Давлат экология қўмитасида Кореянинг Глобал яшил тараққиёт институти раҳбарияти билан онлайн мулоқот ўтказилди
22.
10. 2020
18:03
5900
Янгиликлар

22 октябрь куни Давлат экология қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Ш.Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисида илгари сурган ташаббусларини амалга ошириш мақсадида Давлат экология қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Н.Обломурадов Кореянинг Глобал яшил тараққиёт институти (Global Green Growth Institute – GGGI) президенти, БМТнинг собиқ Бош котиби Пан Ги Мун билан онлайн мулоқот ўтказди.

Учрашувда Давлат экология қўмитаси ва Глобал яшил тараққиёт институти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланиши тўғрисида келишилди. Шунингдек, ҳамкорликнинг дастлабки қадами сифатида KOICA агентлиги кўмагида қиймати 5;6 млн. АҚШ долл. бўлган «Қорақалпоғистон Республикасида Орол денгизи инқирозининг оқибатларини бартараф этишга қаратилган «Яшил тикланишга инвестиция» қўшма лойиҳасини амалга ошириш муҳокама қилинди.

Ўз навбатида Жаноб Пан Ги Мун мамлакатимизга ташрифи давомида Орол инқирози нафақат минтақа, балки глобал миқёсдаги экологик фожеа эканлигига шахсан ўзи гувоҳ бўлганлигини, муаммонинг атроф-муҳит, аҳоли соғлиғига таъсирини камайтиришга йўналтирилган ишларда халқаро ҳамкорлик муҳимлигини ҳамда давлатимиз раҳбари томонидан БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурган муҳим ташаббусларни мамнуният билан қабул қилганлигини таъкидлаб ўтди.

Учрашув қатнашчиларига Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Оролбўйи минтақасида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар юзасидан ахборот берилди, «Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди» номли китоб Корея томонига тақдим этилди.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар