Контроль за соблюдением природоохранного законодательства в акционерном обществе «Аммофос Максам»
18.
07. 2019
18:52
6702
Новости

Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, ҳудудларнинг санитария ва экологик ҳолатини яхшилаш, чиқиндилар билан ишларни ривожлантириш мақсадида, Давлат экология қўмитасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш доирасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Тошкент вилояти республикада саноатлашган ҳудуд ҳисобланиб, бу вилоятда экологик ҳолат устидан давлат назоратини ҳамда атроф муҳитни ифлослантирувчи манбаларда мониторинг кузатувларини мунтазам олиб бориш талаб этилади, ҳамда Давлат экология қўмитаси олдида турган муҳим масалалардан бири ҳисобланади.

Ҳозирги кунда, вилоят ҳудудида 1.932 та объектлар фаолият юритиб, улардан 610 таси атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг юқори ва ўртача даражадаги хавфли объектларга тўғри келади. Қолган 1.322 таси эса таъсири паст ва маҳаллий даражадаги объектлар ҳисобланади.

Вилоятнинг йирик корхоналаридан бири ҳисобланган «Аммофос Максам» акциядорлик жамиятида ўтказилган жамоат эшитувида мазкур корхонанинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолияти  муҳокама қилинди.

 «Аммофос Максам» акциядорлик жамияти Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳрида 1969 йилда ишга туширилиб, саноат зонасининг 519,1405 гектар ер майдонида жойлашган, объект атроф муҳитга таъсир кўрсатиш фаолияти бўйича 1-тоифага мансуб.

Корхонада йилига 268.000 тоннадан зиёд қишлоқ хўжалиги минерал ўғитлар ишлаб чиқарилмоқда, бу албатта ўз навбатида ҳудуднинг атроф муҳитни ифлослантиришга ҳам ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшади.

Жамоат эшитувида Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ибратжон Каримов иштирок этиб,  «Аммофос Максам» акциядорлик жамиятида атроф муҳит қонунчилиги ижроси ҳолати устидан назорат ҳақида ўз фикр мулоҳазаларини билдирди.

Таъкидландики, корхонада атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи 74 та манбалардан йилига 2.888,07 тонна қаттиқ ва газсимон ифлослантирувчи моддалар ташланиши белгиланган.

Амалда 2018 йил якунида корхона фаолияти давомида атмосфера ҳавосига 1.356,3 тонна ифлослантирувчи моддалар ташланиб, ушбу кўрсаткич саноат корхоналари ўртасида Республика бўйича 0,15 %ни, вилоят бўйича эса 0,41 %ни, Олмалиқ шаҳри бўйича 1,07 %ни ташкил этмоқда.

Шу ўринда давлат статистика ҳисоботи кўрсаткичларида корхонадаги  ифлослантирувчи моддалар миқдори 2017 йилга нисбатан 2018 йилда 300 тоннага ёки 27,3 % ортганлиги қайд этилган.

2018 йил давомида, республика бўйича саноат корхоналарининг чанг-газ тозалаш ускуналарида атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддаларнинг ушлаб қолиниши 86,2 % ташкил этган бўлса, «AMMOFOS-MAXAM» АЖда эса 40 фоизигина ушлаб қолинган холос.

Корхона томонидан атроф муҳитни муҳофазасига йўналтирилган тадбирлари учун 2018 йилда 1 млрд. 160 млн. сўм атрофида маблағлар сарафланган бўлсада, унинг самараси етарли даражада эмаслигидан дарак бермоқда.

Таъкидлаш жоизки, корхона томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, 2019 йил учун тузилган атроф-муҳит муҳофазасига оид ташкилий-техникавий чора-тадбирларга асосан 2019 йил 1-ярим йилликда жами
3 млн.  428 минг АҚШ долл, 1 млн 528 минг 400 евро ва 4 млрд. 526 млн. 903 минг сўм маблағ сарафланган бўлиб, ушбу сарафланган маблағлар эвазига бажарилган тадбирлар 2019 йил якуни билан ўз самарасини беришига ишонч билдирилди.

Шу билан бир қаторда, «AMMOFOS-MAXAM» АЖнинг йирик экологик муаммолардан бир бу, йиллар давомида қарийб 269,5 гектар
ер майдонида тўпланиб қолган 71.808,2 минг.тонна фосфогипс чиқиндиси ҳисобланди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2019 йил 1 январь ҳолатига 216,2 минг.тонна фосфогипс чиқиндиси қайта ишланган, бу эса атиги 3% қайта ишланганлигини кўрсатмоқда.

2019 йил 6 ойлик ҳолатига 440,5 минг.тонна фосфогипс чиқиндиси ҳосил бўлган, шундан 83,4 минг.тонна, яъни  19 % фосфогипс чиқиндиси қайта ишланган холос.

Тошкент вилояти бошқармаси томонидан давлат экологик назоратини доимий равишда амалга ошириш жарёнида корхонада атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилаётган бўлсада, айрим йўналишларда камчиликлар ҳам мавжудлиги қайд этилмоқда.

Жумладан, 2018 йил 11 февраль куни фосфогипсни чиқариб ташлаш галереяси (транспортирока лентаси) қулаб тушиши оқибатида корхонада технологик авария  ҳолати содир бўлиб, бунинг натижасида 20 минг тонна фосфогипс чиқиндиси белгиланмаган жойларга жойлаштирилганлиги аниқланган.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш натижасида экологик вазиятни юмшатиш ва атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатишини олдини олиш мақсадида Давлат экология қўмитаси томонидан қуйидаги таклифлар билдирилди:

Жамиятдаги 10 йилдан зиёд фойдаланилган маънан эскирган чанг-газ тозалаш ускуналарини (ЧГТУ) техник жиҳатида таъмирлашга кетаёган сарф ҳаражатларни олдини олиш мақсадида, янги чанг газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш масаласини кўриш;

5 йилдан ортиқ муддатда фойдаланилган чанг-газ тозалаш қурилмаларини капитал ва доимий равишда жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш;

йиллар давомида тўпланган фосфогипс чиқиндисини  қайта ишлашга замонавий технологиялар тадбиқ қилиш мақсадида, ҳорижий    инвесторларни жалб қилиш орқали, чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини ошириш;

ифлослантируви моддалар ва оқава сувлар манбаларини узлуксиз автоматик кузатиш тизимини жорий этиш;

атроф табиий муҳитга ва аҳоли саломатлигига етказилиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олиш мақсадида жамиятда ҳосил бўладиган ишлаб чиқариш оқава сувларини шаҳар канализация тармоғига ташлаш жойида сув таркибини аниқлаш мақсадида доимий лаборатория тахлили ўтказиб бориш ва тахлил натижасида аниқланган ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўриш.

Полезные ресурсы