Тошкент вилояти: Чирчиқ дарёси муҳофаза зонасида олиб борилаётган рейд тадбирлари тафсилоти
25.
03. 2020
14:33
5588
Новости

Бугунги кунда ОАВ вакиллари, блогерлар томонидан Чирчиқ дарёси муҳофаза зонасида ноқонуний чиқиндихоналарнинг юзага келгани, ишлаб чиқариш корхоналари, хусусий тадбиркорлар, оддий фуқаролар томонидан атроф муҳитни муҳофаза қилиш қонунчилиги талабларига риоя этилмаганлиги юзасидан мурожаатлар, ижтимоий тармоқларда хабарлар жойлаштирилиб турибди.

Давлат экология қўмитаси томонидан муаммони самарали ҳал этиш мақсадида Тошкент вилояти бошқармаси томонидан Чирчиқ дарёсининг муҳофаза зонасида жойлашган объектлар хатловдан ўтказилган.

Хатлов натижаларига кўра, Тошкент вилояти Чирчиқ дарёсининг 250 метрлик муҳофаза минтақасида жойлашган объектлар сони 2652 тани (булар: ишлаб чиқариш ва автотранспорт корхоналари, дала ҳовлилар, ошхона ва ресторанлар ва бошқалар) ташкил этади.

Бугунги кунга қадар Давлат экология қўмитаси тизимидаги давлат инспекторлари томонидан рейд тадбирлари ташкил этилди.

Хусусан, 14 март куни Қибрай тумани, «Чингелди» МФЙ ҳудудида Чирчиқ дарёсига номаълум шахслар томонидан ноқонуний равишда тўкиб кетилган (тахминан 50 та машина) қурилиш ва маиший чиқиндилар тозаланиб, 1 гектарга яқин майдонда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Ушбу ишларни амалга оширишда «Тошвилйўлсаноат» АЖ ва «Автойўл» АЖнинг техникалари жалб этилди.
 

   

16 март куни Қибрай тумани «Роҳат» МФЙ ва Юқоричирчиқ тумани «Болта» МФЙ ҳудудларида Чирчиқ дарёсининг 2 км масофасида чиқиндилардан тозалаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Ушбу ишларни амалга оширишда мазкур ҳудудда фаолият олиб бораётган тош майдалаш корхоналарининг техникалари жалб этилди.

18 март куни Тошкент вилояти ҳудудида рейд олиб борилди. Рейд давомида Қибрай тумани, «Ҳақиқат» МФЙ ҳудудида фуқаро Е.Алибаев томонидан «ЗИЛ» автомашинасида қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган жойга ташлаганлиги аниқланиб, МЖтКнинг 91/1-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари миқдорида (669 000 сўм) маъмурий жарима қўлланилди.

Шу билан бирга «Тузел» МФЙ ҳудудида фуқаро Н. Исаев томонидан ноқонуний равишда қум-шағал қазиб олиш ҳолати аниқланиб, МЖтКнинг 70-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари миқдорида (2 223 000 сўм) жарима қўлланилди.
 

   

20 март куни Чирчиқ дарёсининг Тошкент вилояти Қибрай туманидан ўтган қисмида экологик рейд олиб борилганида, «Роҳат» МФЙ ҳудудида ер текислаш мақсадида Паркент туманида яшовчи фуқаро С.Улуғходжаев томонидан «MAN» автотранспорт воситасида қурилиш чиқиндиларини олиб келиб, ноқонуний равишда Чирчиқ дарёсининг муҳофаза зонасида тўкаётганлиги аниқланди. Ҳолат бўйича фуқарога нисбатан МЖтКнинг 91/1-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари миқдорида (669 000 сўм) маъмурий жарима қўлланилди.

Рейд тадбирлари давом этмоқда.
 

   
   

 

 

Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


 

Полезные ресурсы