдириш мақсадга мувофиқдир.

Ҳаётимизда рўй бераётган ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, йўқолиб бораётган кўплаб ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси турлари Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилди. Қизилқум саҳроси қулай ов объекти бўлгани учун баъзи бир юртдошларимиз ушбу китобга киритилган ўсимликларни йўқ қилиши, қуш ва ҳайвон турларини аёвсиз овлаши, беозор жониворларга қирғин келтираётганлигининг барчамиз бугун бунинг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Қадрли навоийликлар!

Албатта, иқтисодиётимизни саноат тараққиётисиз тасаввур эта олмаймиз. Навоий вилояти ҳам саноати ривожланган ва жадал суръатда ривожланиб бораётган ҳудуд ҳисобланиб, янги ишлаб чиқариш корхоналар барпо этиш ҳисобига кенгайиб бормоқда. Бу қувонарлидир, албатта.

Бугунги кунда вилоятимизнинг саноат корхоналари томонидан ҳанузгача манъан эскирган ишлаб чиқариш технологияларидан фойдаланилиши ҳисобига ҳар йили атмосферага қарийб 50 минг тонна ифлослантирувчи чиқинди чиқариб юборилмоқда. Айни пайтда ушбу салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида замонавий илғор технологияларни киритишни ҳамда модернизация қилишни бугунги давр тақозо этмоқда.

Яна бир оғриқли нуқталаримиздан - бу инсоният томонидан ўсимлик дунёсига зиён етказилишидир. Биламизки, саксовул ва барханлар Қизилқум саҳроси безаги, қумларни бир жойда сақлаб турувчи ҳимоя тўсини ҳисобланади. Аммо, чўл ҳудудларида яшовчи маҳаллий аҳоли, ҳаттоки, қўшни вилоятлар фуқаролари томонидан саксовуллар аёвсиз кесиб, ташиб кетилмоқда. Биргина мисол, шу йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида шу масала билан боғлиқ 208 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, жисмоний шахсларга 265 млн сўмга яқин жарима қўлланилди. Бу рақамлар эса аслида бундан-да кўп. Айниқса, бу ҳолатлар қиш мавсумида кўпроқ кузатилади.

Мана куз фасли ҳам бошланиб, қиш ҳам яқинлашиб қолмоқда. Бу эса ўз навбатида юқоридаги ҳолат янада авж олишидан далолат беради. Шундай экан, бу жараёнда барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатликда бор куч ва имкониятларимизни табиат мўъжизаларини йўқ қилишдан сақлаб қолишга сафарбар этишимиз лозим.

Яна шундай катта муаммоларимиздан бири – чиқинди масаласидир. Бу масала ҳам доимий равишда барчамизни ташвишлантириб келмоқда. Фуқароларимиз томонидан яшаб турган манзиллари, кўча-куйларни ахлатхонага айлантириш, уй-рўзғордан чиққан чиқиндиларни тўғри келган жойга ташлаб кетиш ҳолатлари давом этмоқда ва ҳудудларда турли антисанитария ҳолатларининг юзага келишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳам доимий тарзда энг оғриқли нуқталаримиздан бўлиб келган. Минг афсуски, тушунтиришларга қарамасдан, аҳоли барибир бу каби салбий ҳолатларни содир этишда давом этмоқда. Бунинг учун жамоатчилик назоратини кучайтириш ва шахсий ташаббус кўрсатган фуқароларни рағбатлантириш бўйича ўз таклифларимизни ишлаб чиқишимиз, бунда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бош ташаббускор бўлиши лозим, деб ўйлайман.

Барчангизга маълумки, айни пайтда ҳар қадамда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда, қурилиш хом ашёси ва материалларига эҳтиёж ошмоқда. Аҳоли ва баъзи тадбиркорлар томонидан дарёлар ўзани ҳамда тоғли ҳудудларда ҳеч қандай рухсатсиз ноқонуний каръерлар ташкил этиб, тош ва қум-шағалларни қазиб олиш ишларига қўл уришмоқда. Бу ғайриқонуний ҳаракатлари билан улар атроф-муҳитга салбий зиён етказишмоқда, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бу каби қонунбузилишлар ва уларнинг олдини олиш ишлари эса доимий равишда тегишли ваколатли назорат органлари эътиборида бўлиши керак.

Айни пайтда, ўлкамизда куз фасли кезмоқда. Бу даврда баргхазонлар тўкилиб, теварак-атрофга сочилади. Боғ-роғларга шакл ва ишлов бериш, ҳосилдан бўшаган ерларни ағдариш, ҳар бир ҳудуд иқлимига мос манзарали дарахт ниҳолларини ўтқазиш мавсуми ҳадемай бошланади. Бу палла аҳоли учун яшаб турган ҳовли, кўча, маҳаллаларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирларини амалга ошириш учун қулай фурсатдир. Чунки тозалик ва озодалик бор жойда қут-барака, хосият мўл бўлади. Аммо, шу ўринда алоҳида эслатиб ўтишимиз жоизки, тўпланган баргхазон ва қуриган ниҳолларни ёқиш табиат, инсон саломатлиги учун катта зарардир.

Яшаб турган манзилларимизни янада обод этиш йўлида аҳоли ҳовлилари, кўчалар, маҳаллаларда тозалик, озодалик ишларини жадаллик билан олиб бориш лозим.

Айниқса, кўчат ўтқазишда ҳавога кўп кислород ажратиб берувчи кенг баргли, яъни, тол, терак, павлония, липа, акация, айлант, арча ва бошқа дарахт кўчатларини экиш алоҳида эътибор бериш ва кўпайтиришни тавсия этаман.

Вилоятимизнинг ҳудудий жиҳатдан кенглиги, ов қилиш учун қулай ҳудуд бўлгани учун нафақат вилоятимиз, балки бошқа вилоятлар овчиларининг ҳам сафи кенгайишига сабаб бўлмоқда. Аммо бу имкониятлардан нотўғри фойдаланиш, фауна ва флора оламига вахшийларча муносабатда бўлиш Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоби”га киритилган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига жиддий зарар етказиш тобора тус олмоқда.

Ачинарлиси, вилоятда браконьерлар сони ўтган йили 1400 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирда 1600 нафардан ошди.

Қанчалик аччиқ бўлсада алоҳида таъкидлаш керакки, улар орасида раҳбар ходимлар, тадбиркорлар ва бошқа соҳа вакилларининг ҳам борлиги янада ташвишлидир. Она табиат Яратганнинг бебаҳо неъмати, қолаверса давлат мулкидир. Уларга зиён етказишга ҳеч кимнинг асло ҳаққи йўқ. Шундай экан, табиатга бешавқатларча муносабатда бўлаётганларни тартибга чақириш, ўрни келганда жазо муқаррарлигини таъминлаш, бир сўз билан айтганда бу каби ноқонуний фаолиятни жиловлаш фурсати келди, деб ҳисоблайман.

Азиз ҳамюртлар!

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш доимий давлатимиз ва Ҳукуматимиз эътиборидаги соҳалардан бири ҳисобланади. Ҳозирги вақтда миллий қонунчилигимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича фаолиятни тартибга солувчи 30 дан ортиқ қонунлар ва 140 тадан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани бунинг яққол исботидир.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, юртимизда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида она-табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, Юртбошимизнинг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори, шунингдек, жорий йил 10 августда Давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган муҳим вазифалар соҳа тараққиёти учун янги истиқболларни очди. Бундан ташқари, давлатимиз Раҳбарининг шу йил Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Экология кодекси қабул қилиш тўғрисида”ги таклифи соҳа равнақи ва келажаги учун тарихий воқеилик бўлди. Ҳозирдан депутатларимиз билан ҳамкорликда ушбу қонун ҳужжатига ўзимизнинг таклифларимизни ишлаб чиқиб, тақдим этиш чораларини кўришимиз лозим.

Ҳозирги давр экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир амалдаги қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, соҳада туб ислоҳотлар ўтказишни талаб этмоқда. Чунки амалдаги қонунчилик талабларида қонунбузарларга нисбатан жазо тариқасида фақатгина Маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Шу ўринда, ҳурматли депутатларимиз!

Ушбу жазо чораларини янада кучайтириш юзасидан юқори палаталарга ўзларининг асосли таклифларини беришлари мақсадга мувофиқдир.

Шуниси равшанки, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида махсус қонунчилик асосида амалий чора-тадбирлар кўрилмаса, уларнинг табиатда йўқ бўлиб кетиши хавфини йўқотиб бўлмайди. Чунки табиат мўъжизаларининг ҳар бир тури такрорланмас, ягона, ўзига хос ўринга ва муҳим аҳамиятга эга бўлган инъомдир.

Ҳурматли туман, шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари!

Ўз ҳудудингизда экологик вазият барқарорлигини таъминлаш, табиатни асраб-авайлаш борасида ташкилотчилик, ташаббускорликни намоён этиш ҳамда она табиатни талон-тарож қилишга йўл қўймаслик борасида фаоллик кўрсатишингиз талаб этилади. Экологик вазият барқарорлигида сизнинг эътиборингиз ва кўмагингиз жуда ҳам муҳимдир.

Қадрли халқ вакили - депутатлар, жамоатчилигимиз вакиллари!

Жойларда экология тарбия ва маданиятни қарор топтиришда депутатларимиз ва жамоатчилигимиз, маҳалла фаолларимиз кўмагига таянамиз.

Чунки, сизлар ҳамиша халқ орасида бўлиб, бу борада тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда жонбозлик кўрсатасизлар. Сизларнинг бу эзгу ва хайрли ташаббусларингиз эко олам барқарорлигида етакчи ўрин тутади. Шу боис, айни кунларда бу борада янада фаол бўлишингизни, халқимизни ортингиздан эргаштиришингизни сўраб қоламан. Унутманг, биз ҳамжиҳатликда ва биргаликда катта кучга эгамиз.

Ҳурматли вилоятдошлар!

Бу муқаддас замин - барчамизники. Жонажон мамлакатимиз экологияси, бебаҳо табиати, ҳар бир гиёҳи, сув ресурслари, ер усти ва ер ости бойликларидан самарали фойдаланиш, асраш, уларни келажак авлодларга бус-бутун етказиш бугун ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Олдимизда кечиктириб бўлмас муҳим вазифалар турибди. Бугун бу борада чуқур қайғурмасак, эртага унинг асоратидан ўзимиз, ўсиб келаётган фарзандларимиз қаттиқ азият чекиши турган гап. Бунинг учун эса ҳаммамиз уйғонишимиз, лоқайдлик ва бефарқлик кайфиятидан холос бўлишимиз лозим.

Албатта, бу борада кечиктириб бўлмас тадбирларни амалга ошириш, аҳоли ўртасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда кенг жамоатчилик, нуронийлар, депутатлар, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари кўмагига таянамиз.

Қадрли ҳамюртлар!

Бир сўз билан айтганда, Яратганнинг муқаддас она табиатига зиён етказиш асло кечирилмас ҳатодир. Бу борада буюк Абу Райҳон Беруний бобомиз шундай деган: “Агар инсонлар табиатга нисбатан беписанд муносабатда бўлиб, унинг қонуниятларини бузсалар, табиат бир кун келиб шундай ўч оладики, уни ҳеч қандай куч қайтаролмас”, деган нақадар улуғ даъватларини айни ҳақиқат эканлигини таъкидлаб ўтишни жоиз деб, ҳисоблайман.

Шундай экан, вилоятимиз экологияси ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда барча вилоятимиз аҳлини, давлат ва жамоатчилигимиз вакилларини барчани яқин ҳамкорликка, фаолликка даъват этаман.

Эътиборингиз учун рахмат!

Манба: https://telegra.ph/Navoij-viloyati-ҳokimi-senator-

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар