Ўзбекистон – Германия: Тажриба алмашиш, малака ошириш, янгиликка интилиш – тараққиёт омили
18.
10. 2019
17:13
5202
Новости

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида Германиянинг «NAUE» компанияси раҳбари Юрий Шлее билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари Ҳ.Ҳусанов, қўмита масъул ходимлари, Германиянинг «NAUE» компанияси раҳбари Юрий Шлее иштирок этишди. Йиғилишда асосий эътибор «NAUE» компанияси билан ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш, қаттиқ маиший чиқиндилар полигонларини (ҚМЧ) бошқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро стандартларга мос равишда замонавий ҚМЧ полигонлари, дренаж иншоотларини қуриш, компания хизматларини тақдимот қилиш, шунингдек, соҳа мутахассисларини ўқитиш масалаларини муҳокама қилишга қаратилди.

Учрашув аввалида қўмита раиси ўринбосари Ҳ.Ҳусанов меҳмонларни мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, жумладан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар, ушбу йўналишдаги мавжуд миллий қонунчилик билан қисқача таништириб ўтди. Шунингдек, у бугунги кунда республикада қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиш, саралаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш соҳасидаги фаолият, ушбу соҳани тартибга солиш ҳамда ривожлантириш борасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳам тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг, Ю.Шлее компания фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди. Ю.Шлее компания томонидан қурилган чиқинди полигонлари ва ҚМЧ полигонларидаги изоляция ишларида фойдаланиладиган махсус материалларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида сўз юритди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, компания томонидан ер майдонлари, дренаж иншоотлари, полигонлар, ҚМЧ қайта ишлаш қурилмалари, шу жумладан, газни қайта ишлаш ва қазиб олиш, суюқ чиқиндиларни локализация қилиш тизимлари, ўқув курслари ва ҳ.к.каби хизмат турлари кўрсатилади.

Хорижлик меҳмон учрашув иштирокчиларига «NAUE» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан намуналар тақдим қилди. Учрашув якунида хориж компанияси раҳбари Давлат экология қўмитаси ходимларини тажриба алмашиш учун Германияга таклиф қилди.


Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 




 


Полезные ресурсы