Таркибида озонни бузувчи моддалар бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Рспубликасига оли кириш ва Ўзбекистон Рспубликасидан олиб чиқиш учун рухсатномалар бериш

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 ОЗОННИ БУЗУВЧИ МОДДАЛАР ВА ТАРКИБИДА УЛАР БЎЛГАН МАҲСУЛОТЛАРНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИГА ИМПОРТИНИ ТАРТИБГА СОЛИШНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикасида озонни бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш Миллий дастури босқичма-босқич бажарилмоқда, тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, давлат томонидан тартибга солиш ишлари соддалаштирилмоқда.

Халқаро миқёсда глобал исишнинг юқори салоҳиятли муқобил моддалардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган хавф-хатарларни максимал ҳисобга олган ҳолда, озонни бузувчи моддаларни фойдаланишдан чиқаришга қаратилган қарорлар қабул қилинган. Озон қатламини бузувчи моддалар бўйича Монреал протоколи қоидаларида озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш тақиқланган, протоколни имзолаган тарафлар томонидан бундай товарларнинг ўз мамлакатларига олиб кирилишига қатъий тақиқ жорий қилинган.

Озонни бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш Миллий дастурини амалга оширишга қаратилган, озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикасига импорти ва Ўзбекистон Республикасидан экспортини давлат томонидан тартибга солиш чора-тадбирларини янада такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятининг Товар номенклатурасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасига импорт ва Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилиш рухсатномалар бўйича амалга ошириладиган озонни бузувчи моддалар турлари рўйхати 1-иловага мувофиқ;

таркибида озонни бузувчи моддалар бўлган, Ўзбекистон Республикасига импорт ва Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилиш рухсатномалар бўйича амалга ошириладиган маҳсулотлар турлари рўйхати 2-иловага мувофиқ;

Озонни бузувчи моддаларни ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига импорт қилишга ва Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилишга рухсат бериш тартиб-тамойилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;

2018-2030 йиллар даврида озонни бузувчи моддаларни Ўзбекистон Республикасига импорт қилишга квоталар 4-иловага мувофиқ;

Озонни бузувчи моддаларни Ўзбекистон Республикасига импорт қилиш учун квоталарни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низом 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикасига қуйидагиларни импорт қилиш тақиқлансин:

озонни бузувчи моддалар 6-иловага мувофиқ рўйхат бўйича;

1-илованинг I гуруҳ А рўйхатидаги ва I гуруҳ С рўйхатидаги ҳамда ушбу қарорнинг 6-иловаси кўрсатилган озонни бузувчи ёки уларга боғлиқ бўлган моддалардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган совутиш жиҳозлари ва ҳавони кондиционерлаш ускуналари.

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 августдаги 225-сон қарори  (Ўзбекистон Республикаси қарорлари тўплами, 2013 й., 8-сон, 55-модда) билан тасдиқланган Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар рўйхатининг 122-позициясидаги «олиб кириш», «олиб чиқиш» ва «Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси» сўзлари тегишли равишда «импорт», «экспорт» ҳамда «Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси» сўзлари алмаштирилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 7-иловага мувофиқ баъзи қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин;

ушбу қарорнинг мақсади, мазмуни ва амалий аҳамиятини тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўртасида кенг ёритиш бўйича тадбирлар режасини тасдиқласин ҳамда белгиланган муддатларда унинг амалга оширилишини таъминласин.

6. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгач кучга киради.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.В. Акмалов, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б.Т. Қўчқоров ҳамда Давлат божхона қўмитаси раиси М.В. Тохирий зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 09 январь,

17-сон


Фойдали манбалар