Ахборот хизматлари фаолияти танқидий таҳлил қилинди
17.
10. 2020
14:50
4703
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида давлат органлари томонидан медиа макондаги ахборот таҳдидларига ўз вақтида, малакали жавоб бериш механизмларини такомиллаштиришга бағишланган ишчи учрашув ташкил этилди.

Унда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Энергетика, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Транспорт вазирликлари, Экология қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги каби ташкилот ва идоралар матбуот котиблари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, 12 октябрь куни Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Арипов раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, унда Президентимизнинг “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 27 июндаги 4366-сон қарорида белгиланган вазифалар ижроси ҳамда ахборот хизматлари фаолияти таҳлил қилинган, матбуот хизматларининг фаоллигини ошириш, фуқароларни расмий маълумотга бўлган эҳтиёжини қондириш юзасидан муҳим топшириқлар берилган эди.

Бугунги учрашувда матбуот котибларининг медиа маконда кенг муҳакамаларга сабаб бўлаётган материалларга жавоб бериш, муносабат билдириш ҳолати танқидий муҳокама қилинди. Таҳлилларга кўра, 2020 йил бошида ушбу кўрсаткич 83 фоиз бўлган бўлса, сентябрь ойида 73 фоизга тушиб кетган.

Тадбир сўнггида матбуот хизматларининг фаоллигини янада ошириш, интернет, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлар каналларидаги резонансли материалларга тезкор муносабат билдириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар