Палата мажлислари. Ўсимлик дунёси объектларига етказилган зарар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
15.
09. 2020
17:12
4421
Янгиликлар

Маълумотларга кўра, яшил олам шаҳар ҳавосини 2-8 даражага салқинроқ қилади, битта дарахт йилига 15 минг литргача сувни тупроқда сақлайди. Ўзбекистон ҳудудининг 7,5 фоизи табиий ўрмонлар билан қопланган. Дунё мамлакатларида эса бу кўрсаткич 30 фоизни ташкил этади. Масаланинг жидийлигидан келиб чиқиб, юртимизда охирги йилларда ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилиш мақсадида бир қатор қатъий чоралар кўрилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 15 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисида «Ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилишни такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси депутатларнинг қизғин баҳс-мунозараларига сабаб бўлди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан дарахтлар, буталар ва бошқа ўсимликларни ғайриқонуний равишда кесиш, уларни йўқ қилиш, кундаков қилиш, шикастлантириш ёки кўчириб ўтказиш учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига киритилаётган ўзгартишларга кўра, жавобгарлик чоралари аввалгисига нисбатан икки бараварга оширилмоқда. Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мазкур соҳада содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёни ва маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёси ҳам мусодара қилиниши назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга жойларда ўзларига вақтинча ёки доимий равишда фойдаланишга ажратилган ёки бириктирилган майдонлардаги дарахтларни сақлаш ва уларни муҳофаза қилиш чораларини кўрмаганлик учун мансабдор шахсларга ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима белгиланмоқда.

Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши дарахтлар, буталар ва бошқа ўсимликларнинг ғайриқонуний кесилиши, йўқ қилиниши, шикастлантирилиши ёки бошқа жойга кўчирилишининг олдини олишга ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва фуқароларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш орқали бу борадаги ҳуқуқбузарликларнинг камайишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси

Манба: http://parliament.gov.uz/uz/events/chamber/31971/

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар