Ўзбекистон Қизил Китобининг янги нашрига тайёргарлик:ҳайвонот ва ўсимлик дунёси бўйича қандай ўзгаришлар юз берди?!
19.
10. 2019
22:16
7679
Новости

Биологик хилма-хилликни, хусусан ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи ҳайвонлар ва ёввойи тарзда ўсувчи ўсимликларнинг турларини сақлаб қолиш ва қайта кўпайтиришни таъминлаш мақсадида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Фанлар академияси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Қизил китобини тайёрлаш ва нашр этиш билан боғлиқ ишлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, Қизил китоб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшайдиган ҳайвонлар, ёввойи ўсимликлар ва қўзиқоринлар турларининг ҳолати, тарқалиши, камёблик мақоми ва йўқолиб кетиш хавфининг мақоми ва муҳофаза чоралари тўғрисидаги маълумотлар мажмуи ҳисобланиб, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турларни муҳофаза қилиш ва уларни қайта тиклашга қаратилган.

Сўнгги ўн йил давомида табиатдан фойдаланишнинг жадаллашуви натижасида Ўзбекистондаги кўплаб ҳайвон турлари кучли антропоген таъсир остида қолиб, уларнинг яшаш жойлари ва сони қисқарди, баъзилари эса бутунлай йўқ бўлиб кетди. Ҳозирда кўплаб ҳайвон турларининг, жумладан, Ўрта Осиё чўл тошбақасининг сони ҳам яшаш жойларининг ўзгариши ва йўқ қилиниши (яйловлардан чорвачилик мақсадида узоқ йиллардан бери ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш оқибатида), қўриқ ерларнинг ўзлаштирилиши, тижорат (экспорт) мақсадида тошбақаларни овлаш ва тухумларини териш, браконьерлик, табиий яшаш жойларининг ўзлаштирилиши каби антропоген омиллар туфайли узлуксиз камайиб бормоқда.

Ўрта Осиё чўл тошбақаси ўтган асрнинг биринчи ярмидан бошлаб камайишни бошлаган. Иккинчи Жаҳон уруши даврида Ўрта Осиё тошбақаси гўштидан кўп миқдорда консервалар тайёрлашда фойдаланилган. 1950–1960 йилларда тошбақа, асосан, иқтисодий эҳтиёжлар учун йиғилган, бироқ очиқ даштда қишлоқ хўжалиги ривожланиши турларнинг яшаш жойлари ва сони сезиларли даражада камайишига олиб келди. 1960–1980 йилларда тошбақанинг мазкур турига бўлган қизиқишларнинг ортиши сабаб улар зоологик савдога чиқарилган.

Ўрта Осиё чўл тошбақаси (Agrionemys horsfieldii) заиф, ҳимояга муҳтож тур сифатида Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро иттифоқи (ТМХИ)нинг Қизил рўйхатига киритилган. Мазкур тур мамлакатимиз ҳудудининг қўзғалувчан қумларидан ташқари барча текислик қисмларида тарқалган. Ўзбекистондан ташқарида Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон, Эрон, Афғонистон, Шимоли-ғарбий Хитой ва Шимолий Покистонда учрайди. Қизилқум, Сурхон, Нурота давлат қўриқхоналарида ва Бухоро ихтисослашган “Жайрон” питомнигида муҳофаза остига олинган.

Охирги 18 йил давомида қонуний ва ноқонуний равишда жами 1.254.100 дона Ўрта Осиё чўл тошбақаси табиатдан олинган ва экспорт қилинган. Ҳозирда тошбақанинг табиий яшаши учун яроқсиз ва ўзлаштирилган ҳудудларнинг умумий майдони 300 минг км2 ни ташкил этади. Манбаларда келтирилишича, сўнгги 60 йил мобайнида хўжалик фаолияти юритилиши натижасида тошбақанинг яшаш жойлари 1,5 миллион гектарга қисқариб кетган.

Бугунги кунга келиб мазкур турнинг табиий популяциясини сақлаб қолиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қизил китобининг янги нашрига киритилди (батафсил маълумот http://zoology.uz сайтида).

Қизил китобнинг янги нашрига шунингдек, антропоген омиллар таъсири остида қолган ва тобора камайиб бораётган ўсимлик турлари ҳам киритилган. Эслатиб ўтамиз, мазкур турлар Қизил китобнинг аввалги нашрида қайд этилмаган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти илмий ходимлари томонидан Тожик ковраги табиий популяцияларининг ҳозирги ҳолати, табиий захиралари ва тарқалиш ҳудудларини ўрганишга қаратилган илмий тадқиқотлар натижасида ўсимлик популяциялари сонининг кескин қисқариб кетганлиги, ўз навбатида, ўсимлик захираси ҳажмининг камайиб кетганлиги аниқланди. Бунга асосий сабаб, табиатдан фойдаланувчилар томонидан ўсимлик хомашёси (шираси) назоратсиз, режасиз ва нотўғри (ўсимлик илдизи ўзак қисмини тўлиқ кесиб ташлаш орқали – бунда ўсимликнинг тўлиқ нобуд бўлишига олиб келади) йиғиб олинаётганлигидир.

Боиси шуки, ўсимликдан фармацевтикада қон тўхтатувчи бойлам сифатида фойдаланилади. Халқ табобатига бағишланган қатор илмий манбаларда бу шира аменорея касаллигини даволашда катарал маҳсулот сифатида тавсия этилган. Кўпчилик Шарқ давлатларида халқ табобатида бу ўсимлик илдизидан олинадиган шираси қуруқ йўтал, метеоризм ва томир тортишиш касалликларида фойдаланилади. Атеросклероз, катаракта, асаб ва руҳий бузилишларнинг ривожланишини тормозловчи восита сифатида юқорида даражада қадрланади. Бундан ташқари, ўсимлик кучли антигельминт хусусиятига эга. Қандолатчиликда хушбўй ҳид берувчи сифатида фойдаланилади. Бироқ, буларнинг барчаси қатъий тавсиялар асосида ва дори воситаларини тайёрлаш рецентларига жиддий риоя қилингани тақдиридагина ижобий таъсир аҳамиятига эга бўлишини унутмаслик лозим.

Республикамизнинг Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари худудларидаги юқори адир ва қуйи тоғ минтақаларида жойлашган табиий захираларидан, яъни бундай нооқилона фойдаланиш натижасида илгари хўжалик аҳамиятига эга бўлган майдонлар буткул яроқсиз ҳолатга келиб, мазкур турни Ўзбекистон Республикаси Қизил китобининг навбатдаги нашрига 3-мақом билан тавсия этилишига асос бўлди (батафсил маьлумот www.botanika.uz сайтида).

 

Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


 

Полезные ресурсы